Қозоғистонда чет элликлар учун мамлакатга киришга пуллик рухсатнома жорий этиш режалаштирилмоқда

savingurals.com сайти фотосурати

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга Қозоғистонга кириш учун пуллик электрон рухсатномалар бериш режалаштирилмоқда. Тегишли қарор лойиҳасини республика Ички ишлар вазирлиги ишлаб чиққан. Унинг қисқача тавсифи «Очиқ НҲА» порталида эълон қилинган, бироқ ҳужжатнинг ўзи ҳозирча жойлаштирилмаган.

Лойиҳада мамлакатга кириш учун электрон рухсатномани расмийлаштириш учун тўлов жорий этиш назарда тутилган. Тўлов миқдори ва янги қоидалар қайси тоифадаги чет эл фуқароларига татбиқ этилиши ҳозирча очиқланмаган.

Тушунтириш хатида қайд этилишича, мазкур тизим миграция оқимларини янада шаффоф ва тезкор ҳисобга олишни таъминлаши керак. Тушадиган маблағлар хизматни техник қўллаб-қувватлаш, рақамли инфратузилмани модернизация қилиш ва шахсий маълумотларни ҳимоя қилишга йўналтирилиши режалаштирилмоқда.

Тизимни жорий этиш 2026 йил августидан декабригача босқичма-босқич амалга оширилиши режалаштирилган. Эълон қилинган қисқача лойиҳа 17 августгача жамоатчилик муҳокамасида бўлади.

Бу ташаббус ҳукуматнинг миграция назоратини кучайтириш сиёсати фонида илгари сурилмоқда. Ўтган йил июль ойи охирида Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Хавфсизлик кенгаши йиғилишида миграция сиёсатини замонавий геосиёсий шароитлар, демографик чақириқлар ва янги миграция тенденцияларига мослаштириш бўйича топшириқ берган эди. У ноқонуний миграциянинг олдини олиш чораларини кучайтириш, тегишли давлат органлари вазифаларини қайта кўриб чиқиш ва ушбу соҳадаги ахборот тизимларини тўлиқ интеграция қилишни талаб қилган. Йиғилиш якунлари бўйича давлат раҳбари миграция оқимларини ҳисобга олиш ва назорат қилиш учун рақамли ечимлар самарадорлигини оширишни ҳам топширган.

Ҳозирги вақтда 50 дан ортиқ давлат фуқаролари Қозоғистонга визасиз кириши мумкин. Визасиз тартиб, жумладан, МДҲ мамлакатлари фуқаролари, шунингдек, Европа Иттифоқининг айрим давлатлари фуқаролари учун қисқа муддатли сафарлар чоғида амал қилади.

  • Япония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади

  • Россия матбуоти «нато» снарядлари туфайли Қозоғистонга ҳужум қила бошлади

  • Марказий Осиё республикаларининг Япония билан яқинлашувида кўз илғамас масалалар бор

  • YouTubeда тинчлик даврида ҳалок бўлган қозоғистонлик аскарлар ҳақида фильм эълон қилинди