Остонада йўловчи иштирокида илк бор учувчисиз аэротакси синовдан ўтказилди

gov.kz сайти фотосурати

Остонада Қозоғистон тарихида илк бор учувчисиз аэротакси синовдан ўтказилди. Бу ҳақда республика Транспорт вазирлиги маълум қилди.

Синов парвози пойтахтда махсус ажратилган ҳудудда халқаро «Келажак ўйинлари — 2026» турнири доирасида ўтказилди. Парвозда EH216-S русумли учувчисиз йўловчи ҳаво кемаси одам билан бирга иштирок этди.

EH216-S — бу икки нафар йўловчини ташишга мўлжалланган, вертикал учиш ва қўниш имкониятига эга (eVTOL) серияли электр учиш аппарати ҳисобланади. Унинг максимал тезлиги соатига 130 километрга етади, парвоз масофаси эса 35 километргача бўлиши мумкин.

Дастлабки босқичда ҳукумат Қозоғистоннинг табиий, маданий ва тарихий диққатга сазовор жойлари устида давомийлиги 5 дақиқадан 30 дақиқагача бўлган намойиш ва сайёҳлик йўналишларини йўлга қўйиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Келажакда учувчисиз йўловчи ҳаво аппаратлари мамлакат транспорт инфратузилмасининг бир қисмига айланиши мумкин.

Йўловчиларни ташишдан ташқари, бундай ҳаво тизимларидан тезкор тиббий ёрдам кўрсатиш, дори-дармонларни етказиб бериш, ёнғинларни ўчириш, логистика ва тезкорлик муҳим бўлган бошқа операцияларда фойдаланиш режалаштирилмоқда.

Лойиҳа доирасида халқаро ҳамкорлик асосида Қозоғистонда йўловчи ташувчи учувчисиз аппаратлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳам кўзда тутилган.

Кутилишича, бу юқори технологияли машинасозликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва саноат кооперациясини кенгайтириш имконини беради. Вазирлик лойиҳанинг тафсилотлари, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш муддатлари ва инвестициялар ҳажмини маълум қилмаган.

Шу билан бирга, вазирлик «шаҳар ҳаво ҳаракатчанлиги»ни жорий этиш учун меъёрий-ҳуқуқий базани яратаётганини таъкидлаган. Ҳозирга қадар eVTOL ҳаво кемаларидан фойдаланиш, вертипортлар фаолияти ва учувчисиз ҳаво ҳаракатини бошқариш тизимини тартибга солувчи қонунчиликка тегишли ўзгартишлар қабул қилинган.

Ўтган кузда Қозоғистон янги Алатау шаҳрида аэротакси хизматини йўлга қўйиш учун қарийб 300 миллион долларлик eVTOL электр самолётларини харид қилиши ҳақида хабар берилган эди. Тегишли меморандум Вашингтонда Қозоғистон Транспорт вазирлиги, электр самолётлар ишлаб чиқарувчиси — АҚШнинг Joby Aviation компанияси, ҳаво таксиси оператори сифатида иштирок этадиган хусусий Alatau Advance Air Group компанияси ҳамда тадбиркор Вячеслав Ким томонидан имзоланган. Вячеслав Ким Forbes рейтинги бўйича 7,1 миллиард долларлик бойлиги билан Қозоғистоннинг энг бой инсонлари рўйхатида биринчи ўринни эгаллайди.