Қозоғистон КҚКдаги узилишлар фонида Хитойга нефть экспортини оширди

kaztransoil.kz сайти фотосурати

Қозоғистон июль ойида Каспий қувурлари консорциуми (КҚК) фаолиятидаги узилишлар фонида нефть экспорти оқимларининг бир қисмини қайта тақсимлади. Бу ҳақда республика Энергетика вазирлиги «Интерфакс» агентлигига маълум қилди.

Вазирлик маълумотларига кўра, нефть ҳажмининг бир қисми бошқа амалдаги йўналишларга йўналтирилган. Жумладан, Атирау — Самара йўналиши бўйича нефть ташиш ҳажми ошган, шунингдек, Хитойга етказиб берилаётган нефть ҳажми ҳам кўпайган. Қолган йўналишларда ташиш ҳажми ўртача режавий кўрсаткичлар даражасида сақланиб қолган.

Экспорт оқимларининг қайта тақсимланиши Новороссийск яқинидаги КҚК денгиз терминали ҳудудида танкерларга бир қатор дронлар ҳужум қилгани фонида юз берди.

17 июлдан 20 июлгача бўлган даврда NELSA, ASIA, NISSOS IOS ва Nordic Zenith танкерларига ҳужумлар қилинди. 20 июль куни КҚК денгиз терминалида нефть юклаш ишлари тўхтатилганини, кейинроқ эса қувурлар тизимига хомашё қабул қилиш вақтинча тўхтатилганини маълум қилди. Узилишлар туфайли Қозоғистон нефть қазиб олиш ҳажмини қисқартиришга мажбур бўлди.

27 июль куни Қозоғистон Энергетика вазирлиги Тенгиз — Новороссийск йўналиши бўйича нефть ташиш қайта тикланганини маълум қилди. Бироқ, 30 июль куни Маршалл ороллари байроғи остидаги NISSOS SIFNOS танкерига ҳужум қилинганидан сўнг КҚК яна нефть юклашни тўхтатди. Нефть юклаш вақтида кема ёнғинга дуч келди. Юк жўнатувчи «Тенгизшевройл» бўлиб, у Тенгиз кони оператори ва Chevron иштирокидаги қўшма корхона ҳисобланади.

Шу куни терминалдан тахминан олти денгиз мили узоқликда нефть юклаш учун йўл олган Мэн ороли байроғи остидаги MARATHI танкерига ҳам ҳужум қилинди.

Каспий қувурлари консорциуми Қозоғистоннинг йирик Тенгиз, Қашаган ва Қарачиғаноқ конларидан нефть ташийди. Қозоғистон нефти экспортининг 80 фоиздан ортиғи ушбу йўналиш орқали амалга оширилади.

Ўтган ҳафта Bloomberg ўз манбаларига таяниб, Украина АҚШ вакиллари билан ўтказилган музокаралардан сўнг КҚК инфратузилмасига ҳужумларни тўхтатиш мажбуриятини олганини хабар қилди. Бироқ, Киев бундай келишув мавжудлигини оммавий равишда тасдиқламади.

2025 йилда КҚК тизими орқали қарийб 70,5 миллион тонна нефть ташилган, 2026 йил учун прогноз эса 72 миллион тоннани ташкил этганди. Ҳажмнинг 75 фоиздан ортиғи хорижий юк жўнатувчилар ҳиссасига тўғри келади. Улар орасида Chevron, ExxonMobil, «ҚазМунайГаз», Eni ва Shell бор.

  • Марказий Осиё мамлакатларига МҲО хавфи борми?

  • Япония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади

  • Россия матбуоти «нато» снарядлари туфайли Қозоғистонга ҳужум қила бошлади

  • Марказий Осиё республикаларининг Япония билан яқинлашувида кўз илғамас масалалар бор