Мирзиёев Ўзбекистон фуқаролари ҳалок бўлгани муносабати билан Нижнекамск шаҳрига ишчи гуруҳ юборди

Дрон келиб урилган хостел. Татаристон раҳбари матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат ҳукуматига Россиянинг Нижнекамск шаҳрига Украина дронлари ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган ва жароҳатланган ватандошларга ёрдам кўрсатиш бўйича комиссия тузишни топширди. Шунингдек, ҳодиса жойига махсус ишчи гуруҳ шакллантирилиб, у ерга юборилди. Бу ҳақда Марказий Осиё республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

ФВВ аниқлик киритишича, 10 август куни эрталаб Нижнекамск шаҳрига учувчисиз аппаратлар ҳужуми оқибатида саккиз нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлган. Уларнинг барчаси қурилиш соҳасида ишлаган. Шунингдек, яна бир неча республика фуқароси жабрланганлар рўйхатига киритилган — улар турли даражадаги жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган.

Аввалроқ Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси етти нафар фуқаро ҳалок бўлганини маълум қилган эди, бироқ кейинчалик янгиланган маълумотлар пайдо бўлди.

Ҳодисани ўрганиш бўйича ҳукумат комиссиясига Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Ачилбай Раматов раҳбарлик қилади. Россияга юборилган ишчи гуруҳ таркибига Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Миграция агентлиги ва бошқа идоралар вакиллари киритилди. Масъулларга жабрланган ватандошларнинг аҳволи ҳақида маълумотларни аниқлаш, ҳалок бўлганларнинг жасадларини Ватанга олиб келишни ташкил этиш ҳамда уларнинг оилаларига ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш вазифаси юклатилди.

Айни пайтда Тожикистон расмийлари ўз фуқароларидан бир нафари ҳалок бўлганини тасдиқлади. У Сўғд вилоятида туғилган 30 ёшли Рамазонали Басиров бўлган. Ҳозирда муҳожирнинг жасадини Ватанга олиб келиш учун зарур ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда. Дипломатик ваколатхона ходимлари, шунингдек, жабрланган тожикистонликлар орасида ҳеч ким йўқлигини маълум қилди.

Россиялик терговчиларнинг маълумотларига кўра, дрон ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган 13 кишидан энг кўпи — тўққиз нафари Нижнекамскнинг саноат ҳудудида жойлашган хостелда қайд этилган. Дронлардан бирининг зарбаси бевосита мазкур турар жой объектига теккан. Кейинчалик Россия Ташқи ишлар вазирлиги 20 га яқин чет эл фуқароси жароҳат олганини маълум қилди.

Татаристон раиси Рустам Минниханов Украина учувчисиз аппаратларининг Нижнекамск шаҳрига ҳужуми оқибатида Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари ҳалок бўлгани муносабати билан ушбу давлатлар президентлари — Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмонга ҳамдардлик билдирди. Минниханов ҳалок бўлганлар ва жабрланганларнинг оилаларига барча зарур ёрдам кўрсатилишини таъкидлади.

Минниханов, шунингдек, жабрланганларни зиёрат қилди ва уларга тезроқ соғайиб кетишларини тилади. Шифокорларнинг маълум қилишича, беморларнинг аксариятида қўл-оёқларда енгил даражадаги парча жароҳатлари аниқланган. Шифохонага ётқизилган барча беморларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилиб, яраларга дастлабки жарроҳлик ишлови берилган.

ℹ️ Нижнекамск шаҳрига дронлар ҳужуми 10 август куни содир этилди. Ҳужум оқибатида 13 киши, жумладан, Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари ҳалок бўлди. 78 киши жароҳат олган, улардан 25 нафари шифохонага ётқизилган. 10 август куни Татаристонда мотам эълон қилинди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ