Тожикистон ҳукумати Афғонистон ҳукуматига республика ҳаво ҳудудининг бузилиши, уй-жойларга зарар етказилиши ва Тоғли Бадахшон мухтор вилояти (ТБМВ) Дарвоз туманида истиқомат қилувчи аёлнинг ҳалок бўлиши муносабати билан норозилик нотасини юборди. Бу ҳақда Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигининг Ахборот ва матбуот бошқармасига таяниб, «Азия-Плюс» хабар берди.
Ҳодиса 13 август куни тахминан соат 18:40 да содир бўлган. Ҳодиса вақтида Даштак қишлоғида яшовчи 21 ёшли Жасмина Ширинжон ўз уйида бўлган. Деразадан кириб келган ўқ унинг жигар соҳасига теккан. Жасминани марказий туман касалхонасига олиб кетишган, аммо йўлда у вафот этган. Аёлнинг вояга етмаган фарзанди қолган; манбага кўра, у ҳомиладор ҳам бўлган.
14 август куни эрталаб Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Дарвоз тумани раиси билан телефон орқали суҳбат чоғида ҳалок бўлган аёлнинг оиласига таъзия билдирган ва унга моддий ҳамда маънавий ёрдам кўрсатишни топширган.
Тожикистон фуқаросининг ҳалок бўлиши Афғонистоннинг Бадахшон вилоятидаги қуролли тўқнашувлар фонида содир бўлди. Бу тўқнашувлар Тожикистоннинг чегараолди ҳудудлари хавфсизлигига таҳдид юзага келтирган. Норозилик нотасида Тожикистон Афғонистон томонидан содир бўлган воқеага жиддий муносабатда бўлиш, халқаро ҳуқуқ нормалари ва давлат чегарасининг дахлсизлигига риоя қилиш, шунингдек, бундай ҳодисалар такрорланишининг олдини олиш чораларини кўришни талаб қилган.
Аввалроқ «Фарғона» Афғонистонда ҳокимиятни бошқараётган «Толибон»* ҳаракати қуролли мухолифат фаоллигининг кескин кучайиши фонида Бадахшон вилоятида кенг кўламли ҳарбий операция ўтказишни режалаштираётгани ҳақида хабар берган эди. 11 августдан бошлаб Тожикистоннинг Дарвоз тумани рўпарасида жойлашган Бадахшон вилоятининг Нусай туманида толиблар ва нуфузли қўмондон Жумахон Фатҳ тарафдорлари ўртасида қуролли тўқнашувлар содир бўлмоқда. Afghanistan International маълумотига кўра, 13 август куни «Толибон» вертолётлари Жисанг ҳудудида Фатҳ кучлари позицияларига зарбалар берган. Шунингдек, Қундуз, Балх ва Кобулдан қўшимча кучлар олиб келингани ҳақида хабарлар тарқалган.
*Кўпгина мамлакатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот



