Тошкентда афсонавий боксчи Руфат Рисқиев вафот этди

Руфат Рисқиев. Ўзбекистон МОҚ сайти фотосурати

Тошкентда 77 ёшида жаҳон чемпиони ва Олимпиада ўйинларининг кумуш медали совриндори Руфат Рисқиев вафот этди. Спортчининг вафоти ҳақида 15 август куни Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси хабар берди.

«Тошкент йўлбарси» деб аталган Рисқиев жаҳон чемпионатида ғолиб бўлган биринчи ўзбекистонлик боксчи ҳисобланади. 1974 йилда Гаванада ўтказилган ҳаваскор боксчилар ўртасида тарихдаги биринчи жаҳон чемпионатида у 75 килограммгача бўлган вазн тоифасида олтин медални қўлга киритган.

1976 йилги Монреаль Олимпиадасида Рисқиев СССР терма жамоаси таркибида иштирок этган. У финалгача етиб борган ягона совет боксчиси бўлади ва финалда америкалик Майкл Спинксга мағлуб бўлиб, кумуш медални қўлга киритганди.

Руфат Рисқиев 1949 йил 2 октябрда Тошкент вилояти Оққўрғон шаҳрида туғилган. У 12 ёшида бокс билан шуғуллана бошлаган. 1972, 1974, 1975 ва 1976 йилларда тўрт марта СССР чемпиони бўлган. Жами 189 та жанг ўтказиб, 174 тасида ғалаба қозонган.

Спортчилик фаолиятини якунлагач, Рисқиев мураббий бўлиб ишлаган, Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси вице-президенти лавозимида фаолият юритган. Шунингдек, «Рингга чақирилади...» бадиий фильмида бош ролни ижро этган.

Спортчига СССРда хизмат кўрсатган спорт устаси унвони ва Ўзбекистоннинг давлат мукофотлари берилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ