Тожик-афғон чегарасидаги қуролли тўқнашув натижасида икки нафар афғонистонлик контрабандачи йўқ қилинди. Бу ҳақда Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) маълумотларига таяниб, «Азия-Плюс» нашри хабар берди.
Ҳодиса Жайҳун тумани Панж қишлоқ жамоасининг Фатҳобод чегара ҳудудида содир бўлган. Афғонистоннинг Тахор вилояти Имом-Соҳиб тумани Барзанги қишлоғида туғилган икки нафар фуқаро Тожикистон ҳудудига ноқонуний равишда кирган. Куч ишлатар тузилмалари ходимлари қоидабузарлардан таслим бўлишни талаб қилган, бироқ улар талабни бажармай, қуролли қаршилик кўрсатган. Натижада ҳар икки контрабандачи ўлдирилган.
Чегарадаги тўқнашув айнан қачон содир бўлгани идора томонидан аниқлаштирилмаган.
Ҳодиса жойидан Калашников автомати, Макаров пистолети, 17 килограмм гашиш солинган икки рюкзак, шунингдек, бошқа буюмлар топилиб, мусодара қилинган. Мазкур ҳолат юзасидан бир нечта модда бўйича жиноий ишлар қўзғатилган. Улар қаторига ўта йирик миқдорда гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи, контрабанда, ноқонуний миграцияни ташкил этиш ва ўқотар қуролларни ноқонуний муомалага киритиш каби жиноятлар киради. Тергов давом этмоқда.
Тожик-афғон чегараси гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмаси нуқтаи назаридан Марказий Осиёдаги энг кескин ҳудудлардан бири бўлиб қолмоқда. Тожикистон Наркотикларни назорат қилиш агентлиги маълумотларига кўра, жорий йилнинг дастлабки олти ойида афғонистонлик контрабандачилар билан содир бўлган еттита қуролли тўқнашув натижасида Афғонистоннинг 17 нафар фуқароси ўлдирилган. Шу даврда қўшни давлатнинг 18 нафар фуқаросидан 601 килограмм гиёҳвандлик воситаси мусодара қилинган.
Умуман, йилнинг биринчи ярмида Тожикистоннинг Афғонистон билан чегарасида 1513 килограмм гиёҳвандлик воситаси мусодара қилинган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 179 килограммга кам. Республика бўйича олти ой давомида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан жами 2963 килограмм гиёҳвандлик воситаси мусодара қилинган — бу 2025 йилдаги кўрсаткичдан 143 килограмм, яъни 5 фоизга кам.



