Ўзбекистонда янги нафақага чиққанларнинг қарийб учдан икки қисми тўлиқ меҳнат стажига эга бўлмаган

Ўзбекистонда пенсия ёшига етган аҳолининг қарийб учдан икки қисми тўлиқ пенсия олиш учун зарур бўлган тўлиқ меҳнат стажига эга бўлмаган. Бу ҳақда Пенсия жамғармасининг расмий Telegram канали хабар берилди.

Жамғарма маълумотларига кўра, 2010 йилда янги пенсияга чиққанлар орасида тўлиқ меҳнат стажига эга бўлмаганлар улуши 6 фоизни ташкил этган. 2025 йилга келиб эса бу кўрсаткич 61 фоизга етган.

Пенсия олувчиларнинг умумий таркибида ҳам бундай фуқаролар улуши сезиларли даражада ошган. Агар 2010 йилда бу кўрсаткич 3 фоиз бўлган бўлса, 2025 йилда 39 фоизга етган.

Амалдаги қонунчилик тўлиқ пенсия тайинлаш учун аниқ талабларни белгилаган. Эркаклар 60 ёшга тўлганда камида 25 йиллик меҳнат стажига, аёллар эса 55 ёшга тўлганда камида 20 йиллик меҳнат стажига эга бўлиши керак. Белгиланган минимал стажга етмаган фуқароларга пенсия мавжуд меҳнат стажига мутаносиб равишда тайинланади.

Жамғармадаги маълумотларга кўра, юзага келган вазиятнинг асосий сабаблари қуйидагилар:

▪️ норасмий ишлаш;

▪️ иш ҳақини «конвертда» олиш;

▪️ ижтимоий солиқни тўламаслиги;

▪️ вақтинча ишсиз қолиш;

▪️ меҳнат фаолиятини тасдиқловчи ҳужжатларни архивга топширмаслик.

Идора таъкидлашича, норасмий бандлик нафақат бугунги даромадга, балки келажакдаги пенсия миқдорига ҳам таъсир қилади. Пенсия миқдори бевосита расмий меҳнат стажи, иш ҳақи ва тўланган ижтимоий солиқ миқдорига боғлиқ. Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда пенсия олувчиларнинг 47 фоизи 820 минг сўмдан ($68) 1 миллион сўмгача ($83) миқдорда пенсия олади.

Жамғарма маълумотларига кўра, 2026 йил 1 июль ҳолатига мамлакатда пенсия олувчилар сони 4 361 432 нафарга етган. Пенсиянинг ўртача миқдори 1 688 061 сўмни ($140) ташкил этган.

Ёшга доир пенсияни 3,6 миллион киши олади, бу барча пенсия олувчиларнинг 83 фоизини ташкил этади. Ногиронлик пенсиясини 482 200 киши ёки 11 фоиз олади. Йилнинг олти ойи давомида мамлакатда 154 180 нафар янги пенсия олувчи шахс рўйхатга олинган.

  • Тошкентда «Рассом ва табиат» XL юбилей кўргазмаси бўлиб ўтди

  • Нима учун Ўзбекистон яна бир бор газ тақчиллигига дуч келгани ва яна бир бор ёқилғи қуйиш шохобчалари фаолиятини чеклагани ҳақида

  • Япония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади

  • Марказий Осиё республикаларининг Япония билан яқинлашувида кўз илғамас масалалар бор