25 август куни Қирғизистонда Корумду чўққисидан ҳалок бўлган икки альпинистнинг жасади туширилди. Бу ҳақда 24.kg хабар берди.
Қидирув-қутқарув гуруҳи раҳбари, беларуслик альпинист Александр Смирновнинг маълум қилишича, жасадлар Сари-Тош қишлоғига олиб тушилган, кечқурун эса Ош шаҳрига етказилади. У ерда ҳалок бўлганларнинг шахси аниқланади. Учинчи альпинистни қидириш ишлари давом этмоқда.
Аввалроқ хабар берилганидек, хорижлик уч альпинист — Беларусь фуқаролари Максим Полянский ва Николай Свиридов, шунингдек, Литва фуқароси Сергей Рубцов — 2 август куни Корумду чўққисига кўтарилган. Улар 4 август куни базавий лагерга қайтишни бошлаши керак эди, аммо белгиланган вақтда улар билан алоқа ўрнатилмаган.
Шундан сўнг Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва кўнгиллилар қидирув ишларини бошлаган. Кўп ўтмай қутқарувчилар альпинистларга тегишли рюкзак, ухлаш халтаси, пойабзал ва арқон билан бир-бирига уланган бошқа шахсий буюмларни топишган. Бу альпинистлар бир арқон тизимида ҳаракатланганини англатади.
16 август куни қидирувчилар дрондан олинган тасвирларда йўқолган хорижликларга тегишли бўлиши мумкин бўлган жасадлар аниқланганини маълум қилди. Бироқ, мураккаб шароит туфайли қидирув ишлари вақтинча тўхтатилган.
21 август куни Қирғизистон Альпинизм федерацияси раҳбари ва Туризм давлат агентлиги раҳбари Эдуард Кубатов Корумду дараси тубида учта жасад аниқланганини маълум қилди.
«Катта эҳтимол билан, булар Беларусь ва Литвадан келган альпинистларнинг жасадлари. Шахсини тасдиқлаш ва кейин Ошга олиб бориш учун об-ҳавонинг барқарорлашишини кутяпмиз. Бу анча мураккаб иш, чунки ҳозир тоғларда шароит беқарор ва альпинизм мавсуми якунланган», — деди Кубатов.
6613 метр баландликдаги Корумду чўққиси Чўнг-Олой тизмасида жойлашган бўлиб, Қирғизистон, Тожикистон ва Хитой чегарасида жойлашган тоғ чўққисидир. Тоғ массиви тор тизмалар, ўткир қояли чўққилар ва тик қияликлардан тушиб келувчи музликлар билан ажралиб туради.
Корумду чўққисига кўтарилиш энг юқори мураккаблик тоифасига киради. 2001 йилга қадар турли давлатлардан келган экспедициялар ушбу чўққига бир неча бор чиқишга уринган, аммо муваффақиятсизликка учраган. Чўққига биринчи тасдиқланган кўтарилишни 2001 йил 12 октябрь куни Қирғизистонлик альпинистлар жамоаси амалга оширган.
«Икки сутка давом этган қулоқни қоматга келтирувчи гумбурлашдан сўнг бирдан сукут чўкди. Бошимиз узра бирорта ҳам булутсиз кўк-қора осмон, атрофда эса ҳайратланарли манзара: ғарб ва жануби-ғарбий томонда — Ленин, Коммунизм, Корженев чўққилари. Шарқда, рўпарамизда — Заря Востока чўққиси, жануброқда эса қўнғир-сариқ чўлдан тик кўтарилиб турган Хитойнинг икки улкан чўққиси — Конгур-Тоғ ва Мустоғ-Ота», — деб кейинчалик кўтарилиш иштирокчиларидан бири Михаил Михайлов сўзлаб берганди.



