Олмаотадаги тергов ҳибсхонасида сақланаётган собиқ православ руҳонийси Иаков Воронцов унга тиббий ёрдам кўрсатилмаётганини маълум қилди. Бу ҳақда унинг 17 август куни дўстига йўллаган мактубида айтилган, дея хабар беради Қозоғистон Халқаро инсон ҳуқуқлари ва қонунийликка риоя этиш бюроси (ҚИХҚБ).
Воронцовнинг сўзларига кўра, унда оёқнинг сурункали касаллиги — трофик яра ва посттромбофлебит хуруж қилган. Кучли оғриқ сабабли у ухлай олмаган ва тергов ҳибсхонаси тиббий хизмати ходимларига бир неча бор мурожаат қилган. Бироқ, руҳонийнинг таъкидлашича, унга ёрдам кўрсатилмаган.
«Оёғим қаттиқ оғрияпти, оғриқ туфайли ухлай олмаяпман. Шифокорларга мурожаат қиляпман. Ҳеч қандай муносабат йўқ. Ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмаяпти. Бу масала юзасидан шикоят ёздим. Аммо натижа бўлмади (…) Менга флеболог кўригидан зудлик билан ўтиш ва даволаниш керак», — деб ёзади Воронцов.
▶️ Иаков Воронцов — Украинадаги урушга қарши чиққан ва РПЧдан мустақил православ черковини ташкил этиш тарафдори бўлган собиқ православ руҳонийси. У 13 февраль куни тунги пайтда қўлга олинган. Олмаота маъмурий суди уни наркотик воситаларни тиббий мақсадларсиз истеъмол қилганликда айбдор деб топиб, 10 суткага қамоқ жазосини тайинлаган. Кейинчалик руҳонийга наркотик моддалар истеъмол қилинадиган масканни сақлаш ва наркотикларни сотиш мақсадисиз сақлаш билан боғлиқ моддалар бўйича айбловлар қўйилган. 25 февраль куни тергов суди уни яна қамоққа олган. Иаков ота ўзига қўйилган барча айбловларни рад этган ва ишни сохталаштирилган деб атаган.
13 май куни терговчи Воронцовга нисбатан эҳтиёт чорасини ўзгартириб, уни ихтисослаштирилган психиатрия муассасасига жойлаштириш ҳақида илтимоснома киритган. Унинг адвокати Галим Нурпеисовнинг сўзларига кўра, ҳимоя томони психиатрия экспертизасидан ўтказишдан бош тортган, аммо Воронцов барибир мажбурий даволанишга юборилган. Унинг психиатрия шифохонасидан тергов ҳибсхонасига қайтарилгани ҳақида 13 июль куни маълум бўлди.
«Шифокорлар унда ҳеч қандай руҳий бузилиш аниқламади ва соғлом инсонни алламбало касалликдан даволашдан бош тортди», — дея ўшанда ҚИХҚБ.
Айни пайтда Воронцов иши бўйича тергов якунланган. Яқин вақт ичида суд муҳокамаси бошланиши кутилмоқда.



