Бишкекда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)нинг юбилей саммити якунлари бўйича 28 та ҳужжат имзоланди. Бу ҳақда Қирғизистон президенти матбуот хизмати хабар берди.
Саммит 1 сентябрь куни Бишкек шаҳрида Қирғизистон Республикаси президенти Садир Жапаров раислигида бўлиб ўтди. Унинг таъкидлашича, бугунги кунда ШҲТга аъзо давлатлар сайёра аҳолисининг 40 фоиздан ортиғини бирлаштиради ва жаҳон ялпи ички маҳсулотининг қарийб чорак қисмини таъминлайди. Россия президенти Владимир Путиннинг фикрича, ташкилот кўлами янада катта: у ШҲТга аъзо мамлакатларда дунё аҳолисининг қарийб ярми истиқомат қилиши ва глобал ялпи маҳсулотнинг учдан биридан кўпроғи яратилишини қайд этди.
Айни пайтда ШҲТ таркибига ўнта давлат — Беларусь, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон киради. Саммитда ташкилотга аъзо барча давлатлар раҳбарлари иштирок этди. Улар янги хавфсизлик марказларини ташкил этиш, гиёҳвандликка қарши ҳамкорликни кенгайтириш, рақамлаштириш, экология ва логистика масалаларини муҳокама қилдилар.
Саммитнинг асосий сиёсий ҳужжати ШҲТнинг 25 йиллигига бағишланган Бишкек декларацияси бўлди. Ундан ташқари, давлат раҳбарлари 2002 йил 7 июнда қабул қилинган ШҲТ Хартиясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги протоколни тасдиқладилар.
Имзоланган ҳужжатлар пакетидан, шунингдек, қуйидагилар ўрин олди:
▪️ ШҲТга аъзо давлатларнинг хавфсизлигига таҳдид ва чақириқларга қарши курашиш бўйича Универсал марказ тўғрисидаги низом;
▪️ Ташкилотнинг Гиёҳвандликка қарши кураш маркази Ижроия қўмитаси тўғрисидаги низом. Унинг тузилмасига Бишкекда очиладиган Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш маркази киради;
▪️ гиёҳвандликка қарши курашиш бўйича иккита дастур. Улардан бири 2030 йилгача мўлжалланган бўлиб, наркотикларга қарамликка қарши курашишга қаратилган, иккинчиси эса 2030 йилгача синтетик наркотиклар ва уларнинг прекурсорлари тарқалишига қарши чораларни мувофиқлаштиришни назарда тутади;
▪️ 2026–2028 йилларга мўлжалланган ШҲТ давлатларининг халқаро ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳамкорлик режаси;
▪️ 2026–2030 йилларга мўлжалланган ШҲТ мамлакатлари портлари ва логистика марказларини ривожлантириш бўйича ҳаракатлар режаси ва бошқа ҳужжатлар.
Саммит давомида Қирғизистон ташкилотдаги раисликни Покистонга топширди.
ℹ️ Шанхай ҳамкорлик ташкилоти 2001 йил июнь ойида ташкил этилган бўлиб, ўша пайтда Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон раҳбарлари тегишли декларацияни имзолаган. 2026 йилга келиб ШҲТ аъзолари сони ўнтага етди. Ташкилотда Афғонистон ва Мўғулистон кузатувчи давлатлар ҳисобланади. ШҲТнинг мулоқот бўйича ҳамкор мақомига 15 та давлат эга: Озарбайжон, Арманистон, Баҳрайн, Миср, Камбоджа, Қатар, Қувайт, Лаос, Мальдив ороллари, Мьянма, Непал, БАА, Саудия Арабистони, Туркия ва Шри-Ланка.



