Ҳиндистон Бош вазири Моди Путин билан учрашувда Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш тарафдори эканини маълум қилди

Нарендра Моди ва Владимир Путин. kremlin.ru сайти фотосурати

Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди Россия президенти Владимир Путин билан учрашувда Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш тарафдори эканини билдирди. Бу ҳақда Kremlin.ru сайтида эълон қилинган учрашув стенограммасидан маълум бўлди.

Моди Украина масаласини Путин билан мунтазам муҳокама қилиб келишини ва Ҳиндистон бу йўналишдаги барча тинчликпарвар саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

«Уруш давом этган ҳар бир кун инсониятни, аслида, бир қадам ортга суради, тинчлик сари ташланган ҳар бир қадам эса бутун инсониятга тинчликка эришиш учун ҳақиқий умид беради. Биз чексиз урушдан урушни тугатиш, ҳарбий ҳаракатларни якунлаш сари ўтишимиз зарур. Биз айнан шу йўналишда ҳаракат қилишимиз керак. Бу бутун инсоният учун жуда муҳим», — дея таъкидлади Моди.

У барча муаммолар тинч йўл билан ҳал қилиниши лозимлигини қўшимча қилди.

«Биз ҳам айнан шу йўлдан бормоқдамиз», — деди Путин ва Модига миннатдорчилик билдирди.

Ҳиндистон Бош вазири мазкур масалаларни муҳокама қилишни таклиф қилди ва Россия президентининг сентябрь ойида БРИКС саммитида иштирок этиш учун Нью-Деҳлига бўлажак ташрифидан кутаётган натижалари билан ўртоқлашди.

Путин ва Моди 31 август куни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилиши доирасида учрашдилар.

Путин эртаси куни саммитда сўзга чиқиб, қуролли можароларни келтириб чиқаришга йўл қўймасликка чақирди.

«Бугун, 1 сентябрь — Иккинчи жаҳон уруши бошланган кун. Биз дунё амалиётидан қуролли можароларни келтириб чиқаришга қаратилган ҳар қандай ҳаракатларни истисно қилиш учун барча чораларни кўришимиз керак. Ишонаманки, бизнинг фаолиятимиз айнан шу мақсадга хизмат қилмоқда», — деди Россия президенти.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ