Туркманистон илк бор эскириб қолган нефть-газ объектларидаги йирик миқёсли метан сизиб чиқиш ҳолатларини бартараф этишга киришди ва ҳозирга қадар саккизта ҳолатни бартараф этди. Бу ҳақда The Guardian нашри БМТнинг Атроф-муҳит дастури (ЮНЕП) маълумотларига таяниб хабар берди.
ЮНЕП ҳузурида ташкил этилган Метан ҳақида огоҳлантириш ва чора кўриш тизими (MARS) маълумотларига кўра, сўнгги бир йилда Туркманистонга метан чиқиндилари бўйича 192 та огоҳлантириш юборилган. MARS томонидан аниқланган дунёдаги энг жиддий олтита сизиб чиқиш ҳолатининг учтаси ва энг йирик 50 та ҳолатнинг тўққизтаси Туркманистон ҳиссасига тўғри келади. Ашхобод сигналларнинг тахминан 20 фоизига жавоб қайтариб, жойлардаги вазият ҳақида маълумот ва сизиб чиқишларни бартараф этиш режаларини тақдим этган.
Шу билан бирга, олинган огоҳлантиришлар сони бўйича иккинчи ўринда турган АҚШда (138 та) сўнгги бир йилда бирорта ҳам сизиб чиқиш ҳолати бўйича чора кўрилгани ёки уни бартараф этилгани қайд этилмаган. Эрон, Россия ва Хитой ҳам бирорта огоҳлантиришга жавоб бермаган. Мексика, Бразилия ва Аргентина эса 100 фоизлик жавоб қайтариш кўрсаткичини намойиш этмоқда.
MARS тизими ўндан ортиқ сунъий йўлдошдан олинган маълумотларни таҳлил қилиш ва эҳтимолий сизиб чиқиш ҳолатларини аниқлаш учун сунъий интеллектдан фойдаланади. Кейин улар икки босқичда таҳлилчилар томонидан текширилади. Тасдиқланган сизиб чиқиш ҳолатлари ҳақида тегишли ҳукумат ёки компания хабардор қилинади. Жавоб сифатида воқеа жойидан олинган маълумотлар ва сизиб чиқишни бартараф этиш нияти ҳақидаги ахборот тақдим этилган ҳолатлар қайд этилади. Агар сизиб чиқиш бартараф этилгани ҳақида хабар берилса, MARS маълумотлар чиқиндилар тўхтаганини кўрсатгунга қадар объектни кузатиб боради ва шундан кейингина буни муваффақиятли натижа сифатида қайд этади.
Туркманистон 2024 йил ноябрдан 2026 йил март ойига қадар саккизта сизиб чиқиш ҳолатини бартараф этган. Коррозияга учраган қувурлар, носоз қудуқлар ва оловлар таъмирланган. MARS дастури раҳбари Меган Деметер бу ҳолатни «ниҳоятда муҳим илк қадам» деб атади, бироқ Туркманистонда ҳали эътибор талаб қиладиган чиқинди манбалари кўплигини таъкидлайди.
«Бу қайд этилган реал ҳаракатлар нуқтаи назаридан чиқиндиларни қисқартириш борасидаги ютуқдир. Аммо чиқиндиларнинг умумий кўлами нуқтаи назаридан бу ҳали ютуқ эмас», — дейди Деметер.
Метан иссиқликни карбонат ангидридга нисбатан 80 баробар самаралироқ ушлаб қоладиган кучли иссиқхона гази бўлиб, ҳозирги глобал исишнинг 25 фоизини таъминлайди. «Супер-эмитент» тоифасидаги сизиб чиқишлар — битта клапан ёки қувур орқали соатига тонналаб газ чиқиши — сайёрани миллионта йўлтанламас автомобил ёки бутун бошли кўмир электр станциясидан ҳам кучлироқ иситади.
2023 йилда Туркманистон метаннинг мега-сизиб чиқишлари сони бўйича дунёда етакчига айлангани ҳақида хабар берилган эди. Мамлакатдаги иккита асосий кондан 2022 йилда чиқарилган метан миқдори глобал исишга Буюк Британиянинг ўша йилдаги барча углерод чиқиндиларидан ҳам кўпроқ таъсир кўрсатган. Экспертлар вазиятни ҳайратланарли ва ғазабланарли деб атаган.
Бу Ашхободда катта акс-садо бериб, ҳукуматни БМТ, Европа Иттифоқи ва бошқа ҳамкорлар билан ҳамкорлик қилишга ундади. 2023 йил декабрь ойида Туркманистон Метан бўйича глобал мажбуриятга қўшилди. Унга кўра, иштирокчи давлатлар 2030 йилга қадар метан чиқиндиларини 30 фоизга қисқартириш мажбуриятини олган.
Атроф-муҳитни ҳимоя қилиш жамғармаси вице-президенти Дэн Гроссман «нефть ва газ операцияларидан метан чиқиндиларини камайтириш — бугунги кунда иқлимга зарар етказувчи ифлосланишни камайтиришнинг энг тез ва иқтисодий жиҳатдан самарали усули» эканини таъкидлади.
Шу билан бирга, MARS ҳисоботига киритилган Марказий Осиёнинг яна бир давлати — Қозоғистонда ҳам саккизта сизиб чиқиш ҳолати бартараф этилган. Бироқ, бу мамлакатдаги умумий ҳолатлар сони анча кам — сўнгги бир йилда MARS томонидан 38 та огоҳлантириш юборилган.
Метан чиқиндиларининг дунёдаги энг йирик 50 та манбаси рўйхатига Қозоғистондаги битта объект — магистрал газ қувурининг компрессор станцияси киради. Ундаги тахминий чиқинди ҳажми йилига қарийб 29,9 минг тонна метанни ташкил этади. Қозоғистон ҳозирча ушбу объект бўйича юборилган огоҳлантиришга жавоб бермаган.
Умуман олганда, MARS огоҳлантиришлари дунё бўйлаб 43 та сизиб чиқиш ҳолатининг герметизация қилинишига олиб келди. Уларнинг кўпчилиги тезкор равишда, катта саъй-ҳаракатларсиз бартараф этилди, айрим ҳолатлар эса пухта режалаштириш ва молиялаштиришни талаб қилади.



