Ўзбекистон ва Сербия меҳнат мобиллиги ва миграцияси тўғрисида келишувни қабул қилди

Шавкат Мирзиёев ва Александр Вучич. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон ва Сербия меҳнат мобиллиги ва миграцияси тўғрисида келишувни қабул қилди. Ушбу ҳужжат доирасида мазкур соҳадаги ҳамкорликка тизимли ёндашувни йўлга қўйиш режалаштирилган. Ҳужжат Марказий Осиё давлати президенти Шавкат Мирзиёевнинг Белградга ташрифи чоғида имзоланди, деб хабар беради унинг матбуот хизмати.

Республика раҳбарининг Сербия президенти Александр Вучич билан учрашувида тартибга солинган меҳнат миграцияси масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Европа мамлакати раҳбарияти хорижий ишчи кучини жалб қилиш жараёнига жиддий қизиқиш билдирди. Якунда икки давлат ҳукуматлари вакиллари тегишли келишувни имзолади.

Мирзиёев Сербияга тарихда биринчи марта амалга оширган ташрифи мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб беришини таъкидлади. Юқори мартабали меҳмоннинг сўзларига кўра, ҳамкорликнинг мустаҳкам пойдевори савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик ҳисобланади. Зеро, жорий йилнинг ўзида икки давлат делегациялари иштирокида қатор муҳим тадбирлар ўтказилди. Бундан ташқари, жорий ташриф доирасида Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши бўлиб ўтди, дастурда эса Ўзбекистон — Сербия бизнес-форуми ўтказилиши режалаштирилган.

Музокаралар давомида томонлар товар айланмаси ҳажмини оширишга, аввало, талаб юқори бўлган маҳсулотлар етказиб беришни кенгайтириш ҳисобига эришишга келишиб олди. Шу муносабат билан эркин савдо тўғрисидаги келишувни ишлаб чиқиш ва имзолаш, стандартлаштириш соҳасида яқин алоқаларни йўлга қўйиш, ўзаро кўргазмалар ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.

Шунингдек, Мирзиёев ва Вучич келаси йили Белградда бўлиб ўтадиган EXPO кўргазмасида Ўзбекистон миллий павильон билан иштирок этишига келишиб олди.

Президентлар транспорт ва логистика, енгил ва озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тиббиёт ва рақамли иқтисодиёт каби соҳаларда янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини ҳам муҳокама қилди. Автомобиль эҳтиёт қисмлари, ускуналар ва электротехника ишлаб чиқариш соҳасида кооперация учун катта салоҳият мавжудлиги таъкидланди.

Минтақавий ҳамкорлик масаласи ҳам кўтарилди. Давлат раҳбарлари Самарқанд вилояти ва Воеводина, Самарқанд ва Нови-Сад шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатилганини олқишлади.

Бундан ташқари, учрашувда таълим, спорт, маданият ва туризм соҳаларидаги ўзаро алоқаларни кенгайтириш бўйича ташаббуслар илгари сурилди. Томонлар ўзаро Маданият кунларини, кино, театр ва мусиқа соҳаларида қўшма фестиваллар ўтказишга келишиб олди.

Келишилган ташаббусларнинг амалий ижросини назорат қилиш мақсадида Ўзбекистон ва Сербия 2026–2028 йилларга мўлжалланган саноат шериклигини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар режаси, шунингдек, кенг қамровли «йўл харитаси»ни қабул қилди.

Музокаралар якунлари бўйича Мирзиёев ва Вучич Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги Қўшма декларацияни имзолади.

Давлат раҳбарлари ҳузурида қатор икки томонлама ҳужжатлар, жумладан, қуйидаги келишувлар имзоланди:

✅ Автомобиль транспортида йўловчи ва юкларни халқаро ташиш тўғрисида;

✅ Божхона ишларида ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисида;

✅ Қайта тикланувчи энергетика ва «яшил» технологиялар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида;

✅ Ўрта йўлакни қўллаб-қувватлаш борасидаги ҳамкорлик тўғрисида;

✅ Рақамлаштириш, электрон ҳукумат ва замонавий технологияларни қўллаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ