Жаҳон банки иқтисодиёт соҳасида бир қатор жиддий ислоҳотларни амалга ошириш шарти билан Тожикистонга 1,8 миллиард долларгача маблағ ажратишга тайёр эканини маълум қилди. Бу ҳақда «Азия-плюс» кредит муассасасининг матбуот релизига таяниб хабар берди.
Гап Жаҳон банкининг 2026–2032 молиявий йилларга мўлжалланган янги мамлакатлар бўйича ҳамкорлик доираси дастури доирасида имтиёзли ва хусусий молиялаштириш ҳақида бормоқда. Мамлакат 1,8 миллиард долларлик потенциал маблағни фақат улкан ва кенг қамровли ислоҳотларни амалга оширган тақдирдагина олиши мумкин.
Молиялаштириш Жаҳон банкининг ягона ёндашуви доирасида тақдим этилади. Ушбу ёндашув Тараққиёт халқаро ассоциацияси (IDA), Халқаро молия корпорацияси (IFC) ва Инвестицияларни кафолатлаш бўйича кўп томонлама агентликни (MIGA) бирлаштиради.
Умумий сумманинг 1 миллиард доллардан 1,2 миллиард долларгача бўлган қисми Тараққиёт халқаро ассоциацияси (IDA) томонидан молиялаштиришга тўғри келади. Ушбу маблағлар етти йилга мўлжалланган бўлиб, IDA ресурсларини тўлдиришнинг кейинги даврлари доирасида Тожикистон учун базавий молиялаштириш ҳажмини сақлаб қолишни назарда тутади. Якуний маблағ ҳажми ассоциация ресурсларининг мавжудлиги, глобал шароитлар ҳамда муайян лойиҳаларнинг белгиланган мезонларга мувофиқлигига боғлиқ бўлади. Ҳужжатнинг ўзида ҳам ушбу рақамлар тахминий экани ва уларни аниқ сумма эмас, балки миқдор кўлами сифатида қабул қилиш лозимлиги қайд этилган.
Потенциал молиялаштиришнинг қолган қисми — 600 миллион долларгача — хусусий капитални жалб қилиш билан боғлиқ. Ушбу сумманинг 500 миллион долларигача бўлган қисми Халқаро молия корпорациясининг (IFC) потенциал инвестицияларига тўғри келиши мумкин. Инвестицияларни кафолатлаш бўйича кўп томонлама агентликнинг (MIGA) потенциал иштироки 100 миллион долларга баҳоланмоқда, бунда давлат-хусусий шериклик (ДХШ) лойиҳаларини амалга ошириш шарти қўйилган.
Жаҳон банки ислоҳотлар ўтказилиши, инвестициявий хатарларни камайтириш ва Тожикистоннинг хусусий инвесторлар учун жозибадорлигини оширишни кутмоқда.
Ҳужжатда таъкидланишича, жалб қилиниши режалаштирилаётган хусусий капиталнинг салмоқли қисми инфратузилма соҳасидаги ДХШ лойиҳаларига инвестициялар натижасида шаклланиши керак. Биринчи навбатда, гап аэропортлар, сув таъминоти ва ирригация ҳақида бормоқда. Шунингдек, энергетика, молия, солиқ соҳаси, рақамлаштириш, ижтимоий ҳимоя, таълим, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалигига оид лойиҳалар ҳам рўйхатга киритилган.
Дастурнинг энг муҳим жиҳатларидан бири — Тожикистонни молиялаштириш хусусиятининг ўзгаришидир. Жаҳон банки маълум қилишича, 2027 молиявий йилдан бошлаб мамлакат IDA грантларидан кредитларга ўтиши керак. Бунинг сабаби аҳоли жон бошига даромаднинг ўсиб, Тожикистон аввалги грант асосида молиялаштириш режимига мос келмайдиган даражага етгани билан изоҳланмоқда.
Жаҳон банки маблағларини макроиқтисодий ва қарз барқарорлигини мустаҳкамлаш, давлат бошқарувининг шаффофлиги ва сифатини оширишга қаратилган чора-тадбирлар билан боғлаш режалаштирилмоқда. Ҳужжатда давлат харидлари тизимини такомиллаштириш ва давлат органларининг институционал салоҳиятини кучайтириш зарурлиги ҳам қайд этилган.
Дастур доирасида жами 25 та лойиҳа мавжуд. Улар орасида солиқ тизими ва молия секторини ислоҳ қилиш, рақамли инфратузилмани ривожлантириш, миллий статистика тизимини модернизация қилиш лойиҳалари бор. Шунингдек, Роғун ва Нурек ГЭСларини қўллаб-қувватлаш, қишлоқ ҳудудларини электр энергияси билан таъминлаш, минтақавий электр энергияси савдосини ривожлантириш, сув таъминоти ва ирригация лойиҳалари алоҳида тилга олинган. Рўйхатдан қишлоқ хўжалигининг табиий офатларга чидамлилигини оширишга қаратилган лойиҳалар ҳам ўрин олган.
Жаҳон банки ҳужжатда янги дастурни амалга ошириш билан боғлиқ умумий хатарни юқори деб баҳолаган. Жаҳон банкининг хатарларни баҳолаш тизимидаги тўққиз тоифадан бештаси юқори, биттаси сезиларли ва учтаси ўртача даражада баҳоланган. Юқори хатарлар қаторига сиёсий ва бошқарув хатарлари, макроиқтисодий хатарлар, дастурни амалга ошириш учун институционал салоҳият, маблағлардан мақсадсиз фойдаланиш ва можаролар билан боғлиқ хатарлар киритилган.
Шунингдек, давлат корхоналарининг шартли мажбуриятлари ва иқтисодиётнинг меҳнат мигрантлари пул ўтказмаларига юқори даражада боғлиқлиги алоҳида қайд этилган. Ҳужжатда бизнес муҳитининг заифлиги ва бошқарув сифати пастлиги мамлакатни тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар, хусусий инвестициялар, инновациялар ва янги иш ўринлари яратиш учун жозибадор бўлмаган давлатга айлантираётгани таъкидланган. Макроиқтисодий хатарлар қаторида қарз инқирози хавфининг юқорилиги ҳамда Роғун ГЭСи бўйича мажбуриятлар билан боғлиқ фискал хатарлар қайд этилган.
Жаҳон банки дастурнинг бизнес-режасини ҳар йили қайта кўриб чиқади. Бу Тожикистон устувор йўналишларининг ўзгариши ва амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларидан келиб чиқиб, кўрсатилаётган кўмакни тузатиб бориш учун зарур. Жараён Жаҳон банкининг ягона мамлакат жамоаси доирасида ҳамкорлик қилиш ва инвестициявий қарорларда «агар — унда» ёндашувини қўллашни назарда тутади.
2024 йилда Жаҳон банки Тожикистонга кўрсатилган халқаро донорлик молиялаштиришининг 38 фоизини таъминлаган. Банк ушбу мамлакатнинг энг йирик донори бўлиб қолмоқда.



