РПЧ собиқ руҳонийси Воронцовга қўйилган айбловлардан гиёҳванд моддалар истеъмоли учун жой ташкил этиш моддаси олиб ташланди

Иаков Воронцов. Facebookдаги фотосурат

Собиқ православ руҳонийси Иаков Воронцовга янги айблов акти топширилди. Ундан гиёҳванд моддалар истеъмол қилинадиган жойни ташкил этиш ёки сақлаш ҳақидаги айблов (Қозоғистон Жиноят кодекси 302-моддаси 1-қисми) олиб ташланган. Бу ҳақда унинг адвокати Ғалим Нурпеисов маълум қилди, деб хабар беради Respublika.kz.

Шундай қилиб, Воронцовга илгари қўйилган айбловлардан, тахминларга кўра, Қозоғистон Жиноят кодексининг 296-моддаси 4-қисми, яъни — гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналогларини сотиш мақсадисиз, ўта йирик миқдорда ноқонуний равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, сотиб олиш, сақлаш ёки ташиш қолган.

«Ҳозирча бошқа маълумот йўқ», — дея қўшимча қилади адвокат.

Иеромонах Иаков Воронцов Қозоғистонда очиқдан-очиқ урушга қарши позицияси билан танилган. У Россиянинг Украинага босқинини очиқ танқид қилган, Рус православ черкови раҳбарияти сиёсатига қарши чиққан ҳамда Қозоғистонда Москва патриархатидан мустақил православ жамоасини рўйхатдан ўтказишга уринган.

Ўз позицияси туфайли Воронцов руҳонийлик унвонидан маҳрум этилган. 13 февралга ўтар кечаси у қўлга олинган. Олмаота маъмурий суди иеромонахни гиёҳванд моддаларни тиббий мақсадларсиз истеъмол қилишда айбдор деб топиб, 10 суткалик қамоқ жазосини тайинлаган. Кейинроқ руҳонийга гиёҳванд моддалар истеъмол қилинадиган жойни сақлаш ҳамда гиёҳванд моддаларни сотиш мақсадисиз сақлаш ҳақидаги моддалар бўйича айбловлар қўйилган, 25 февраль куни эса тергов суди уни яна ҳибсга олган. Иаков ота ўзига қўйилган барча айбловларни рад этган ва ишни сохталаштирилган деб атаган.

13 май куни терговчи Воронцовга нисбатан эҳтиёт чорасини ўзгартириб, уни ихтисослаштирилган психиатрия муассасасига жойлаштиришни сўраган. Адвокати Ғалим Нурпеисовнинг сўзларига кўра, ҳимоя томони психиатрия экспертизасини ўтказишдан бош тортган, бироқ шунга қарамай, Воронцов мажбурий даволанишга юборилган. Унинг психиатрия шифохонасидан СИЗОга қайтарилгани13 июль куни маълум бўлган.

«Шифокорлар унда ҳеч қандай руҳий бузилишларни аниқламади ва соғлом инсонни аслида йўқ касалликдан даволашдан бош тортишди», — дея баёнот берган эди ўшанда Қозоғистондаги Инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги бюроси.

Воронцов иши бўйича тергов ёз охирида якунланган. Суд муҳокамаси ўтган ҳафта бошланиши керак эди, бироқ суд мажлиси бекор қилинди. Суднинг янги санаси ҳозирча маълум эмас.

  • Марказий Осиё мамлакатларига МҲО хавфи борми?

  • Япония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади

  • Россия матбуоти «нато» снарядлари туфайли Қозоғистонга ҳужум қила бошлади

  • Марказий Осиё республикаларининг Япония билан яқинлашувида кўз илғамас масалалар бор