Корея ва Марказий Осиё муҳим минераллар ҳамда «ақлли» заводлар соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиради

Қозоғистон Саноат ва қурилиш вазирлиги матбуот хизмати фотосурати

Марказий Осиё давлатлари ва Жанубий Корея саноат вазирларининг Сеулда «С5+1» форматида бўлиб ўтган биринчи йиғилишида муҳим минераллар соҳасини биргаликда ривожлантириш ҳамда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда «ақлли» корхоналар ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. Бу ҳақда Корея Савдо, саноат ва ресурслар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қабул қилувчи томон вакиллари Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистондаги ҳамкасблари билан алоқаларни фаол қўллаб-қувватлаётганини таъкидлади. Бироқ, минтақадаги барча давлатларнинг тегишли идоралари раҳбарлари иштирокидаги музокаралар илк бор ўтказилмоқда.

Учрашувда Корея ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди. Хусусан, вазирлар литий ва камёб ер элементлари каби стратегик муҳим минералларнинг бутун таъминот занжири бўйлаб ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олдилар. Марказий Осиё республикаларининг ресурс базасини Кореянинг илғор қайта ишлаш технологиялари билан бирлаштириш масаласи муҳокама қилинди.

Шунингдек, Корея компаниялари ҳамкор давлатлар билан кооперация қилиш ва уларга юқори қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишда ёрдам бериш истагини билдирди.

Саммит иштирокчилари сунъий интеллект асосидаги Корея технологияларини ишлаб чиқариш жараёнларига жорий этиш орқали қайта ишлаш саноатини ривожлантиришга қарор қилди. Шу тариқа, Марказий Осиёда «ақлли» заводлар пайдо бўлади ва бу бутун минтақадаги ишлаб чиқариш корхоналарининг трансформациясига олиб келади.

Савдо соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва саноат инфратузилмасини модернизация қилиш мақсадида импорт-экспорт операциялари доирасидан чиқиш, Марказий Осиёда амалга оширилаётган йирик лойиҳаларда Кореянинг фаол иштирокини таъминлаш орқали ҳамкорлик сифатини ошириш таклиф этилди. Гап интеграциялашган ишлаб чиқариш мажмуалари, интеллектуал инфратузилма ва завод жиҳозларини янгилаш ҳақида бормоқда.

Корея Савдо вазири Ким Жонг Гван саммитда сўзга чиқиб, бир вақтлар Марказий Осиё ҳудудидан ўтган савдо карвонларининг янгиликка интилиш руҳини тилга олди.

«Келинг, Кореянинг илғор технологиялари ва ишлаб чиқариш имкониятларидан Марказий Осиёнинг улкан ўсиш салоҳиятини рўёбга чиқариш ва бутун Евросиёнинг кейинги тараққиётини рағбатлантириш катализатори сифатида фойдаланиб, ривожланган саноат экотизими сари янги йўлни биргаликда барпо этайлик», — деди вазир.

Сеулдаги учрашув якунига кўра, «Корея Республикаси — Марказий Осиё» саноат вазирлари маслаҳат механизмининг биринчи йиғилиши бўйича Қўшма баёнот, шунингдек, саноат ва таъминот занжирлари соҳасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.

Ким Жонг Гван Марказий Осиё республикаларидаги ҳамкасблари билан икки томонлама музокаралар ҳам ўтказди. Учрашувлар якунида бир қатор ҳужжатлар имзоланди. Жумладан, Ўзбекистон билан стратегик муҳим фойдали қазилмаларни излаш ва ўзлаштириш, экспорт салоҳиятини ривожлантириш ҳамда савдо шериклигини йўлга қўйиш бўйича қўшма платформа ташкил этиш ҳақида келишувларга эришилди. Қозоғистон билан эса Корея лифт саноатида илмий-тадқиқот парки лойиҳасини амалга ошириш учун қўшма корхона ташкил этиш истиқболларини муҳокама қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ