Қозоғистон ва Россия чегарасида қарийб 160 та юк машинаси тўпланиб қолди

«Росгранстрой» сайти фотосурати

Қозоғистон томонидан Россия йўналишидаги чегарада қарийб 160 та юк машинаси тўпланиб қолди, деб хабар беради республика Давлат даромадлар қўмитаси.

Идора маълумотларига кўра, тирбандликка Россия томонидаги «Сағарчин» чегара ўтказиш пунктида олиб борилаётган таъмирлаш ишлари сабаб бўлган. 4 сентябрдан Россия томони йўл қопламасини алмаштириш ишларини олиб бормоқда. Шу сабабли ҳаракат бир йўлак бўйлаб реверсив тартибда ташкил этилган, бу эса пунктнинг ўтказиш қобилиятини пасайтириб, транспорт воситаларининг чегарадан ўтишини секинлаштирмоқда.

Давлат даромадлар қўмитаси бошқа давлат органлари билан ҳамкорликда «Жайсан» чегара ўтказиш пунктида ишларни кучайтирди. Хусусан, бу ерда транспорт оқими тартибга солинмоқда ва уларнинг бир қисми яқин атрофдаги чегара ўтказиш пунктларига йўналтирилмоқда.

Бундан ташқари, Россия томонининг амалдаги ўтказиш қобилиятини ҳисобга олган ҳолда электрон навбатдаги слотлар сони қайта кўриб чиқилди. Ҳайдовчилар билан жойида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Давлат даромадлар қўмитаси вазият доимий назоратда эканини маълум қилади ва ташувчиларни йўналишларни режалаштиришда ҳозирги вазиятни ҳисобга олишга чақиради.

«Сағарчин» чегара ўтказиш пункти Россиянинг Оренбург вилояти билан Қозоғистон ўртасида жойлашган. Ўтган йили у орқали 690 мингдан ортиқ транспорт воситаси ўтган. «Оренбург.онлайн» минтақавий нашри ёзишича, ўтказиш пунктида асфальт ва тротуарларни таъмирлаш ишлари 29 сентябрга қадар давом этади. Нашрнинг қайд этишича, «Сағарчин» 2028 йилга қадар инфратузилмани капитал таъмирлаш ва замонавий модулли бинолар билан жиҳозлаш режалаштирилган устувор чегара ўтказиш пунктлари рўйхатига киритилган.

Қозоғистон ва Россия чегарасида юк автомобилларидан иборат навбатлар мунтазам равишда юзага келиб туради. Одатда, бу ҳолат икки давлат божхона хизматлари иши билан боғлиқ. Бироқ, идораларнинг ўзи ҳам бундай боғлиқликни мунтазам равишда рад этиб, транспорт оқими кўпайганини сабаб сифатида изоҳлашади.