Қирғизистонда Корумду чўққисида бедарак йўқолган беларуслик альпинистни қидириш ишлари тўхтатилди

Николай Свиридов. 24.kg сайти фотосурати

Қирғизистонда Корумду чўққисига кўтарилгандан сўнг бедарак йўқолган 60 ёшли беларуслик альпинист Николай Свиридовни қидириш ишлари тўхтатилди. Унинг жасадини топишнинг иложи бўлмади, деб хабар беради 24.kg нашри қидирув-қутқарув операциясида иштирок этган кўнгиллилар гуруҳига таяниб.

Тўрт кун давомида ҳудуд дронлар ёрдамида текширилган. Мутахассислар чўққи тизмаси, ёнбағирлар ва кулуарларни суратга олганлар, Свиридовга тегишли кроссовка ва чодирни топганлар, шунингдек, гуруҳнинг тахмин қилинган қулаб тушган жойини аниқлаганлар.

Олинган тасвирларда альпинистни аниқлашнинг иложи бўлмаган. Операция иштирокчиларининг баҳолашича, Свиридов эҳтимол қор кўчкиси олиб келган қор қатламлари остида ёки ёнбағирнинг қуйи қисмидаги ёриқлардан бирида қолган бўлиши мумкин. Бундай ҳолатда уни ҳаводан туриб топишнинг имкони йўқ.

Қидирув ҳудудида қор ёғиши бошлангани сабабли ёнбағирларни кейинчалик текшириш имкони бўлмай қолган.

«Қидирилган барча нарса ҳозир қор остида қолган. Бугун ишлар расман тўхтатилди. Гуруҳ тоғдан туширилмоқда. Қидирув ишларини қайта бошлаш режалаштирилмаган», — дейилади «Курумдуда қидирув» лойиҳаси хабарида.

Свиридов таркибида 43 ёшли беларуслик Максим Полянский ва 37 ёшли Литва фуқароси Сергей Рубцов бўлган гуруҳ аъзоси эди. 1 август куни альпинистлар баландлиги тахминан 6,6 минг метр бўлган Корумду чўққисига кўтарилган, 2 август куни эса улар билан сўнгги бор алоқа ўрнатилган. 4 август куни уларни олиб кетиши керак бўлган машинага гуруҳ қайтиб келмаган.

Қидирув ишлари август ойининг дастлабки кунларида бошланган. Ноқулай об-ҳаво туфайли қидирув бир неча бор тўхтатилган: қутқарувчиларнинг ишларига туман, қор ёғиши, қор кўчкиси хавфи ва тош кўчкилари халақит берган. Операцияда Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари, альпинистлар ва бир нечта давлатлардан келган мутахассислар иштирок этган. Қидирувда вертолёт ва баланд тоғ шароитида ишлайдиган дронлардан фойдаланилган.

24 август куни қутқарувчилар гуруҳнинг икки аъзоси жасадини топганлар. Эртанги куни улар тоғдан туширилган, 27 август куни эса қариндошлари ҳалок бўлганлар Полянский ва Рубцов эканини тасдиқлаганлар. Шундан сўнг Свиридовни қидириш ишлари давом эттирилган.

Полянский ва Свиридов «Қор қоплони» унвонига эга эдилар — уларнинг ҳар иккиси собиқ СССР ҳудудидаги 7 минг метрдан баланд бешта чўққига кўтарилган. Свиридов гуруҳнинг энг тажрибали аъзоси бўлиб, кўп йиллар давомида Помирга уюштирилган экспедицияларда иштирок этган ва тоғ юришларига ўзи раҳбарлик қилган.

Корумду чўққиси Қирғизистон, Тожикистон ва Хитой чегаралари туташган ҳудуддаги Чон-Олай тизмасида жойлашган. Унга кўтарилиш энг юқори мураккаблик тоифасига киради. Чўққига биринчи тасдиқланган кўтарилиш 2001 йилда амалга оширилган.