Кореяликлар Ўзбекистонда ярим ўтказгичлар ишлаб чиқариш ва аэропортларни бошқариш бўйича марказлар очади

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Корея компаниялари ва молия институтлари Ўзбекистонда ярим ўтказгичлар ишлаб чиқариш ҳамда аэропортларни бошқариш бўйича марказлар очишни режалаштирмоқда. Бу ва бошқа ташаббуслар Марказий Осиё республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг Сеулга давлат ташрифи доирасида ўтказилган учрашувларда муҳокама қилинди.

Корея Экспорт-импорт банки раиси Хван Ки Ён билан музокараларда Ўзбекистон билан 8 миллиард долларлик янги ҳамкорлик дастурини тасдиқлаш масаласи муҳокама қилинди. Айни пайтда томонлар соғлиқни сақлаш, муҳим хом ашё материаллари, таълим ва транспорт соҳаларида ҳамкорликни йўлга қўйган.

Яқин истиқболда Эксимбанк Корея Нодир металлар институти ҳамда Корея Геология тадқиқотлари ва минерал ресурслар институти билан ҳамкорликда ярим ўтказгичларни лойиҳалаш ва синовдан ўтказиш марказини ташкил этиш лойиҳасини ишлаб чиқади. Ушбу ташаббусни стратегик аҳамиятга эга, деб аташ мумкин, чунки мазкур маҳсулот саноатнинг кўплаб тармоқларида талаб юқори бўлган маҳсулот ҳисобланади. Шу билан бирга, муҳим фойдали қазилмалар соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун қўшма жамғарма ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Эксимбанк, шунингдек, Оролбўйида хотин-қизлар тадбиркорлиги марказини ташкил этиш ва Тошкент — Самарқанд янги темир йўлини қуриш лойиҳаларида ҳам иштирок этади.

Incheon International Airport Corporation раҳбари Ким Бом Хо Мирзиёевга Ўзбекистоннинг Урганч шаҳридаги халқаро аэропортни модернизация қилиш ва янги Тошкент аэропортини барпо этиш лойиҳаларининг амалга оширилиши жараёни ҳақида маълумот берди. Шунингдек, у Ўзбекистон пойтахтида компания офисини очиш режалаштирилаётганини маълум қилди. Унинг негизида аэропортларни бошқариш, рақамлаштириш ва кадрлар тайёрлаш бўйича компетенциялар маркази ташкил этилади.

Кореянинг йирик машинасозлик компаниялари раҳбарлари билан учрашувда Ўзбекистонда KIA бренди автомобилларини ишлаб чиқаришнинг тўлиқ цикли йўлга қўйилгани таъкидланди. Навбатда — пресслаш цехини ишга тушириш ва янги моделларни, жумладан гибридлар ҳамда электромобилларни ўзлаштириш.

Мирзиёев Тошкент ва Хива ўртасида қатнайдиган Hyundai Rotem компанияси поездларининг сифатини юқори баҳолади. Ҳаракат таркибини қўшимча етказиб бериш, шунингдек, Ўзбекистонда сервис маркази, бутловчи қисмлар ва электродвигателлар учун магнитлар ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Кореянинг республикадаги энг йирик инвесторларидан бири бўлган Lotte Group компанияси Марказий Осиё давлати билан ҳамкорликни фаол ривожлантиришни режалаштирмоқда. Хусусан, айнан ушбу компания Устюрт газ-кимё мажмуаси фаолиятида иштирок этади.

Энди эса корпорация бир қатор девелоперлик лойиҳалари ва мис фольгаси ишлаб чиқариш заводига сармоя киритишга тайёр. Бундан ташқари, Lotte сайёҳлик объектларини бошқариш ва меҳмонхона бизнесида хизматлар сифатини оширишга қаратилган ташаббусларда иштирок этиш истагини билдирди.

Мирзиёевнинг Shinhan Financial Group компанияси раҳбарияти билан музокараларида молия секторидаги ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди. Жумладан, кореяликлар Ўзбекистон тижорат банклари учун кредит линияларини ажратиш ва Тошкентда ўзларининг шўъба тузилмаси филиалини очишни таклиф қилдилар. Шу билан бирга, улар «яшил» кредитлаш, рақамли банкинг, кичик ва ўрта бизнес учун махсус молиявий ечимлар каби йўналишларни ривожлантиришни режалаштирмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ