«Потенциал Ойл» нефть компанияси Қозоғистоннинг Атирау вилоятида экологик қонунчилик талабларини бузгани учун 1,433 миллиард тенге (3,2 миллион доллар) миқдорида жарима тўлади. Бу ҳақда республика Экология ва табиий ресурслар вазирлигининг Экологик тартибга солиш ва назорат қўмитаси хабар берди.
Қонунбузарликлар корхонани текшириш жараёнида ҳудудий экология департаменти томонидан аниқланган. Жумладан, компания ишлаб чиқаришда экологик назоратни лозим даражада амалга оширмаган, оқова сувларни мониторинг қилиш талабларини бузган, шунингдек, мажбурий экологик ҳисоботларни тақдим этмаган, кечиктириб топширган ёки нотўғри расмийлаштирган.
Бундан ташқари, инспекторлар томонидан атроф-муҳитни ифлослантирувчи моддалар чиқарилгани ва айрим турдаги ишлар зарур экологик рухсатномаларсиз амалга оширилгани қайд этилган. Шунингдек, йўл қўйиладиган чиқиндилар меъёрларидан ошгани ва чиқиндилар билан муомала қилишда қонунбузарликлар аниқланган.
«Потенциал Ойл» объектларида, шунингдек, тегишли рухсатномалар ва тасдиқланган лимитларсиз тўпланиб қолган ифлосланган тупроқ ҳамда туб чўкиндилари — шлам аниқланган.
Текширув якунларига кўра, маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича 37 та баённома тузилиб, умумий суммаси 1 433 815 923 тенге (3,2 миллион доллар) бўлган еттита жарима ундириш тўғрисида қарор чиқарилган. Компания улар устидан шикоят қилишга уринган, бироқ биринчи ва апелляция инстанциялари судлари шикоятларни қаноатлантирмаган. Ҳозирги вақтга келиб, жариманинг тўлиқ суммаси давлат даромадига ундирилган.
Бу компания билан боғлиқ биринчи можаро эмас. 2026 йил август ойида «Потенциал Ойл» бош директори Ғабиден Қарамолдин Экология департаменти ходимларига пора беришга уринишда айбдор деб топилган. Суд маълумотларига кўра, компания раҳбарияти 15 миллион тенге (34 минг доллар) эвазига текширув натижаларига таъсир ўтказишни режалаштирган. Қарамолдин 270 миллион тенге (606 минг доллар) миқдорида жаримага тортилган.
Қозоғистон ҳукумати экологик қонунбузарликлар учун нефть-газ компанияларидан мунтазам равишда йирик миқдордаги маблағларни ундириб келади. 2025 йил январь ойида «Мангистаумунайгаз» компанияси ер остига оқова сувларни чиқариш, бурғилаш чиқиндиларини белгиланган лимитлардан ортиқ миқдорда тўплаш ва меъёрдан ортиқ чиқиндиларни атмосферага чиқаргани учун жами 32,2 миллиард тенге (тахминан 61 миллион доллар) жаримага тортилган. Ўша пайтда суд Кашаған кони оператори — North Caspian Operating Company компаниясидан зарур рухсатномасиз газни факелларда ёққани учун 3,55 миллиард тенге (6,7 миллион доллар) ундириш ҳақида ҳам қарор чиқарган.
2026 йилда «Қорачиғаноқ Петролеум Оперейтинг» компанияси меъёрдан ортиқ чиқиндиларни атмосферага чиқаргани ва оқова сувларни ташлагани учун 2,07 миллиард тенге (4,5 миллион доллар) миқдорида жаримага тортилган. Бундан аввал, 2018 йилда «Эмбамунайгаз» Атирау вилоятидаги конларда йўлдош газни қонунга хилоф равишда ёққани учун 6,6 миллиард тенге (ўша пайтдаги курс бўйича 17,8 миллион доллар) тўлаган.
«Потенциал Ойл» Атирау вилоятида углеводородларни қидириш, қазиб олиш ва сотиш билан шуғулланади. Компания объектлари орасида Исатай туманида жойлашган «Жанаталап Шарқий қаноти» конининг Марказий ва Жанубий гумбазлари ҳам бор.



