БМТнинг махсус маърузачиси Россияни хориждаги танқидчиларни тизимли равишда таъқиб қилишда айблади

Россия Федерациясида инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ махсус маърузачиси Мариана Кацарова. Оммавий манбадаги фотосурат

Россия ўз танқидчиларини хорижда таъқиб қилишни тизимли давлат стратегиясига айлантирган, деди Россия Федерациясида инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ махсус маърузачиси Мариана Кацарова. Нашр таъкидлашича, 21 сентябрь куни Женевада тақдим этилган маърузада Марказий Осиё мамлакатларига алоҳида эътибор қаратилган. Бу ерда Россиянинг қидирув ва экстрадиция қилиш ҳақидаги сўровларининг бажарилиши эмигрантлар хавфсизлигига таҳдид солмоқда.

Кацарованинг маърузасида айтилишича, ҳужжат трансмиллий репрессияларнинг тасдиқланган қарийб 400 та ҳолатига асосланган. Махсус маърузачи таъкидлашича, Россия ҳокимияти вакиллари қотилликлар, суиқасдлар ва заҳарлашлар билан бир қаторда қўрқитиш, кузатув олиб бориш, қариндошларга босим ўтказиш, шунингдек, ҳуқуқий ва маъмурий тартиб-таомиллардан суиистеъмол қилиш усулларидан фойдаланмоқда.

Украинага кенг кўламли босқин бошланганидан сўнг, хориждаги танқидчиларни таъқиб қилиш кескин кучайган: ҳужжатда келтирилган фуқаролик ташкилотлари маълумотларига кўра, 2014–2021 йилларда 29 та ҳолат қайд этилган бўлса, 2022–2024 йилларда бу кўрсаткич 89 тага етган. Маъруза муаллифининг ҳисоб-китобларига кўра, бу йиллик ўртача кўрсаткичнинг қарийб саккиз баравар ошганини англатади. Сиртдан чиқарилган ҳукмларнинг ҳужжатлаштирилган сони 2022 йилдаги тўрттадан 2025 йилда 157 тага кўпайган; ҳужжатда таъкидланишича, бундай жараёнлар, аввало, хориждаги урушга қарши баёнотлар, журналистик фаолият ва мухолифат фаолиятига дахл қилмоқда.

Бундай ҳолатлардан бири чеченистонлик фаол Мансур Мовлаев билан боғлиқ. У 2025 йил май ойида Россиянинг сўровига кўра Қозоғистонда қўлга олинган. Кацарованинг маълум қилишича, унга товламачилик айблови қўйилган, бироқ Мовлаев бу айбловларни сохта деб ҳисоблайди. Унинг баҳосига кўра, Мовлаев Россияга қайтарилса, қийноққа солиниши ёки ўлдирилиши мумкин. Маърузада айтилишича, 2026 йил февраль ойида БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасининг мурожаатидан сўнг Қозоғистон Олий суди бошпана бериш масаласи бўйича шикоят кўриб чиқилгунига қадар экстрадицияни тўхтатган.

Яна бир ҳолат IT мутахассиси Александр Качкуркин билан боғлиқ. Қримда туғилган, Украина ва Россия фуқаролигига эга бўлган Качкуркин 2026 йил февраль ойида ёпиқ биноларда чекиш ва кўчани белгиланмаган жойдан кесиб ўтиш сабабли Қозоғистондан Россияга чиқариб юборилган. Маъруза муаллифи эса бу асосларни уйдирма деб атаган. Ҳужжатда қайд этилишича, Россияда у дарҳол Украинага эҳтимолий хайрия маблағлари ўтказгани билан боғлиқ давлатга хиёнат қилиш айблови билан ҳибсга олинган ва унга умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси таҳдид қилмоқда.

Маърузада урушга қарши фаол Алексей Рожков ҳам тилга олинган. Махсус маърузачининг маълум қилишича, у 2023 йил май ойида Қирғизистондан Россияга топширилган ва кейинчалик терроризмни оқлаш ҳамда армия ҳақида «ёлғон хабарлар» тарқатишда айбланиб, 16 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Яна бир россиялик Георгий Пирогов 2024 йил июль ойида Ўзбекистонда ғойиб бўлган, бир неча кундан сўнг Москвадаги тергов ҳибсхонасида пайдо бўлган, 2026 йил июль ойида эса давлатга хиёнат қилиш иши бўйича 23 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган, дейилади маърузада.

Кацарова маъруза тавсияларидан келиб чиқиб, трансмиллий репрессияларга қарши БМТнинг мажбурий халқаро конвенциясини ишлаб чиқишга чақирди. Махсус маърузачининг тушунтиришича, таклиф этилаётган ҳужжат давлатларнинг жавобгарлигини, таъқибларнинг олдини олиш чораларини ва мажбуриятларга риоя этилишини назорат қилиш механизмларини белгилаши керак.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ