Апелляция суди собиқ Orda.kz бош муҳаррири Гулнара Бажкеновага чиқарилган ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди

Гулнара Бажкенова. Ижтимоий тармоқдаги фотосурат

Олмаота апелляция суди Orda.kz нашрининг собиқ бош муҳаррири Гулнара Бажкеновага чиқарилган ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди. Қарор 22 сентябрь куни қабул қилинди, деб хабар беради Ulysmedia.kz.

Суд ҳайъати Бостандиқ туманининг №2 суди чиқарган қарорни ўзгартирмади. Унга кўра, Бажкенова саккиз йилга озодликдан маҳрум қилинган, бироқ 14 ёшга тўлмаган фарзанди борлиги сабабли жазони ижро этиш икки йилга кечиктирилган.

Шунингдек, журналистик, блогерлик ва жамоатчилик фаолияти билан шуғулланиш, шунингдек, ОАВ билан боғлиқ ташкилотларга раҳбарлик қилишга беш йиллик тақиқ ҳам ўз кучида қолди.

Бажкенова ишониб топширилган мол-мулкни ўзлаштириш ёки растрата қилиш, ноқонуний тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳамда қасддан ёлғон ахборот тарқатишда айбдор деб топилган. Суд аниқлашича, у компания раҳбари бўлган ҳолда 2024 йил ноябридан 2025 йил декабрига қадар ҳисоб рақамларидан 88,1 миллион тенгедан (190 минг доллар) ортиқ маблағни ўзлаштирган.

Суд материалларига кўра, пуллар реклама, профессионал ва илмий хизматлар учун тўлов сифатида назорат остидаги якка тартибдаги тадбиркорга ўтказилган. Бундан ташқари, компания маблағлари ҳисобидан Бажкенованинг ўғли хусусий халқаро мактабда ўқиши учун ҳақ тўланган.

Яна бир эпизод кўчмас мулк билан боғлиқ операцияларга тааллуқли бўлган. Суд аниқлашича, Бажкенова якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтмаган бўлса-да, Олмаотада квартираларни олди-сотдисидан 121,2 миллион тенге (262 минг доллар) даромад олган. Иш материалларида қайд этилишича, ушбу даромаддан солиқ тўланмаган.

Orda.kz нашридаги публикациялар билан боғлиқ эпизодлар бўйича суд Бажкенова 2024–2025 йилларда интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали саккиз марта қасддан ёлғон ахборот тарқатган, деган хулосага келган.

Суд материалларида у олдиндан тил бириктирган шахслар гуруҳи таркибида ҳаракат қилгани, нашрлар эса фуқаролар, ташкилотлар ва давлатга жиддий зарар етказгани айтилган.

Суд мажлисларидан бирида Олмаота прокурори ўринбосари гўёки қўлга олингани ҳақидаги хабар ҳам кўриб чиқилган. Orda нашри ҳаммуассиси Максат Ғаниевнинг айтишича, Бош прокуратура ва Антикор бундан аввал ушбу маълумотни рад этган, бироқ хабар шунга қарамай нашр сайти ва YouTube-каналида пайдо бўлган.

Саккиз йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазоси ва медиа соҳасида ишлашга беш йиллик тақиқдан ташқари, суд Бажкеновадан 95,9 миллион тенге (208 минг доллар) миқдорида моддий зарар, 2,8 миллион тенге (6 минг доллар) давлат божи ҳамда жабрланган томоннинг юридик ёрдами ва процессуал харажатлари учун 6,8 миллион тенге (14,7 минг доллар) ундириш ҳақида қарор чиқарган.

Бажкенованинг ўзи эса айбловларнинг бирортасини ҳам тан олмаган. Сўнгги сўзида у ўзининг айбсизлигини билдириб, жиноий ишни сиёсий деб атаган.

Шу билан бирга, 1 сентябрдан Orda.kz нашри ўз фаолиятини тўхтатди. Унинг ҳаммуассиси Максат Ғаниев нашрнинг ёпилишини молиявий муаммолар билан изоҳлади. Унинг сўзларига кўра, лойиҳа олти йил давомида сарфланган маблағларни қоплай олмаган. Сайт билан бирга унга боғлиқ ижтимоий тармоқлардаги аккаунтлар ва YouTube-канал ҳам ўз фаолиятини тўхтатган. Таҳририят сўнгги материалларини 31 август куни эълон қилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ