Ҳиндистон Мудофаа тадқиқотлари ва ишланмалари ташкилотининг (DRDO) собиқ раҳбари Самир Камат журналистларга Ҳиндистон Туркманистон ва Тожикистонга Akash зенит-ракета мажмуаларини экспорт қилганини маълум қилди. Собиқ амалдорнинг сўзларига кўра, бу Марказий Осиё давлатлари билан тузилган биринчи шундай битим бўлган, деб хабар беради Savunmasanayist.com.
Камат Марказий Осиё республикаларига етказиб берилган ЗРКлар сони, уларнинг конфигурацияси ва шартномалар қиймати ҳақида маълумот бермаган. Шунингдек, у аввал ушбу турдаги Ҳиндистон қурол-яроғининг ягона хорижий харидори Арманистон бўлганини қўшимча қилган.
Шундан сўнг Ереван ЗРКнинг бошқа варианти — Akash Mk 1Sни харид қилиш бўйича келишув тузган. Уларни буюртмачига етказиб бериш 2024 йил охирида бошланиши керак бўлган. DRDO собиқ раҳбарининг фикрича, айнан ушбу шартнома Ҳиндистоннинг янги сотув бозорларига чиқиши учун бошланғич нуқта бўлган.
Бундан ташқари, жорий йил август ойида Туркманистон ва Тожикистон Akash Mk 1Sни харид қилиш бўйича музокаралар олиб бораётгани ҳақида хабар берилган эди. Бироқ, томонларнинг ҳеч бири битим тузилгани ҳақида расмий маълумот бермаган.
Akash — самолётлар, вертолётлар, учувчисиз учиш аппаратлари ва қанотли ракеталарни тутиб қолиш учун мўлжалланган ўрта масофали зенит-ракета мажмуаси ҳисобланади. Очиқ манбалардаги маълумотларга кўра, битта ЗРКнинг ўртача қиймати 48 миллион долларни ташкил этади.
Mk 1S модификацияси ҳаво нишонларини уриб туширадиган ракеталарда такомиллаштирилган ўзини ўзи нишонга йўналтириш технологияси қўлланилиши билан фарқ қилади. Янгиланган тизим манёвр қилаётган нишонларга ракеталарнинг аниқ зарба беришини ошириш ва ўқ-дорининг радиоэлектрон халақитларга чидамлилигини аввалги конфигурациядаги ЗРК хусусиятларига нисбатан яхшилашга қаратилган.
Қуролланишнинг замонавий вариантида Rajendra AESA радиолокатори қўлланилади. У нишонларни 80 кмгача бўлган масофадан аниқлаб, 60 кмгача бўлган масофада ва 18 кмгача баландликда кузатиб, уларни йўқ қила олади. Шу билан бирга, Akash ракетасининг учиш масофаси 25–45 км, тезлиги эса 2,5 Махгача етади. У 60 килограммлик парчаланувчи-фугасли жанговар каллак билан жиҳозланиши мумкин.
Оммавий ахборот воситалари маълумотларига кўра, Туркманистон ва Тожикистон катта даражада совет ва Россия ишлаб чиқаришидаги эскирган зенит артиллериясига, жумладан, С-125, «Бук» ва С-300 мажмуаларига таянади. Шу боис ҳужумкор қурол-яроғ, хусусан, ҳаво техникаси ва узоқ масофали ракеталар ривожланиб бораётгани сабабли, ҳар икки давлат мудофаа тизимлари етказиб берувчиларини диверсификация қилишга мажбур бўлган.



