Тожикистонлик фуқаро Россияда 2008 йили скинхедни ўлдиргани учун 20 йилга озодликдан маҳрум қилинди

Москва вилояти Коломна шаҳар суди 43 ёшли Тожикистон фуқароси Саиджон Ражабовни 2008 йилда содир этилган қотилликда айбдор деб топиб, 20 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда Pamir Inside Москва шаҳарлараро транспорт прокуратураси маълумотига таяниб хабар берди.

Назорат органи маълумотларига кўра, воқеа 2008 йил март ойида Москва вилоятидаги Голутвин станциясида содир бўлган. Ўшанда жанжал натижасида чет эл фуқароси уч нафар ёш йигитга пичоқ билан зарба берган. Уларнинг бири воқеа жойида вафот этган, қолган икки нафари эса турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага етказилган.

Ҳодисадан сўнг хориж фуқароси мамлакатни тарк этган ва халқаро қидирувга берилган. 17 йил ўтиб, у ўз ватанида қўлга олинган ва Россияга экстрадиция қилинган. Таъкидлаш жоиз, прокуратура хабарида айбланувчи ва жабрланганларнинг фамилиялари келтирилмаган.

Ҳайъат аъзолари суди мигрантни Россия Федерацияси Жиноят кодексининг қотиллик ҳамда икки ёки ундан ортиқ шахсни ўлдиришга суиқасд қилишга оид моддалари бўйича кўпчилик овоз билан айбдор деб топган.

Таъкидланишича, судланувчи ўз айбини тан олмаган. Шунга қарамай, унга 20 йиллик қамоқ жазоси тайинланиб, жазони қаттиқ тартибли колонияда ўташ белгиланган.

Бундан ташқари, ўша ҳодисада қанча киши ҳалок бўлгани ҳамон ноаниқ, чунки суд материалларида «бир киши воқеа жойида вафот этган, икки киши шифохонага ётқизилган» деган маълумот келтирилган. Бироқ, тергов бошқармаси вакилларига таянган архив ОАВ материалларига кўра, қурбонлар сони кўпроқ бўлган.

Хусусан, ўша вақтда маълум қилинишича, можаро Москва вилоятидаги электр поездларида 18–20 ёшли миллатчилик қарашларига эга ёшлар — скинхедлар томонидан ўтказилган «тозалашлар» вақтида содир бўлган. Голутвин платформасида тажовузкор кайфиятдаги бир гуруҳ шахс икки нафар тожикистонликни кўриб қолиб, уларни калтаклай бошлаган. Юртдошларини ҳимоя қилиш учун ёнида пичоқ бўлган 26 ёшли Ражабов аралашган. У ҳужум қилган уч нафар шахсга пичоқ билан зарба берган.

Натижада Максим Данилин қон йўқотиши оқибатида воқеа жойида вафот этган, станцияга етиб келган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари Сергей Чупров ва Дмитрий Самойловни шифохонага олиб борган. Бироқ полиция маълумотларига кўра, шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамай, уларнинг иккаласи ҳам вафот этган. Шунингдек, Данилиннинг ҳам ёнида пичоқ бўлгани, аммо скинхед қуролни ишлатишга улгурмагани айтилган.

Россияда мафкуравий зўравонлик ҳолатларини қайд этиб борувчи «Сова» таҳлилий маркази маълумотларига кўра, 2025 йилда этник асосда 161 та ҳужум содир бўлган. Гап Марказий Осиёдан келганлар, Кавказ аҳолиси, қора танлилар ва «славян қиёфасига эга бўлмаган» бошқа шахсларга қилинган ҳужумлар ҳақида бормоқда. Натижада тўрт киши, жумладан икки нафар бола ҳалок бўлган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ