Ҳуқуқ ҳимоячилари Марказий Осиёда фуқаролик жамиятига қарши тазйиқлар кучайганини маълум қилдилар

Тўртта ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти Марказий Осиёнинг бешта давлатида фуқаролик жамиятига қарши тазйиқлар кучайганини маълум қилди. Бу ҳақда Қозоғистон халқаро инсон ҳуқуқлари ва қонунийликни таъминлаш бюроси (ҚХИҲҚБ) хабар берди.

Баёнот Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) инсон ҳуқуқлари бўйича конференцияси учун тайёрланган бўлиб, у 5 октябрдан 15 октябрга қадар Варшавада бўлиб ўтади. Ҳужжатни ҚХИҲҚБ, Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик (IPHR), Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси (AHRCA) ва Туркманистон инсон ҳуқуқлари ташаббуси (TIHR) имзолаган.

Баёнотда қайд этилишича, минтақада фуқаролик эркинликлари «ҳамон жиддий босим остида», сўнгги бир йилдаги воқеалар эса «ташвишли минтақавий тенденциялар» кучайиб бораётганидан далолат беради.

Ҳуқуқ ҳимоячилари Марказий Осиё давлатлари ҳокимиятлари қонуний фуқаролик фаолиятини кўпинча миллий хавфсизликка таҳдид сифатида кўришини таъкидлашади. Фуқаролик жамиятининг мустақил ташкилотлари, айниқса, хориждан маблағ олса, кучайтирилган назорат, тамғалаш ва таъқибларга дуч келмоқда.

Қирғизистонда 2024 йили қабул қилинган «хорижий вакиллар» тўғрисидаги чекловчи қонун фуқаролик жамияти ташкилотлари орасида ўзини ўзи цензура қилиш ҳолатларининг кенгайишига олиб келди. 2026 йил август ойида президент Садир Жапаров ташқи кучлар таъсири остида ҳаракат қилмоқда, деб айблаган эҳтимолий «халқ душманлари»ни қаттиқ жазолашга чақирди.

Қозоғистонда 2026 йил январидан чет элдан маблағ олувчи ташкилотлар учун ҳисобот бериш тартиби кучайтирилди: очиқ реестр кенгайтирилиб, унга грантларнинг манбалари ва миқдори ҳам киритиладиган бўлди. 2026 йил июль ойида кучга кирган янги Конституция нотижорат ташкилотлардан олинган хорижий маблағлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилишни талаб этади.

«2026 йил март ойидан амал қилаётган ЛГБТИК+ “тарғиботи”ни тақиқлаш ЛГБТИК+ ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи гуруҳларнинг заифлигини янада оширди. Улар бир неча бор рўйхатдан ўтказиш рад этилиши, жазосиз қолган ҳужумлар ва таъқибнинг бошқа шаклларига дуч келган», — дейилади баёнотда.

Баёнот муаллифлари Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ташкилотлари ҳанузгача миқдори тахминан 3700 доллар эквивалентидан ошадиган ҳар қандай хорижий маблағни олиш учун адлия органлари билан олдиндан келишиш талаби билан тўқнаш келаётганини қайд этган. Мустақил ҳуқуқ ҳимояси ташкилотларига бир неча бор рўйхатдан ўтиш рад этилган.

Тожикистонда фақат 2025 йилнинг ўзида 80 дан ортиқ фуқаролик жамияти ташкилоти ўз фаолиятини тўхтатган. Етти ташкилот суд қарори билан тугатилган. 2026 йил июль ойида президент Эмомали Раҳмон бундай ташкилотлар устидан назоратни янада кучайтиришга чақирди.

Баёнот муаллифларининг баҳосига кўра, Туркманистонда ҳақиқатан мустақил ташкилотлар рўйхатдан ўтиш ва очиқ фаолият юритиш имкониятидан амалда маҳрум. Хорижий ҳуқуқ ҳимояси гуруҳлари билан ҳамкорлик қилувчи шахслар эса жиддий таъқибларга учраш хавфи остида.

Тинч йиғилишлар ўтказиш эркинлиги бешала давлатда ҳам қаттиқ чекланган ҳолда қолмоқда. Қирғизистонда кўриб чиқилаётган қонун лойиҳаси маҳаллий ҳокимият органларига суд қарорисиз йиғилишлар ўтказиладиган жойларни чеклаш бўйича кенг ваколатлар бериши мумкин. Қозоғистонда эса 2025 йилги Конституциявий суд қарорига қарамай, ҳокимият органлари намойишларга «шубҳали асослар» билан рухсат беришни давом эттирмоқда.

Ҳуқуқ ҳимоячилари, шунингдек, оммавий намойишларни бостириш жараёнида йўл қўйилган ҳуқуқбузарликлар учун жазосизлик сақланиб қолаётганига алоҳида эътибор қаратишмоқда: Қозоғистонда 2022 йил январь воқеалари, Қорақалпоғистонда 2022 йил июль воқеалари, Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида эса 2021 йил ноябрь ва 2022 йил май воқеалари. Ушбу воқеалар бўйича мустақил терговлар ўтказилмаган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари таъкидлашича, намойишларни бостириш жараёнида содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун жазосизлик бу воқеалар бўйича адолат қарор топишига эришишга уринган шахсларни таъқиб қилиш билан бирга кечмоқда. Кейинги репрессиялар жараёнида жиноий ишлар бўйича айбланувчига айланган бир қатор фуқаролик фаоллари ҳануз қамоқда қолаётгани алоҳида ташвиш уйғотмоқда.

Баёнот муаллифлари таъқибнинг аниқ ҳолатлари сифатида Тожикистонда 16 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган ҳуқуқ ҳимоячиси Манучер Холиқназаров ва Ўзбекистондаги журналист Давлатмурод Тожимуродовнинг ишларини тилга олишган. Тожимуродовга 2026 йил май ойида яна беш йиллик қамоқ жазоси қўшилган. Қозоғистонда эса БМТнинг Ўзбошимчалик билан ушлаб туришлар бўйича ишчи гуруҳининг (WGAD) мухолифат фаоли Марат Жиланбаевни озод қилиш ҳақидаги қарори бажарилмаган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари, шунингдек, репрессиялар тобора кўпроқ рақамли соҳага тарқалаётгани ва миллий чегаралардан ташқарига чиқиб бораётганини қайд этишади. Минтақа давлатлари ҳукуматлари танқидчиларни хорижда ҳам сукут сақлашга мажбурлашга интилиб, бунинг учун кузатув, қариндошларга босим ўтказиш, сиёсий сабабларга кўра қўзғатилган жиноий ишлар ва экстрадиция тўғрисидаги сўровлардан фойдаланмоқда.

IPHR, ҚХИҲҚТБ, AHRCA ва TIHR Марказий Осиёнинг бешта давлати ҳукуматларини қонунчиликни инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларга мувофиқлаштиришга чақиради. Шунингдек, улар ЕХҲТга аъзо давлатларга фуқаролик маконини ҳимоя қилишни Марказий Осиё билан сиёсий мулоқотнинг доимий устувор йўналишига айлантириш ва ҳамкорликни кенгайтириш фундаментал эркинликлар ҳисобига амалга оширилишига йўл қўймаслик чақируви билан мурожаат қилади.