Бадарға қилинган руҳоний Иаков Воронцов Қозоғистонда 4 йилга озодликдан маҳрум этилди

Видеодан скриншот

Москва патриархатига қарашли Рус православ черковининг (РПЦ МП) собиқ руҳонийси Иаков Воронцов Қозоғистонда гиёҳвандлик моддаларини сақлаш билан боғлиқ иш бўйича олти йилга озодликдан маҳрум этилди. Конституциянинг қабул қилиниши муносабати билан эълон қилинган амнистияни ҳисобга олган ҳолда, жазо муддати тўрт йилга қисқартирилди, деб хабар беради Vlast.kz.

Суд, шунингдек, Воронцовдан жабрланганларга компенсация жамғармасига 86,5 минг тенге (тахминан 200 доллар) ва суд харажатлари учун давлат даромадига яна 39,5 минг тенге (88 доллар) ундириш ҳақида қарор чиқарди.

Воронцов психотроп модданинг аналогини ўта йирик миқдорда, сотиш мақсадисиз қонунга хилоф равишда сотиб олиш ва сақлашда айбдор деб топилди (Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 296-моддаси 4-қисми). Тинтув вақтида унинг уйидан меткатинон аналоги — 2,44 грамм миқдоридаги модда топилган.

Суд қарорини шарҳлар экан, адвокат Ғалим Нурпеисов айбловни исботланмаган деб ҳисоблашини билдирди.

«Бу модда Иаков Воронцовнинг уйидан топилган — демак, у айбдор. Аммо ушбу модданинг унга тегишли эканини, уни кимдан ва қачон сотиб олганини, бу модда билан алоқаси бўлганини тасдиқловчи ҳеч қандай далил бўлмаган. Шунинг учун биз бошиданоқ бу ерда уни айбдор деб топиш учун етарли далиллар йўқлигини айтган эдик», — дейди адвокат.

Ишни Олмаотадаги Медеу туман суди №2 кўриб чиқди. Биринчи суд мажлиси 16 сентябрь куни бўлиб ўтди. Мажлис бошида давлат айбловчиси айрим гувоҳлар ўз хавфсизлигидан хавотирланаётганини билдириб, суд жараёнини ёпиқ тарзда ўтказишни сўраган. Ҳимоя томонининг эътирозларига қарамай, суд прокурорнинг илтимосини қаноатлантирган. Бу қарорга норозилик сифатида Воронцов очлик эълон қилганди.

❗Иеромонах Иаков Воронцов Қозоғистонда ўзининг урушга қарши очиқ позицияси билан танилган. У Россиянинг Украинага ҳарбий босқинини очиқ танқид қилган, Рус православ черкови раҳбарияти сиёсатини қоралаган ва Қозоғистонда Москва патриархатидан мустақил православ жамоасини рўйхатдан ўтказишга уринган.

Ўз позицияси сабабли Воронцов Москвадаги черков институти томонидан руҳонийлик унвонидан маҳрум қилинган, шундан сўнг Қозоғистонда унга нисбатан таъқиблар бошланган. 13 февральга ўтар кечаси у қўлга олинган. Олмаота маъмурий суди иеромонахни гиёҳвандлик воситаларини тиббий мақсадларсиз истеъмол қилишда айбдор деб топиб, 10 суткага қамоқ жазосини тайинлаган. Кейинчалик руҳонийга наркотика истеъмоли жойини ташкил этиш ёки сақлаш ҳамда гиёҳвандлик моддаларини сотиш мақсадисиз сақлаш бўйича айбловлар қўйилган, 25 февраль куни эса тергов суди уни яна қамоққа олган.

Иаков ота ўзига қўйилган барча айбловларни рад этади ва ишни сохтадан уйдирилган деб атйади.

13 май куни терговчи Воронцовга нисбатан эҳтиёт чорасини ихтисослаштирилган психиатрия муассасасига жойлаштириш билан алмаштиришни сўрайди. Адвокати Ғалим Нурпеисовнинг сўзларига кўра, ҳимоя томони психиатрия экспертизасидан ўтказишни рад этган, бироқ Воронцов шунга қарамай мажбурий даволанишга юборилган. Унинг психиатрия шифохонасидан СИЗОга қайтарилгани 13 июль куни маълум бўлади.

«Шифокорлар унда ҳеч қандай руҳий оғишлар аниқламади ва соғлом инсонни аслида йўқ касалликдан даволашдан бош тортишди», — дея ўшанда Қозоғистондаги Инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги бюроси вакиллари маълум қилганди.

Воронцов иши бўйича тергов ёз охирида якунланди. Суд бошланишидан бироз олдин Ғалим Нурпеисов ҳимояси остидаги шахсга янги айблов хулосаси топширилганини маълум қилди. Унда наркотика истеъмоли жойини ташкил этиш ёки сақлаш бўйича айблов (Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 302-моддаси 1-қисми) чиқариб ташланган, гиёҳвандлик моддаларини қонунга хилоф равишда сақлаш ҳақидаги модда эса қолдирилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ