«Насаф» ЧЛ-2нинг жорий мавсумида илк бор мағлубиятга учради

«Насаф» ФК. «Насаф» ФК фотосурати

Ўзбекистоннинг «Насаф» футбол клуби ОФК Чемпионлар лигаси-2 мусобақасининг жорий мавсумида илк бор мағлубиятга учради. Гуруҳ босқичининг иккинчи турида Қарши жамоаси ўз майдонида БААнинг «Ал-Ваҳда» клубига 1:2 ҳисобида мағлуб бўлди.

Меҳмонлар 23-дақиқада аргентиналик ярим ҳимоячи Факундо Круспскининг голи эвазига ҳисобни очди. 38-дақиқада «Насаф» ҳисобни тенглаштириш учун пенальти тепиш имкониятига эга бўлди. 11 метрлик нуқта олдига кутилмаганда мезбонлар дарвозабони Абдувоҳид Нематов келди, бироқ у зарбани голга айлантира олмади.

Ордан бир дақиқа ўтиб, «Ал-Ваҳда» рақибини қўлдан бой берилган имконият учун жазолади: Круспски иккинчи голини уриб, дубл қайд этди.

Танаффусдан сўнг «Насаф» тезда орадаги фарқни қисқартирди. 47-дақиқада захирадан майдонга тушган Бобур Абдухолиқов гол урди. Бироқ қаршиликлар ҳисобни тенглаштира олмади.

Бу «Насаф» учун ОФК Чемпионлар лигаси-2 мусобақасининг жорий мавсумидаги илк мағлубият бўлди. Ўзбекистон вакили биринчи турда Баҳрайннинг «Ал-Холидия» клуби билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнаган эди.

«А» гуруҳининг бошқа учрашувида Қувайтнинг «Ал-Қувайт» клуби ўз майдонида «Ал-Холидия»ни 3:1 ҳисобида мағлуб этди. Икки турдан кейин олти очко жамғарган «Ал-Ваҳда» гуруҳ пешқадами бўлиб турибди. «Ал-Қувайт» ҳисобида уч очко бор, «Насаф» ва «Ал-Холидия» эса бир очкодан тўплаган.

Учинчи турда «Насаф» 28 октябрь куни «Ал-Қувайт»ни ўз майдонида қабул қилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ