Бирлашган Миллатлар Ташкилоти экспертлари 2026 йил июль–сентябрь ойларида Афғонистонда ўзбошимчалик билан ҳибсга олишнинг 443 та ҳолатини ҳужжатлаштирди. БМТнинг Афғонистонга кўмаклашиш миссияси (UNAMA)нинг янги чораклик ҳисоботида, шунингдек, шафқатсиз муомала, аёллар ва қизларга нисбатан чекловлар, оммавий ахборот воситаларига босим ўтказиш ҳамда диний озчилик вакилларини таъқиб қилиш ҳолатлари қайд этилган. Толиблар маъмурияти вакили Забеҳулло Мужоҳид ҳисоботни танқид қилиб, у мамлакатнинг салбий қиёфасини шакллантириши ва БМТнинг бетарафлик тамойилига зид эканини билдирди.
15 октябрь куни эълон қилинган UNAMA ҳисоботига кўра, уч ой давомида Исломий фазилатларни тарғиб қилиш ва иллатлар олдини олиш вазирлиги ходимлари миссия ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш деб баҳолаган камида 443 та ҳибсга олиш ҳолатини содир этган. БМТ шунингдек, ушбу вазирлик ходимлари томонидан эркаклар ва аёлларга нисбатан шафқатсиз муомала қилинганининг 97 та ҳолатини ҳужжатлаштирган.
Ҳибсга олишлар асосан ҳукумат томонидан белгиланган ҳижоб ўраш, соқол қўйиш ва соч турмагига оид талаблар бузилгани ҳақидаги гумонлар, жамоавий намозларда иштирок этмаслик, шунингдек, мусиқа тинглаш ёки ижро этиш билан боғлиқ бўлган.
Қайд этилган 50 дан ортиқ ҳолат аёллар ва қизларни ҳибсга олиш ёки ҳижоб кийиш қоидаларини бузганликда гумон қилиниб, уларга огоҳлантириш бериш билан боғлиқ. Бундай ҳолатларнинг аксарияти Ҳиротда, қолганлари эса Кобул ва Бадахшон вилоятида қайд этилган.
Ҳисоботда, шунингдек, хавфсизлик кучларининг собиқ ходимлари камида 14 та ҳолатда ҳибсга олингани ва ушбу тузилмаларнинг собиқ вакиллари тўрт ҳолатда ўлдирилгани қайд этилган. Кўриб чиқилаётган даврда 28 кишига нисбатан жисмоний жазо қўллаш ҳолатлари ҳам аниқланган.
UNAMA оммавий ахборот воситаларига босим ўтказилгани ҳақида ҳам маълум қилади. Квартал давомида камида учта ОАВ фаолияти тўхтатилган. Улар қаторида Кобулдаги Radio Eslah, Lapis Media Centre ва Rah-e-Farda телеканали бор. Миссия ОАВ фаолиятини тўхтатиш тўғрисидаги қарорлар устидан шикоят қилишнинг аниқ тартиби мавжуд эмаслигини таъкидлаган. Ҳисоботда шиалар жамоаси билан боғлиқ муассасалар ёпилгани ва унинг айрим вакиллари ҳибсга олингани ҳам айтилган.
Ҳужжатнинг алоҳида қисмида чегаралар ортидан содир этилган ҳодисаларнинг оқибатлари ёритилган. Июль–сентябрь ойларида БМТ тинч аҳоли орасидаги 33 нафар жабрланувчини қайд этган: 13 киши ҳалок бўлган, 20 киши эса жароҳатланган. 2025 йил 1 октябрдан 2026 йил 30 сентябргача бўлган бир йил давомида миссия бундай ҳодисалар оқибатида 512 киши ҳалок бўлгани ва 1236 киши жароҳатланганини қайд этган.
Толиблар маъмурияти вакили Забеҳулло Мужоҳид UNAMA танқидини рад этган. Афғонистоннинг Pajhwok ахборот агентлиги хабар беришича, у X ижтимоий тармоғидаги постида миссия Афғонистонни салбий нуқтаи назардан кўрсатаётгани ва бетарафлик тамойилини бузaётганини айтган.
Мужоҳид ҳукумат томонидан белгиланган қоидалар бузилгани гумони билан амалга оширилган ҳибсга олишларни қонуний деб атайди. Унинг сўзларига кўра, Исломий фазилатларни тарғиб қилиш ва иллатлар олдини олиш вазирлиги фаолияти амалдаги меъёрларга мувофиқ бўлиб, ҳукумат шариатга зид деб ҳисоблайдиган хатти-ҳаракатларнинг олдини олишга қаратилган.
Толиблар вакили, шунингдек, UNAMAни ҳисоботда маъмуриятнинг инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш, қайтаётган қочқинларни жойлаштириш, хавфсизликни таъминлаш ва иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги ютуқлари, унинг фикрича, акс эттирилмагани учун танқид қилган. У миссия мамлакат ҳақида салбий баҳоларни тарқатиш ўрнига, Афғонистоннинг халқаро ҳамжамият билан муносабатларини мустаҳкамлашга кўмаклашиши кераклигини билдирган.
UNAMA инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни ҳужжатлаштиришда давом этмоқда ва Афғонистоннинг амалдаги ҳокимиятини мамлакатнинг ушбу соҳадаги халқаро мажбуриятларига риоя қилишга чақиради. Янги ҳисоботнинг эълон қилиниши ва Мужоҳиднинг муносабати БМТ билан толиблар маъмурияти ўртасида давлат идоралари фаолияти ҳамда мамлакатдаги фуқаролик эркинликлари ҳолатига баҳо бериш борасидаги келишмовчиликларни яна бир бор намоён этди.



