«Астана» халқаро молия марказида (АХММ) 16 октябрь куни Kendala Critical Minerals Ltd. номли янги хусусий компания рўйхатдан ўтказилди. Унинг ягона акциядори Нью-Йоркда штаб-квартираси жойлашган Американинг KazAmerican Critical Minerals, Inc. компанияси бўлади. Бу ҳақда «Курсив.kz» хабар берди.
Янги компаниянинг устав капитали 1 минг долларни ташкил этади.
АХММ ҳужжатларига кўра, Kendala Critical Minerals муҳим минераллар, стратегик металлар ва камёб ер элементларини геологик қидириш, қазиб олиш ва чуқур қайта ишлаш, шунингдек, уларнинг улгуржи савдоси билан шуғулланишни режалаштирмоқда.
Компаниянинг вазифалари қаторига ер ости бойликларидан фойдаланиш ҳуқуқларини бошқариш, металлургия ишлаб чиқариш корхоналари учун техник-иқтисодий асосларни тайёрлаш ва саноат ҳамкорлари билан тайёр маҳсулот етказиб бериш бўйича тўғридан-тўғри шартномалар тузиш ҳам киради.
KazAmerican Critical Minerals ўзининг расмий сайтида Қозоғистондан АҚШ ва ҳамкор мамлакатлар бозорларига батареялар ишлаб чиқаришда қўлланиладиган металлар — никель, кобальт ва литий, шунингдек, камёб ер элементларини етказиб беришнинг интеграциялашган занжирларини яратиш режаларини маълум қилган. Хомашё ва тайёр маҳсулотларни ташиш учун компания Транскаспий халқаро транспорт йўналишидан фойдаланишни режалаштирмоқда.
Ҳозирда Қозоғистонда KAZ Critical Minerals компанияси фаолият юритмоқда. Унинг номи KazAmerican Critical Minerals компанияси номига ўхшаш бўлса-да, улар ўртасидаги алоқани тасдиқловчи маълумотлар мавжуд эмас.
KAZ Critical Minerals компаниясининг якуний бенефициари — Қозоғистонда камёб ва муҳим металлар соҳасидаги лойиҳаларни ривожлантираётган Американинг Cove Capital инвестиция компаниясидир.
Ушбу лойиҳалардан бири Қарағанда вилоятидаги вольфрам конини ўзлаштиришга тааллуқли. Cove Capital ва «Тау-Кен Самрук» миллий компанияси томонидан ташкил этилган Cove Kaz Capital Group қўшма корхонаси Шет туманидаги Шимолий Қатпар ва Юқори Қайрақти конларини ўзлаштирмоқда.
Лойиҳа доирасида конлар, тоғ-кон бойитиш мажмуаси ва гидрометаллургия заводини қуриш кўзда тутилган. Инвестициялар ҳажми 1,1–2 миллиард долларга баҳоланмоқда. Якуний техник-иқтисодий асосни 2027 йил охиригача тайёрлаш, қазиб олишни эса 2030 йилда бошлаш режалаштирилган. Корхона аммоний паравольфрамат, шунингдек, мис, висмут ва молибденнинг қўшимча концентратларини ишлаб чиқаради.
Бундан ташқари, Cove Capital «Казгеология» компанияси билан ҳамкорликда Шарқий Қозоғистон вилоятидаги Гремячинский участкасида ва Қўстанай вилоятидаги Ақбулак участкасида нодир ер металларини қидириш ишларини олиб бормоқда.
ℹ️ АҚШнинг Марказий Осиё муҳим минералларига қизиқиши минтақа катта хомашё захираларига эгалиги билан боғлиқ. The National Interest нашрининг маълумотларига кўра, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ҳиссасига дунёдаги уран захираларининг қарийб 40 фоизи, марганец захираларининг 39 фоизи ва хром захираларининг 31 фоизи тўғри келади. Шунингдек, минтақада литий, мис, рух ва вольфрамнинг катта захиралари мавжуд. Минтақа мамлакатлари орасида захиралар ҳажми бўйича Қозоғистон етакчилик қилади.
Шу билан бирга, Марказий Осиёдан минерал хомашё экспортининг атиги 2,1 фоизи АҚШ ҳиссасига тўғри келади. Америка расмийлари бу улушни оширишни мақсад қилган.
The National Interest нашри АҚШ инвестициялари учун асосий тўсиқлардан бири сифатида 1974 йилги Савдо тўғрисидаги қонунга киритилган Жексон — Вэник тузатишини кўрсатади. Ушбу тузатиш Қирғизистондан ташқари Қозоғистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларига АҚШ билан доимий нормал савдо муносабатлари (PNTR) мақомини беришга ҳануз тўсқинлик қилмоқда. Ўнлаб йилларга мўлжалланган кончилик лойиҳалари учун бундай режимнинг мавжуд эмаслиги қўшимча сиёсий ноаниқликни келтириб чиқаради.
Чекловларни бекор қилишга қаратилган уринишлар АҚШ Конгрессида 2006 йилдан буён давом этмоқда. Бу ташаббусларни Жо Байден ва Дональд Трамп маъмуриятлари қўллаб-қувватлаган, бироқ ҳозиргача тузатишни бекор қилишга эришилмаган.



