Туркия президенти Эрдоғаннинг рафиқаси Самарқанддаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилди

Эмине Эрдоган. ИЦМ сайти фотосурати

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоғаннинг рафиқаси Эмина Эрдоған Самарқандда бўлган вақтида Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси ва унинг ҳудудида жойлашган музейни зиёрат қилди. Бу ҳақда Ислом цивилизацияси маркази матбуот хизмати хабар берди.

Эмина Эрдоған Ўзбекистонга Самарқандда ўтказилаётган «Болалар фаровонлигига сармоя киритиш: келажак авлодларни барқарор ва адолатли ривожлантириш йўли» мавзусидаги Жаҳон саммитида иштирок этиш учун келган.

Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилиш чоғида Эмина Эрдоған дуо қилди. Сўнгра у буюк муҳаддиснинг ҳаёти, илмий фаолияти ва меросига бағишланган музей экспозицияси билан танишди.

Эмина Эрдоған билан бирга мажмуага Ўзбекистон президентининг рафиқаси Зироат Мирзиёева, Ливан президентининг рафиқаси Нимат Авн, Қирғиз Республикаси президентининг рафиқаси Айгул Жапарова, NUN таълим ва маданият жамғармаси бошқаруви раиси доктор Эсра Албайрак ҳамда Покистон Бош вазирининг қизи Ойша Ҳорун ҳам ташриф буюрди.

Эмине Эрдоған ташриф таассуротлари билан ўртоқлашар экан, Самарқанддаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасида маънавий саёҳатни ҳис этганини таъкидлади. У Самарқанднинг Имом Бухорий хотираси ва унинг илмий мероси сақланиб келинаётган маскан сифатидаги аҳамиятини таъкидлади.

«Ислом цивилизациясига беқиёс асарлар тақдим этган, асрлар давомида инсониятга йўл кўрсатиб келаётган Имом Бухорийни раҳмат ва эҳтиром билан ёд этаман», — деб ёзган Эмина Эрдоған.

Имом ал-Бухорий Мовароуннаҳрда туғилган бўлиб, энг машҳур мусулмон уламолари ва ҳадисшунослардан бири ҳисобланади. Унинг «Саҳиҳ ал-Бухорий» тўплами суннийлик анъанасидаги энг ишончли ҳадислар тўпламларидан бири сифатида эътироф этилади.

Олимнинг Хартанг қишлоғидаги қабри ёнидаги биринчи ёдгорлик мажмуаси XVI асрдаёқ барпо этилган. Ҳозирги мажмуа эса муҳаддис таваллудининг 1225 йиллиги муносабати билан 1997–1998 йилларда қурилган.

2021 йилда президент Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан мажмуани кенг кўламда реконструкция қилиш ва амалда янгидан қуриш ишлари бошланди. Унинг ҳудуди 44 гектаргача кенгайтирилди, янги мақбара, 10 минг кишига мўлжалланган масжид, баландлиги 75 метр бўлган тўртта минора, музей, маъмурий ва бошқа бинолар барпо этилди. 2026 йил март ойига келиб, асосий қурилиш ишлари якунланди.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилди. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилган. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Бу ерда Қуръон зали, 550 ўринли анжуманлар зали ва музей мавжуд бўлиб, кўргазмалар Ўзбекистоннинг исломгача бўлган даврдан то ҳозирги кунгача бўлган бутун тарихини қамраб олади. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ