Афғонистон ҳукумати тўйлар ва бошқа тантаналарда мушакбозликни бутунлай тақиқлади

Афғонистон ҳукумати тўйлар ва бошқа тантанали тадбирларда мушакбозликни бутунлай тақиқлади. Тегишли ҳужжат «Толибон» ҳукумати ҳузуридаги Исломий фазилатларни тарғиб қилиш ва иллатлар олдини олиш вазирлиги томонидан тасдиқланган. Бу ҳақда Pajhwok.com сайти хабар берди.

Вазирлик тушунтиришича, мушакбозлик ва шунга ўхшаш пиротехника воситаларидан фойдаланиш одамларда қўрқув, хавотир ва руҳий стрессни келтириб чиқаради. Вазирлик вакиллари фуқаролар фаровонлиги, уларнинг хавфсизлиги, жамоат тартиби ва инсон ҳуқуқларига риоя этиш толиблар учун муҳим қадриятлар эканини таъкидлайди. Шу сабабли ҳукумат «хавфли маҳсулотлар»ни тақиқлашга қарор қилган.

Ҳужжатда таъкидланишича, Афғонистондаги байрам тадбирлари ислом меъёрлари ва шариат тамойилларига мувофиқ ўтказилиши керак. Тантаналар аҳоли, жумладан, болалар, аёллар ва кексалар орасида ваҳима уйғотадиган ҳаракатлар билан бирга ўтказилмаслиги лозим.

Айрим нашрлар таъкидлашича, толибларнинг аёллар ҳақидаги бундай «ғамхўрлиги» улар аввал жорий этган чекловларга зид кўринади. Масалан, афғонистонлик қизларга олтинчи синфдан юқори мактабларда ва университетларда ўқиш тақиқланган. Бундан ташқари, аёлларга баланд овозда гапириш, қўшиқ айтиш ва эркак ҳамроҳисиз кўчага чиқиш ҳам тақиқланган.

«Толибон» ҳукумати амалдорлари янги тақиқ дўкон эгалари, импортчилар, ишлаб чиқарувчилар, пиротехника савдогарлари, шунингдек, бундай маҳсулотларни ишлаб чиқариш ёки мамлакатга етказиб бериш билан бевосита ва билвосита боғлиқ бўлган барча шахсларга тааллуқли эканини қўшимча қилади.

Исломий фазилатларни тарғиб қилиш ва иллатлар олдини олиш вазирлиги фуқароларни, хусусан, тадбиркорларни тақиқланган маҳсулотлардан фойдаланмасликка ва уларнинг тарқалишига йўл қўймасликка чақиради. Ҳокимият вакиллари фейерверклардан фойдаланиш тақиқини бузганларга Афғонистон қонунчилиги ва шариат қоидаларига мувофиқ чоралар кўрилишидан огоҳлантиради. Қандай жазо чоралари назарда тутилгани аниқлаштирилмаган.

Маҳаллий ОАВнинг маълумотларига кўра, илгари ҳам мушакбозлик тақиқланган, бироқ бу чеклов бутун мамлакатга эмас, балки айрим шаҳарларга тааллуқли бўлган. Пиротехника воситаларидан фақат тунги вақтда — соат 21:00 дан 07:00 гача фойдаланиш тақиқланган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ