ОАВ: Толиблар раҳбарларининг қизлари тақиққа қарамай, Афғонистондаги яширин мактабда таҳсил олишган

UNICEF фотосурати

«Толибон» ҳаракати иштирокчиларининг қизлари Афғонистонда Италиянинг Nove Caring Humans ноҳукумат ташкилоти томонидан ташкил этилган яширин мактабда таҳсил олишган. Бу ҳақда ташкилот асосчиси Сусанна Фьоретти 26 октябрь куни эълон қилинган Corriere della Sera нашрига берган интервьюсида маълум қилган.

Фьореттининг сўзларига кўра, мактаб 2021 йилда толиблар ҳокимиятга қайтганидан сўнг очилган. Машғулотлар тикув машиналари ўрнатилган хонада ўтказилган: текширув вақтида ўқув анжомларини яшириб, синфхонани аёллар тикув устахонаси сифатида кўрсатиш мумкин бўлган.

Тахминан икки йилдан сўнг ташкилотчилар ўқувчилар орасида толибларнинг қизлари ҳам борлигини билиб қолишган. Фьоретти тушунтиришича, уларнинг ота-оналари белгиланган чекловларга қарамай, қизларининг таълим олишини исташган. Унинг баҳолашича, ҳаракат билан боғлиқ кишиларнинг аёллар таълимига муносабати турлича бўлиб, айримлари тақиқларни яширинча четлаб ўтишни маъқул кўради.

Шу билан бирга, мактаб фаолияти хавфли бўлиб қолаверган: диний полицияга хабар бериш унинг иштирокчиларини хавф остида қолдириши мумкин бўлган. Афғонистоннинг Amu телеканали ҳам ушбу интервьюни қайта ҳикоя қилар экан, Фьореттининг баёноти мустақил равишда тасдиқланмаганини таъкидлайди.

Толиблар ҳокимиятга қайтганидан кейин қизларга олтинчи синфдан сўнг ўқиш тақиқланган, 2022 йил декабрида эса аёлларга университетларда таҳсил олиш тақиқи жорий этилган. ЮНИСЕФнинг 2026 йил август ҳолатига оид маълумотларига кўра, 2,6 миллиондан ортиқ афғонистонлик қиз ўрта таълим олиш имкониятидан маҳрум қилинган. Афғонистон қизлар ва аёлларнинг ўрта ҳамда олий таълим олиши тақиқланган дунёдаги ягона мамлакат бўлиб қолмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ