АҚШ сенаторлари 150 нафардан ортиқ Афғонистон фуқаросининг мамлакатдан чиқариб юборилишига қарши чиқишди

Кобулдаги назорат-ўтказиш пунктида. The New York Times газетаси фотосурати

АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти 150 нафардан ортиқ Афғонистон фуқаросини депортация қилишга тайёргарлик кўрмоқда. Улар Покистонга юборилиши, у ердан эса ватанига қайтарилиши режалаштирилган. Бу ҳақда The New York Times АҚШ расмийлари, адвокатлар ва ҳужжатларга таяниб хабар берди. Бу режалар қонун чиқарувчилар ва инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг танқидига сабаб бўлган.

Демократ сенаторлар Крис Кунс ва Жин Шаҳин режалаштирилаётган депортацияга қарши чиқди, деб хабар берди 31 октябрь куни KabulNow нашри. Кунс «Толибон» ҳокимияти ихтиёрига қайтарилган одамлар таъқиб ва қийноқларга дуч келиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Шаҳин эса депортация аёллар, болалар ва АҚШ ҳарбийларига ёрдам берган афғонистонликларга ҳам тааллуқли бўлиши мумкинлигини таъкидлаб, Конгрессни ушбу режаларга тўсқинлик қилишга чақирди.

The New York Times маълумотларига кўра, ушланган афғонистонликлар мамлакатнинг турли ҳудудларидан Луизиана штатидаги иммиграция марказларига олиб келинмоқда. Депортация хавфи остида қолганлар орасида АҚШнинг собиқ афғон иттифоқчилари қариндошлари ва жинсий ориентацияси сабабли таъқиб қилинишдан хавотирда бўлган камида бир нафар эркак бор. Гуруҳга турли миграция мақомига эга одамлар, айрим судланган кимсалар ҳам бор. Ушланганларнинг бир қисми адвокатлари депортация қарорлари устидан шикоят қилмоқда.

Associated Press агентлиги суд ҳужжатларини қўлга киритган. Улардан бирида АҚШ Иммиграция ва божхона полициясининг (ICE) юқори лавозимли ходими афғонистонлик фуқарони Луизиана штати Александрия шаҳридан Покистонга, «кейинчалик Афғонистонга олиб бориш» учун чартер рейс йўловчилари рўйхатига киритилганини тасдиқлаган.

Депортациянинг аниқ муддатлари расман тасдиқланмаган. The New York Times биринчи рейс 2 ноябрь куниёқ амалга оширилиши мумкинлиги ҳақида хабар берган. Бироқ, депортация рейсларини кузатиб борувчи Human Rights First ташкилоти Associated Press агентлигига парвоз 3 ноябрга режалаштирилганини маълум қилган.

Reuters хабар беришича, АҚШ расмийси Покистон орқали амалга оширилиши режалаштирилаётган депортацияни тасдиқлаган. Вашингтон «Толибон» ҳукумати билан дипломатик муносабатларга эга эмас, бу эса тўғридан-тўғри депортацияларни ташкил этишни қийинлаштиради. АҚШ Миллий хавфсизлик вазирлиги бўлажак операцияларни тасдиқлашдан бош тортган ва буни уларнинг хавфсизлигини таъминлаш зарурати билан изоҳлаган.

Global Refuge ташкилоти ушбу режаларни тўхтатиш ёки қайта кўриб чиқишга чақиради. Ташкилот депортация қилиниши режалаштирилганлар орасида Афғонистонга қайтарилишга қарши судга ариза берган шахслар бор-йўқлигини текширишни ҳамда уларнинг шикоятлари кўриб чиқилгунга қадар кутишни талаб қилган.

  • 150 дан ортиқ ҳуқуқ ҳимоячилари, фаоллар ва журналистлар Юлия Емельянова ва Мансур Мовлаевни Россияга экстрадиция қилишга қарши баёнотни имзоладилар

  • Толибларга қарши мухолифат етакчилари мамлакат келажаги борасида турлича фикр билдирди

  • Машҳур санъаткорнинг Жапаров олдида ўзини қандай тутгани Қирғизистонда ҳокимиятга сиғиниш ва сиёсий ўзгаришлар ҳақидаги баҳсларга сабаб бўлди

  • Муҳим минераллар, сунъий интеллект — «Марказий Осиё — Корея» форматидаги учрашувда яна нималар муҳокама қилинди?