ЮНЕСКО: 2024–2025 йилларда 189 нафар ОАВ ходими ҳалок бўлган, қотилликларнинг аксарияти фош этилмаган

un.org файти фотосурати

2024 ва 2025 йилларда дунё бўйлаб 189 нафар журналист ва оммавий ахборот воситаларининг бошқа ходимлари ҳалок бўлган. Бу кўрсаткич аввалги икки йиллик даврга нисбатан 20 фоизга кўп. Уларнинг 127 нафари қуролли можаролар ҳудудларида ўлдирилган. Бу ҳақда 2 ноябрь куни нишонланадиган Журналистларга қарши жиноятлар учун жазосизликка барҳам бериш халқаро кунига бағишланган ЮНЕСКО ҳисоботида сўз юритилади.

Қайд этилишича, сўнгги бир йилда касбий вазифаларини бажариш чоғида камида 34 нафар ОАВ вакили ҳалок бўлган. Бундай жиноятларнинг ҳар еттитасидан олтитаси жазосиз қолмоқда. Яъни можаролар шароитида бу кўрсаткич 100 фоизга яқинлашади, дея таъкидлайди БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш.

Унинг сўзларига кўра, бутун дунёда журналистлар ҳақиқатни гапиргани учун ҳамон ўта юқори бадал тўлашга мажбур бўлмоқда. Гутерриш ҳар бир бундай ҳолатни тергов қилиш, айбдорларни жавобгарликка тортиш ва ОАВ ходимларига интернетдаги ҳужумларга чек қўйишга чақирди.

ЮНЕСКО ҳисоботида қайд этилишича, ҳисобот даврида журналистларнинг ўлдирилиши дунёнинг барча минтақаларида қайд этилган, бу эса муаммонинг глобал тус олганини кўрсатади. Энг кўп тасдиқланган ҳодисалар араб давлатларида кузатилган — 97 та. Кейинги ўринларда Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси — 37 та, Осиё-Тинч океани минтақаси — 34 та, Марказий ва Шарқий Европа — 14 та, Африка — 6 та, Ғарбий Европа ва Шимолий Америка — 1 та ҳолат қайд этилган. Энг кўп ОАВ ходими Фаластин ҳудудида ҳалок бўлган: икки йил давомида 62 киши.

Алоҳида таъкидланишича, бу йилларда 14 нафар аёл журналист ҳалок бўлган. Аёл ОАВ вакиллари ҳам жанговар ҳаракатлар ҳудудларида, ҳам можаролар кузатилмайдиган мамлакатларда алоҳида хавф-хатарларга дуч келишмоқда. Масалан, «БМТ-Аёллар» тузилмаси баҳолашича, аёл журналистларнинг 75 фоизи интернетда ва реал ҳаётда зўравонлик ҳамда таъқибларга учраганини билдирган.

ЮНЕСКО ҳужжатида журналистларга ҳужум қилиш учун учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланиш янги ва ташвишли таҳдидга айланаётгани айтилган. 2024–2025 йилларда дронлар ОАВнинг 50 нафар ходими ҳалок бўлишига сабаб бўлган, бу эса қурбонлар умумий сонидан 40 фоизини ташкил этади.

Шу билан бирга, битта ҳужум оқибатида бир нечта ОАВ ходими ҳалок бўлган еттита ҳолат қайд этилган. Улар қаторига таҳририятлар ва вақтинчалик матбуот марказларига берилган зарбалар ҳам киради. Бундан ташқари, «Матбуот» ёзуви туширилган нимчалар кийиб юрган ёки худди шундай белги қўйилган автомобилларда бўлган 15 киши ўлдирилган.

Айни пайтда, ҳисоботда таъкидланишича, қуролли можаролар бўлмаган мамлакатларда жазосизлик даражаси пасайишда давом этмоқда. 2012 йилдан 2026 йилгача бу кўрсаткич 94 фоиздан 77 фоизга тушган. Бундай давлатларда журналистларнинг ўлдирилиши билан боғлиқ ҳодисалар сони — 85 та — сўнгги 18 йилдаги энг паст кўрсаткичдир.

«Бу ҳукуматлар тергов ишлари, жиноий таъқиб ва журналистларни ҳимоя қилишга маблағ ажратганда, ижобий натижага эришиш мумкинлигини кўрсатади», — дея таъкидлайди ЮНЕСКО.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюрк маълумотларига кўра, 2023 йилдан 2025 йилгача дунё бўйлаб 740 нафардан ортиқ журналист ва ОАВ ходими ўлдирилган ёки бедарак йўқолган. Мажбуран ғойиб бўлганларнинг қарийб 90 фоизи ҳануз ҳибсда сақланмоқда.

Тюрк, шунингдек, 2012 йилдан 2024 йилгача дунёда фикр билдириш эркинлиги даражаси 10 фоизга пасайганини эслатди. У ҳукуматларни журналистларга қарши жиноятларни, жумладан, қуролли можаролар ҳудудларида содир этилган жиноятларни тезкор ва мустақил равишда тергов қилишга чақирди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Ўзбекистон мактаб ислоҳотини хорижий тажрибалар асосида қандай шакллантираётгани ҳақида

  • Толибларга қарши мухолифат етакчилари мамлакат келажаги борасида турлича фикр билдирди

  • Машҳур санъаткорнинг Жапаров олдида ўзини қандай тутгани Қирғизистонда ҳокимиятга сиғиниш ва сиёсий ўзгаришлар ҳақидаги баҳсларга сабаб бўлди

  • Муҳим минераллар, сунъий интеллект — «Марказий Осиё — Корея» форматидаги учрашувда яна нималар муҳокама қилинди?