Ҳиндистон ўз талабаларига Ўзбекистондаги тиббиёт олийгоҳларини синчковлик билан танлашни тавсия қилди

Фото: anhor.uz сайтидан

Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Рандҳир Жайсвал Ўзбекистонда тиббий таълим олаётган талабалар сони камайгани ҳақидаги маълумотларга изоҳ берар экан, ёшларга Марказий Осиёдаги мазкур давлат олийгоҳларини синчиклаб танлашни тавсия қилди. Мулозим, шунингдек, абитуриентларни воситачи ва маслаҳатчилар хизматидан фойдаланмасликка чақирди, деб хабар беради The New Indian Express нашри.

ТИВ вакилининг таъкидлашича, Ҳиндистон таълим дастурлари бўйича Ўзбекистон билан ҳамкорликни давом эттирмоқда. Бироқ талабалар олий таълим муассасасини танлашга янада жиддийроқ ёндашишлари лозим. Унинг сўзларига кўра, янги ташкил этилган, айниқса, хусусий олийгоҳларга ҳужжат топширмаслик керак, чунки уларда зарур инфратузилма, лабораториялар ёки инглиз тилида дарс берувчи ўқитувчилар етарли бўлмаслиги мумкин.

Бундан ташқари, дипломат чет элда ўқишни режалаштираётган ватандошларига Ҳиндистонда расмий рўйхатдан ўтмаган маслаҳатчиларга мурожаат қилмасликни тавсия этди.

«Ҳиндистонлик талабалар хоҳ ўз ватанида бўлсин, хоҳ Ўзбекистонда, виждонсиз кимсаларнинг қурбонига айланмаслиги жуда муҳим», — деди вазирлик вакили.

Мулозим талабалар Марказий Осиё республикасига фақат талабалик визаси билан боришлари шартлигини қўшимча қилди. Бирор-бир муаммо туғилганда улар ёрдам олиш учун Ҳиндистоннинг Тошкентдаги элчихонасига мурожаат қилишлари лозим.

Шу билан бирга, Жайсвал Ҳиндистон Миллий тиббиёт комиссияси (NMC) хорижда ўқимоқчи бўлган талабалар учун тавсиялар эълон қилганини эслатди. Унда амал қилиниши зарур бўлган қоидалар ва ҳаракатлар тартиби батафсил баён этилган.

«Мамлакатимиз ҳукумати Ўзбекистонга йўл олаётган талабалар NMC талабларига жавоб берадиган сифатли таълим олишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратмоқда», — дея хулоса қилди ТИВ вакили.

Ўтган йилнинг ёзида расмий Нью-Деҳли Ўзбекистондаги айрим олийгоҳлардаги камчиликларни кўрсатиб, огоҳлантириш эълон қилган эди. Хусусан, Ҳиндистон ҳукумати ёшларга Тошкент давлат тиббиёт университетининг Чирчиқдаги филиалида таҳсил олмасликни қатъий тавсия этганди. Бундай институт ва университетларнинг салбий жиҳатлари сифатида таълим стандартларига номувофиқлик, тўлов-контракт нархларининг сунъий равишда ошириб юборилгани ва бошқа омиллар қайд этилганди.

NMC таълим муддати (камида 54 ой), ўқув режаси ва клиник амалиёт бўйича талабларга риоя қилмаслик ачинарли оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирганди. Бунинг оқибатида битирувчи Ҳиндистонда тиббий амалиёт билан шуғулланиш ҳуқуқини қўлга кирита олмайди.

Ўшанда Ўзбекистон томони эътирозларга муносабат билдирганди. Тошкент давлат тиббиёт университети мазкур олийгоҳ халқаро стандартларга тўлиқ жавоб беришини, унинг битирувчилари эса имтиҳонларда юқори натижалар кўрсатаётганини таъкидлаган. Жумладан, ҳиндистонлик талабалар ўз юртида ишлаш ҳуқуқига эга бўлиш учун топшириши шарт бўлган 2025 йилги FMGE (Foreign Medical Graduate Examination) натижаларига кўра, Ўзбекистон 40,37% муваффақиятли кўрсаткич билан дунёда тўртинчи ўринни эгаллаган. МДҲ ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари орасида эса республика биринчи ўринни эгаллаган.

Статистик маълумотларга кўра, 2026 йилда Ўзбекистонда 13 мингдан ортиқ ҳиндистонлик талаба таҳсил олмоқда, бу жами хорижлик талабаларнинг (24,6 минг) 50 фоиздан зиёдини ташкил этади. Уларнинг аксарияти шифокор бўлишга тайёрланмоқда. Таълим муассасалари орасида Тошкент давлат тиббиёт университети ва Самарқанддаги ихтисослаштирилган олийгоҳ оммабоп бўлиб, уларнинг ҳар бирида тахминан 4 минг нафардан ҳиндистонлик таълим олмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ