Тошкент аэропортида божхоначилар хориждан олиб келинаётган янги смартфонларни олиб қўйишни бошлади

Ўзбекистон Божхона қўмитаси матбуот хизмати фотоси

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистонда рўйхатдан ўтмаган, мамлакатга олиб кирилаётган янги мобиль қурилмаларни расмийлаштириш вақтинча тўхтатилди. Ҳозирда бундай смартфонлар зарур техник тартиб-таомилларни амалга ошириш учун олиб қўйилмоқда. Бу маълумотни республика Божхона қўмитаси (БҚ) матбуот котиби Ҳусан Тангриев ўзининг Telegram-каналида тасдиқлади.

Мулозим ушбу чора гаджетларни ноқонуний схемалар ёрдамида, масалан, божхоначиларга сохта IMEI-кодларни тақдим этиш орқали божсиз олиб киришга уринишлар кўпайганлиги сабабли жорий этилганини тушунтирди.

Тангриев келтирган статистикага кўра, йил бошидан буён пойтахт божхона хизмати 1185 та смартфон ва шунга ўхшаш қурилмаларни республикага ноқонуний олиб кириш бўйича 185 та ҳолатга чек қўйди. Товарларнинг умумий қиймати 8,8 млрд сўмни (732 минг доллар) ташкил этди.

Таъкидланишича, IMEI-идентификаторларини, хусусан, кодларнинг айнан битта телефонга тегишлилигини текшириш, шунингдек, ушбу кодлар билан боғлиқ тармоқ инцидентлари юзага келишини аниқлаш махсус билимларни талаб қилади. Бундан ташқари, кўп ҳолларда текширувларни бошқа ваколатли органлар мутахассисларини жалб қилган ҳолда амалга ошириш зарур бўлмоқда.

«Шу боис мобиль қурилмаларнинг IMEI-идентификаторларини текшириш ва уларни рўйхатга олиш тартиб-таомилларига аниқлик киритиш чоралари кўрилди. Вазиятга энг қисқа вақт ичида ойдинлик киритилади ва божхона расмийлаштируви жараёни белгиланган тартибда давом эттирилади», — деб ёзади Тангриев.

Бироқ БҚ вакили гаджетларни бевосита мамлакатга олиб кириш чоғида расмийлаштириш жараёни аниқ қачон қайта тикланишини маълум қилмади.

Қўшимча қилиш жоиз, «Газета.uz» журналистлари билан суҳбатда мулозим ҳозирда йўловчилар хориждан олиб келаётган қурилмалар далолатнома асосида олиб қўйилаётганини тасдиқлади. Гаджетларни идентификация қилиш бўйича божхона тартиб-таомиллари тиклангач, улар эгаларига қайтарилади. Экспертиза қанча вақт давом этишига аниқлик киритилмаган.

Тангриев, шунингдек, тегишли чоралар фақат янги телефонларга тааллуқли эканини ва сайёҳларга дахл қилмаслигини таъкидлади.

Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда Тошкент аэропортида божхоначилар айрим ҳолларда муаммони жойида ҳал қилишни таклиф этаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Яъни, улар янги смартфонни олиб қўйиш пайтида техник тартиб-таомиллар 30 кунгача вақт олиши мумкинлигини, бироқ муайян тўлов эвазига қурилмани тезлаштирилган тартибда расмийлаштириш имконияти борлигини тушунтирмоқдалар.

Масалан, янги русумдаги iPhone’ни олиб кириш учун расмий бож тахминан 150 долларни ташкил этса, божхонадан тезкор ўтиш учун 450 доллар талаб қилинмоқда. Интернет фойдаланувчиларининг маълумотларига кўра, бир сутка ичида гаджетларни расмийлаштириш қурилма нархига қараб ўртача 400 доллардан 1100 долларгача баҳоланмоқда.

Тангриев ўз постида ушбу мавзуга тўхталиб, смартфонларни кўрикдан ўтказмасдан бир кун ичида рўйхатдан ўтказиш учун қўшимча йиғимлар жорий этилгани ҳақидаги даъволарни рад этди. БҚ матбуот котиби фуқароларни фақат расмий манбаларда эълон қилинган маълумотларга ишонишга чақирди. Шунингдек, агар кимдир коррупция ҳолатига дуч келса, 1108 қисқа рақами орқали ишонч телефонига қўнғироқ қилиб, Божхона қўмитаси билан боғланиш зарурлигини таъкидлади.

Мазкур вазиятга гаджет сотувчилари ҳам муносабат билдирди. Хусусан, маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, Тошкентдаги «Малика» бозорида янги смартфонларнинг нархи тахминан 200 долларга қимматлашди.

2025 йил 1 майдан Ўзбекистон шахсий фойдаланиш учун товарларни божсиз олиб киришнинг янги меъёрларини жорий этган эди. Хусусан, ҳаво транспорти орқали келаётган йўловчилар учун 1000 долларлик лимит белгиланган. Шу билан бирга, мобиль қурилмаларни UzIMEI тизимида рўйхатдан ўтказиш учун уларни декларациялаш талаб этилади. Ҳар икки тартиб-таомил ҳам пулли: божхона расмийлаштируви телефон нархининг 30 фоизини, рўйхатдан ўтказиш эса базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 фоизини ташкил этади, бу олиб кирилгандан кейинги 30 кун ичида 88 минг сўмга (7 доллар) ёки кўрсатилган муддатдан кейин БҲМнинг 25 фоизига тенгдир.

Маълумот ўрнида, Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонга 4 миллион дона мобиль қурилма олиб кирилган. Уларни расмийлаштиришдан бюджетга тушган тушумлар 1,6 триллион сўмдан (133 млн доллар) ошди.

  • Нима учун Россиядаги дата — марказларидаги муаммолар Қозоғистондаги одатий сервислар фаолиятини издан чиқариб юборди ва республика бу вазиятдан фойдалана оладими?

  • Эронга МДҲ нима учун керак ва у ЕОИИга қўшилишга тайёрми?

  • 111 та ташкилот Жаҳон банкидан нимани талаб қилмоқда ва бунинг Тожикистонга қандай алоқаси борлиги ҳақида

  • 1916 йилги қўзғолондан Украинадаги урушга қадар