Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси илк бор Россияга имкониятни бой берди

Ўзбекистон — Россия учрашувидан лавҳа. Фото: ЎФА

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз тарихида илк бор Россия термасига мағлуб бўлди. 12 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган ўртоқлик учрашуви 2:3 ҳисобида якунланди. Фабио Каннаваро шогирдлари 2:0 ҳисобида олдинда бораётган эди, бироқ иккинчи бўлимда тўққиз дақиқа ичида ўз дарвозасидан учта тўп ўтказиб юборди.

Учрашувни ўтказиш мақсадга мувофиқлиги интернетнинг ўзбек сегментида қизғин муҳокама қилинди. Айрим мухлислар ФИФА санкциялари остида қолаётган россияликлар билан ўйинга қарши чиқди. Баъзиларни эса Россия терма жамоаси СССР услубидаги либосда майдонга тушиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар ташвишга солди. Бироқ, бундай либос жамоанинг Венесуэлага қарши бўлиб ўтадиган, Никита Симоняннинг 100 йиллигига бағишланган ва ФИФА томонидан маъқулланган кейинги ўртоқлик баҳсида кийилиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) терма жамоалар бўлими бошлиғи Усмон Тошев Россия билан ўйин ўтказиш ташаббуси билан Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро чиққанини маълум қилиб, масала ҳал бўлганини айтган эди.

Ўзбекистонликлар ҳисобни 5-дақиқадаёқ очишди. Бурчак тўпи узатилганидан сўнг россиялик ҳимоячи Виктор Мелёхин тўпни ўз дарвозасига йўллаб қўйди.

Танаффусдан сўнг дарҳол мезбонлар устунликни икки баробарга оширди. 46-дақиқада Швейцариянинг «Лугано» клуби ҳимоячиси Беҳруз Каримов Достонбек Ҳамдамовнинг тўп узатишидан кейин Франциянинг «ПСЖ» клуби дарвозабони Матвей Сафоновни доғда қолдирди. Бу гол Каримов учун миллий терма жамоадаги дастлабкиси бўлди.

Иккинчи бўлим ўрталарида ўйинда туб бурилиш юз берди. 70-дақиқада захирадан майдонга тушган Николай Комличенко орадаги фарқни қисқартирди, беш дақиқадан сўнг эса ўзбекистонлик посбон Владимир Назаровнинг хатосидан унумли фойдаланиб, дублни расмийлаштирди. 79-дақиқада Алексей Миранчук ғалаба тўпини киритди.

Терма жамоаларнинг бундан олдинги тўқнашуви 2022 йил 20 ноябрда худди шундай Тошкентда бўлиб ўтган ва 0:0 ҳисобида якунланган эди. Шу тариқа, россияликлар икки миллий жамоа ўртасидаги иккинчи ўйинда илк ғалабасини қўлга киритди.

ℹ️ 2022 йилнинг февралидан бери Россия терма жамоаси ФИФА ва УЕФА шафелигидаги расмий халқаро мусобақалардан четлатилган. Мазкур қарор ташкилотлар томонидан Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан кейин қабул қилинган эди. Санкциялар туфайли россияликлар 2022 ва 2026 йилги жаҳон чемпионатларини ҳамда 2024 йилги Европа чемпионатини ўтказиб юборди. Шу билан бирга, ушбу чеклов Россия терма жамоаси хорижий рақиблар билан ўтказиб келаётган ўртоқлик учрашувларига тааллуқли эмас.