Россия нефтининг Қозоғистон орқали Ўзбекистонга транзити 20 баробардан зиёд ошди

Фото: sknews.kz сайтидан

2026 йилнинг ўн ойида Россия нефтининг Қозоғистон орқали Ўзбекистонга транзити ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20 баробардан зиёд ошди. Бу ҳақда «ҚазТрансОйл» миллий қувур оператори матбуот хизмати хабар бермоқда.

Январь–октябрь ойларида Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга 81 минг тонна нефть етказиб берилди, 2025 йилнинг шу даврида эса бу кўрсаткич 4 минг тоннани ташкил этган эди. Шу тариқа, ташиш ҳажми 77 минг тоннага ошди.

Шу билан бирга, жорий кўрсаткичлар икки йил аввалги даражадан сезиларли даражада пастлигича қолмоқда. 2024 йилнинг январь–октябрь ойларида Россия нефтининг Ўзбекистонга транзити 217 минг тоннага етган эди. Шундай қилиб, ўтган йилга нисбатан йигирма баробар ўсиш кузатилганига қарамай, ташиш ҳажми 2024 йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 2,7 баробар қисқарган.

Кескин ўсиш, авваламбор, таққослаш базасининг жуда паст бўлгани билан изоҳланади. 2025 йилнинг январь–октябрь ойларида етказиб бериш деярли амалга оширилмаган, транзит фақат йил охирига келиб қайта тикланган эди.

2025 йил декабрида Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи Қозоғистон орқали етказиладиган нефтни қабул қилиш қайта тикланганини эълон қилганди. Ой охиригача корхона 35 минг тонна хомашё олишни режалаштирган эди.

Ўшанда завод матбуот хизмати бозордаги қулай вазиятда йиллик таъминот ҳажми 500 минг тоннага етиши мумкинлигини билдирганди. Қўшимча хомашёдан Ўзбекистон ички бозори учун бензин, дизель ёқилғиси, авиация керосини ва мойлар ишлаб чиқаришни кўпайтиришда фойдаланиш кўзда тутилган эди.

Бироқ амалдаги ташиш ҳажми ҳозирча билдирилган салоҳиятли даражадан анча паст бўлиб турибди. Шу билан бирга, «ҚазТрансОйл» статистикаси 2026 йилда ташилган 81 минг тоннанинг қанча қисми бевосита Фарғона НҚИЗга етказилганини аниқлаш имконини бермайди.

2026 йил январида Қозоғистон Энергетика вазирлиги ҳам Қозоғистон нефтининг Фарғона заводига етказиб берилаётгани ҳақидаги хабарларни рад этган эди. Идора гап Қозоғистон нефтининг экспорти эмас, балки хомашёнинг республика ҳудуди орқали транзити ҳақида бораётганини тушунтирган.

Ўзбекистондан ташқари, «ҚазТрансОйл» Қирғизистонга ҳам нефть транзитини амалга оширди. 2026 йилнинг январь–октябрь ойларида бу мамлакатга 60 минг тонна хомашё ташилди.

ℹ️ Россия нефтининг Қозоғистон орқали Ўзбекистонга транзити 2017 йилда бошланган, бироқ танаффуслар билан олиб борилган. 2019–2022 йилларда таъминот бўлмаган, 2023 йилда унинг ҳажми 154,3 минг тоннани, 2024 йилда эса 225 минг тоннани ташкил этган. Илгари «Фарғона» ёзганидек, 2025 йил декабрида Қозоғистон ойига 35 минг тоннагача бўлган режа билан транзит тикланганини маълум қилган эди. Бунда «ҚазТрансОйл» ҳали 2024 йил январидаёқ йиллик ташиш ҳажмини 550 минг тоннага етказишни мўлжаллаган эди, бироқ бу кўрсаткичга эришиб бўлмади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ