Буюк Британия Қозоғистондаги икки йирик лойиҳа ҳамкори бўлмиш «СИБУР»га қарши санкциялар киритди

sibur.ru сайтидан олинган фото

Буюк Британия 12 ноябрь куни Россиянинг «СИБУР Холдинг» компаниясини санкциялар рўйхатига киритди, дейилади қироллик Ташқи ишлар вазирлиги хабарида.

Мазкур рўйхатдан жами тўққизта Россия ташкилоти ва 10 та кема ўрин олган. Британия ҳукумати маълумотларига кўра, уларнинг барчаси стратегик қазиб олиш тармоғида бизнес юритиб, РФ расмийларидан манфаат кўрмоқда ёки уларга кўмак бермоқда.

Жорий этилган чекловлар компаниялар активларини музлатиш ва Британия юрисдикциясида молиявий операцияларни ўтказишни тақиқлашни назарда тутади. Шунингдек, муайян компанияларга тегишли бўлган, уларнинг назорати остидаги ёки улар томонидан фойдаланиладиган кемалар ва самолётларга нисбатан ҳам транспорт чекловлари амал қилади.

«СИБУР» — Россиянинг энг йирик нефть-кимё холдингларидан бири ҳамда мамлакатда полимерлар ва синтетик каучуклар ишлаб чиқарувчи етакчи корхона ҳисобланади. Аввалроқ холдинг раҳбарлари ва акциядорларининг бир қаторига (хусусан, директорлар кенгаши раиси Леонид Михельсон ҳамда 2022 йилда компанияни тарк этган собиқ бош директор Дмитрий Коновга) нисбатан чекловлар киритилганига қарамай, холдингнинг ўзи санкциялар остида эмас эди.

Қозоғистонда «СИБУР» полимер ишлаб чиқариш бўйича иккита йирик лойиҳада иштирок этмоқда. Биринчиси — Атирау вилоятидаги зарар кўриб ишлаётган Kazakhstan Petrochemical Industries (KPI) заводидир, деб ёзади «Курсив.kz». «СИБУР» корхонанинг 40% улушига эгалик қилади, яна 49,5% «КазМунайГаз»га, 9,5% — «Самрук-Қазина Ондэу»га, 1% эса Almex Plus компаниясига тегишли.

KPI заводи 2022 йил ноябрида ишга туширилган. Унинг лойиҳавий қуввати йилига 500 минг тонна полипропиленни ташкил этади. 2025 йилда корхона 377 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарди, бироқ уч йиллик фаолияти давомида лойиҳавий қувватга чиқа олмади.

Бундан ташқари, «СИБУР» полиэтилен мажмуасини қуриш бўйича «Силлено» лойиҳасида иштирок этмоқда. Россия компаниясининг улуши 30% ни ташкил этади. Яна 30% Хитойнинг Sinopec корхонасига, 29,9% «КазМунайГаз»га, қолган 10,1% эса KMG PetroChem компаниясига қарашли.

Мажмуа Атирау вилоятида барпо этилмоқда. Унинг лойиҳавий қуввати йилига 1,25 млн тонна полиэтиленни ташкил қилади. Вилоят ҳокимлигининг 2026 йил 30 октябрь ҳолатидаги маълумотларига кўра, лойиҳанинг тайёрлик даражаси 40,9% бўлган.

Журналист ва нефть-газ соҳаси эксперти Олег Червинский Британия санкциялари «Силлено» мажмуаси қурилиши тўхтаб қолишига сабаб бўладиган ЕИ ёки АҚШда лойиҳанинг автоматик тарзда блокланишини ҳуқуқий жиҳатдан англатмаслигини ёзади.

Бироқ амалда Лондоннинг санкциялар рўйхатига киритилиши халқаро банклар, суғурталовчилар, логистика компаниялари ва асбоб-ускуна етказиб берувчилар учун жиддий салбий сигнал ҳисобланади.

Журналистнинг таъкидлашича, Атираудаги қўшма лойиҳалар учун бу камида ташқи бозорлар билан ишлашда комплаенс жараёнлари ҳамда ҳисоб-китобларнинг мураккаблашишига олиб келади. Бундан ташқари, Буюк Британия ортидан Брюссель ва Вашингтон ҳам шу йўлдан бориши хавфи сақланиб қолмоқда.

«Ўз вақтида ЛУКОЙЛга киритилган санкциялар Каспийнинг Қозоғистон секторида бошланиш арафасида турган Қаламқас-денгиз/Хазар шельф лойиҳасини барбод қилган эди», — дея эслатади эксперт.

Ўтган йилнинг охирида ЛУКОЙЛ «айрим давлатлар» томонидан жорий этилган чекловлар туфайли хорижий активларини сотиш нияти борлигини маълум қилган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Нима учун Россиядаги дата — марказларидаги муаммолар Қозоғистондаги одатий сервислар фаолиятини издан чиқариб юборди ва республика бу вазиятдан фойдалана оладими?

  • Эронга МДҲ нима учун керак ва у ЕОИИга қўшилишга тайёрми?

  • 111 та ташкилот Жаҳон банкидан нимани талаб қилмоқда ва бунинг Тожикистонга қандай алоқаси борлиги ҳақида

  • 1916 йилги қўзғолондан Украинадаги урушга қадар