Қирғизистонда МХДҚнинг Бишкек бўйича собиқ раҳбари Жақипбековга оид жиноят иши махфийлаштирилди

Элдар Жақипбеков. АКИpress сайтидан олинган сурат

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг (МХДҚ) Бишкек шаҳри бўйича Бош бошқармасининг коррупцияда айбланаётган собиқ бошлиғи Элдар Жақипбековга нисбатан қўзғатилган жиноят иши пойтахтнинг Первомайский туман судига келиб тушди. Материалларга «махфий» грифи берилгани сабабли суд жараёни ёпиқ тартибда ўтади, деб суд вакилларига таянган ҳолда хабар бермоқда Kaktus.media.

Ҳужжатлар Ҳарбий прокуратурадан ўтган ҳафтада келиб тушган. Суд жараёни бошланиш санаси ҳозирча маълум қилинмаган. Шунингдек, айнан қайси маълумотлар сабаб иш махфийлаштирилганига ҳам аниқлик киритилмаган.

Қирғизистон Жиноят-процессуал кодексининг 291-моддасига мувофиқ, ёпиқ суд муҳокамасига, жумладан, давлат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирларни ошкор этишнинг олдини олиш мақсадида йўл қўйилади. Бунда қонунчилик бутун жараённи ҳам, алоҳида мажлисларни ҳам ёпиқ эшиклар ортида ўтказишга имкон беради. Жақипбеков ишида эса, суд хабаридан маълум бўлишича, суд муҳокамаси тўлиқ махфийлаштирилади.

Шу тариқа, жамоатчилик ишнинг кўриб чиқилишини кузатиш, махсус хизматнинг собиқ юқори мартабали ходимига қарши қандай далиллар тўпланганини, эҳтимолий коррупцион схемада яна кимлар иштирок этганини ҳамда унда қайси миқдордаги маблағлар тилга олинганини билиш имкониятидан маҳрум бўлади. Ҳатто қонунга кўра расмийлар томонидан эълон қилиниши шарт бўлган ҳукм ҳам аниқланган ҳолатларнинг батафсил баёнисиз, фақат суд қарори акс этган қисмидагина ўқиб эшиттирилиши мумкин.

Жақипбеков МХДҚ пойтахт бошқармаси раҳбари лавозимидан озод этилганидан кўп ўтмай, 2026 йил 15 февралда қўлга олинганди. Бу воқеа махсус хизмат раиси Қамчибек Ташиевнинг истеъфосидан бир неча кун ўтиб юз берди. Бошқарманинг собиқ бошлиғига Қирғизистон Жиноят кодексининг 336-моддаси 1-қисми («Коррупция») бўйича айблов эълон қилиниб, у қамоққа олинди.

Тергов талқинига кўра, Жақипбеков таркибига МХДҚ ходимлари ва фуқаролар кирган барқарор коррупцион гуруҳ тузган. Улар ўз хизмат ваколатларидан шахсий бойлик орттириш мақсадида фойдалангани тахмин қилинмоқда. Тергов доирасида дастлаб яна беш киши қўлга олинган эди. Хизмат текшируви натижаларига кўра идоранинг олти нафар ходими ишдан бўшатилган, яна олти нафари вазифасидан четлатилган, саккиз нафарига интизомий жазо чоралари қўлланилган. Кейинги ойларда иш бўйича хавфсизлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг бошқа амалдаги ва собиқ ходимлари ҳам ушланган.

Жақипбековнинг исми аввалроқ «Аю» йирик холдинги асосчиси, тадбиркор Шаршенбек Абдикеримовнинг айбловларида ҳам тилга олинган эди. «Фарғона» батафсил ёзганидек, тадбиркор МХДҚ пойтахт бошқармасининг собиқ бошлиғи Ташиевнинг кўрсатмаси билан ўз корхоналарига тазйиқ ўтказганини таъкидлаган.

Абдикеримовнинг сўзларига кўра, 2023 йили махсус хизмат раҳбарининг хонасида кечган музокаралар чоғида компания вакиллари давлатга 20 миллион долларлик активларни топширишга рози бўлган, бироқ Ташиев суммани 30 миллион долларга етказишни талаб қилган. Тадбиркор мазкур талабни бажара олмаганидан сўнг холдинг раҳбарлари ва ходимларини ҳибсга олиш бошланган. Кейинчалик «Аю» мулкининг катта қисми давлат тасарруфига ўтказилган. Ҳукумат активларнинг олиб қўйилишини қонунбузарликлар билан изоҳлаган бўлса, Абдикеримов содир бўлган воқеани бизнесни мажбуран тортиб олиш деб атаган.

2026 йил февралида Ташиев истеъфога чиққач, Қирғизистонда МХДҚ ходимларининг фаолиятини текшириш бошланди. Март ойига келиб Бош прокуратура махсус хизмат вакилларига нисбатан фуқаролардан 386 та ариза келиб тушганини хабар қилди. Аризачилар орасида куч тузилмалари ходимларининг тазйиқи остида корхона ва мулкларидан айрилганини таъкидлаган тадбиркорлар ҳам бор эди.

Абдикеримов баён қилган ҳолатлар Жақипбековнинг жиноят ишига киритилган-киритилмагани ҳозирча номаълум. Суд ёпиқ тарзда ўтказилиши сабабли буни очиқ мажлислар орқали билишнинг имкони бўлмайди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ