Наманган вилояти ҳокимияти 5,4 млрд долларлик инвестиция таклифлари пакетини шакллантирди

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотоси

Наманган вилояти ҳокимлиги умумий қиймати 5,4 млрд доллар бўлган инвестиция таклифлари пакетини тайёрлади. Бу ҳақдаги ҳисоботни тинглаган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев маҳаллий мулозимларга ғояларни аниқ лойиҳаларга айлантириш ва уларнинг амалга оширилиши устидан қатъий назорат ўрнатишни топширди, деб хабар беради давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

Мазкур ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда жорий йил охиригача бўлган прогнозлар тақдим этилди. Жалб этиладиган инвестициялар ҳажми қарийб 5,5 млрд долларга, экспорт эса 1,2 млрд долларга етиши кутилмоқда.

Келгуси йилда ҳудуд иқтисодиётининг 9,5 фоизга ўсишини таъминлаш, хорижий инвестициялар миқдорини 7-8 млрд долларга, маҳаллий маҳсулотларни чет элга етказиб бериш ҳажмини эса 1,3 млрд долларга етказиш режалаштирилган.

Бундай натижаларга эришиш учун йирик лойиҳаларни ишга тушириш зарур. Уларнинг айримлари республика раҳбарига тақдим этилди. Жумладан, Чуст туманида 260 млн долларлик инвестиция ҳисобига тўқимачилик бўёқлари ишлаб чиқариш корхоналари, қиймати 150 млн доллар бўлган чиқиндидан электр энергияси олиш заводи ишга туширилмоқда, шу ернинг ўзида базальтдан иссиқлик изоляцияси материаллари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади — бу лойиҳа 125 млн долларга баҳоланмоқда.

Поп туманида кумуш концентрати, Янги Наманганда эса фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватлари яратилади.

Умуман олганда, вилоят раҳбарияти Янги Наманган шаҳарчасига алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, улар бу ерда 50 минг хонадонга мўлжалланган турар жойлар, инфратузилма ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектлари барпо этилишини кўзда тутувчи қурилиш лойиҳаларини тақдим этдилар. Бундан ташқари, ўнлаб технологик компаниялар жойлашадиган IT-парк ташкил этиш кўзда тутилган.

Қишлоқ хўжалиги соҳаси ҳам кўриб чиқилди. Президент 183 минг гектар ер салоҳиятидан самарали фойдаланиш, маҳсулотларни чуқур қайта ишлашни ривожлантириш ва агросаноат кооперациясини мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлади. Чуст туманининг Олмос шаҳарчасида академия, инновация маркази, саноат парки, логистика ва агротуризмни бирлаштирувчи деҳқончилик мактабини ташкил этиш ташаббуси маъқулланди.

Наманган вилояти туризм соҳасини ривожлантириш бўйича ҳам улкан салоҳиятга эга. Жумладан, 2027 йилдаёқ йилига 1,5 млн сайёҳни жалб этишга мўлжалланган «Арашан» кўп тармоқли мажмуаси фойдаланишга топширилади. Шунингдек, «Қамчиқ» тоғ курортини қуриш режалаштирилган. Бир қатор туманларда меҳмонлар учун махсус ҳудудлар барпо этиш, Чустда эса дўппидўзлик, кулолчилик ва ёғоч ўймакорлиги анъаналари намойиш этиладиган «Ҳунармандлар шаҳарчаси»ни ташкил этиш мўлжалланмоқда. Бундан ташқари, туну кун ишлайдиган кўчалар сони 35 тадан 50 тагача оширилади.

Давлат раҳбари аҳоли бандлиги масалаларига юқори даражада эътибор қаратишни топширди. Хусусан, қарийб 786 минг нафар ёшларни чет тиллари ва талаб юқори бўлган касбларга ўргатиш, вилоятнинг 10 минг нафар аҳолисини Япония ва Германияда юқори маошли иш ўринлари билан таъминлаш, хориждан ватанга қайтган фуқароларга иш топишда кўмаклашиш вазифаси қўйилди.

Мирзиёев мулозимлар саъй-ҳаракатларининг натижаси одамлар ҳаётида ва уларнинг фаровонлигида акс этиши кераклигини таъкидлади. Шу сабабли у Наманган вилояти раҳбарияти олдига вилоят бўйича ўртача даромадни 9,6 млн сўмга ($800) етказиш мақсадини қўйди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ