Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев туркиялик инвесторларни «Янги Тошкент» мегалойиҳасини амалга оширишда фаол иштирок этишга таклиф қилди. Хусусан, гап барпо этилаётган шаҳарда замонавий савдо ва турар жой мажмуалари, меҳмонхоналар қуриш, пулли автомобил йўллари ҳамда логистика марказларини яратиш ҳақида бормоқда. Давлат раҳбари ушбу ташаббусни Бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича Ўзбекистон-Туркия юқори даражадаги кенгашининг биринчи йиғилишида илгари сурди, деб хабар бермоқда унинг матбуот хизмати.
Марказий Осиё республикаси раҳбари Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида 2017 йилдан буён мамлакат иқтисодиёти уч баробар ўсганини, 150 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестициялар жалб этилганини қайд этди.
« Ушбу жараёнда бизга доим елкадош бўлиб келаётган стратегик шеригимиз – Туркия билан ҳамкорлик муҳим ўрин тутади», — дея таъкидлади Мирзиёев.
У вице-президент Жавдат Йилмаз бошчилигидаги нуфузли Туркия делегациясининг Тошкентга ташрифи томонларнинг шерикликни кенгайтиришдан манфаатдор эканидан далолат беришини қўшимча қилди.
Президент «Янги Тошкент» қурилишида иштирок этишдан ташқари самарали ҳамкорлик учун бошқа қатор йўналишларни ҳам белгилаб берди.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ва Туркия кончилик саноати, «яшил» энергетика ҳамда қишлоқ хўжалигида кооперацияни кучайтириши зарур. Масалан, тилга олинган сўнгги соҳада органик ўғитлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, қўшма иссиқхона мажмуаларини яратиш, маҳсулотни етиштиришдан тортиб истеъмолчига етказиб беришгача бўлган ягона қўшилган қиймат занжирини ривожлантириш мақсадида сув тежовчи технологияларни фаол жорий этиш мумкин.
Шу билан бирга, турк компанияларига мисни чуқур қайта ишлаш, электроника, трансформаторлар, маиший техника ва электротехника ускуналари ишлаб чиқариш соҳасида ўзбекистонлик корхоналар билан ҳамкорликни кенгайтириш таклиф этилмоқда.
Шунингдек, автомобилсозлик, сунъий интеллект ва дастурий таъминот, банк сектори каби истиқболли йўналишларда ҳам яқин шериклик ўрнатиш имконияти мавжуд.
Мирзиёев Ўзбекистонда фармацевтика компанияларига Тошкент фармацевтика паркида жиддий имтиёзлар, инфратузилма ва ишлаб чиқариш майдонлари тақдим этилаётганини алоҳида таъкидлади. Бундан ташқари, республика мазкур соҳадаги турк корхоналари учун алоҳида саноат зонаси яратишга тайёр.
У махсус иқтисодий зоналар резидентлари учун инвестициялар ҳажми ва бошқа шартларга қараб 3 йилдан 10 йилгача бўлган муддатга солиқ ва божхона имтиёзлари амал қилаётганини қўшимча қилди. Қолаверса, 2024 йилдан буён Тошкент вилоятида 100 гектар майдонни эгаллаган «Ostim» ўзбек-турк саноат зонаси фаолият юритмоқда. Президентнинг сўзларига кўра, мазкур тажрибани бошқа ҳудудларга ҳам татбиқ этиш режалаштирилган.
Республика раҳбари ҳозир Ўзбекистонда қиймати 8,4 миллиард долларлик давлат активларини хусусийлаштириш дастури амалга оширилаётганини ҳам эслатиб ўтди. Туркиялик ишбилармонлар эса ушбу жараёнда қатнашишлари мумкин. Бунинг устига, муваффақиятли лойиҳалар ҳам мавжуд. Мирзиёев Самарқанд автозаводининг хусусийлаштирилиши, Самарқанд вилоятидаги электр тармоқларини модернизация қилиш ва Бухорода янги аэропорт қурилишини мисол тариқасида келтирди.



