Тошкент вилоятида Қозоғистон билан чегарада жойлашган «Ғишткўприк» чегара божхона пости 25 ноябрь куни очилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Божхона қўмитаси матбуот котиби Ҳусан Тангриев Instagramда маълум қилди.
Мулозимнинг сўзларига кўра, куннинг биринчи ярмида бир қатор расмий тадбирлар режалаштирилган. Хусусан, янгиланган чегара постини фойдаланишга қабул қилиш маросими бўлиб ўтади ва унда ҳар икки қўшни давлат делегациялари иштирок этади.
Шу боис фуқаролар «Ғишткўприк» — «Жибек Жоли» (Қозоғистон томонидан) участкаси орқали чегарани 25 ноябрь соат 16:00 дан бошлаб, яъни очилишнинг расмий қисми якунлангач кесиб ўтишлари мумкин бўлади.
Қўшимча қилиш жоиз, дастлаб Тошкентда «Черняевка» номи билан ҳам танилган «Ғишткўприк» пости ёпилганида Ўзбекистон расмийлари уни тўрт ойда модернизация қилишга ваъда берганди. Аммо якунда таъмирлаш ишлари деярли икки йил давом этди.
Бунда расмийлар муддатларни бир неча бор кечиктирди. Чунончи, жорий йилнинг апрель ойида Қозоғистон Миллий иқтисодиёт вазири Серик Жумангарин чегара постлари фаолияти сентябрда қайта тикланишини таъкидлаган эди. Бироқ сентябрь ойида Ўзбекистон Божхона қўмитаси очилиш яна қолдирилганини хабар қилиб, навбатдаги муддатни эҳтиёткорлик билан 2026 йилнинг тўртинчи чораги деб эълон қилди.
«Ғишткўприк» постини реконструкция қилиш 2022 йил ноябрда бошланганди. Лойиҳага кўра, унинг ҳудудини 1,5 гектарга кенгайтириш, бу эса ўтказиш қувватини автотранспорт бўйича 350 тадан 1000 тагача, жисмоний шахслар бўйича эса 30 мингдан 50 минг нафаргача ошириш имконини бериши режалаштирилган эди. Тўғри, у пайтда ҳукумат таъмирлаш вақтида пост фаолиятини вақтинча тўхтатишни кўзда тутмаганди.
Аммо 2025 йил февралида пост тўрт ойга ёпилиши эълон қилинди. Ўзбекистон Божхона қўмитаси тушунтиришича, бу чеклов ўтказиш пунктидаги кенг кўламли қурилиш ва реконструкция ишларини мантиқий якунига етказиш учун жорий этилган. Хусусан, гап вақтинчалик иншоотларни бузиш, ҳудудни ободонлаштириш ва зарур инфратузилмани барпо этиш ҳақида борган эди.



