Россиянинг «Полярная сова» колониясида узоқ муддатли қамоқ жазосини ўтаётган асли ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳром Ҳамроевга қарши Қуръонни таҳқирлаш билан боғлиқ фитна уюштиришга уринишди. Бу ҳақда худди шу жазони ижро этиш муассасасида сақланаётган Азат Мифтахов сўзлаб берди, деб хабар қилади «Азаттик Азия».
Маҳбуснинг сўзларига кўра, 22 ноябрь куни Ҳамроев сайрдан қайтгач, Қуръондан кимдир бир саҳифани йиртиб олиб, муқаддас китоб ёнига қўйиб кетганини кўрган. Маҳкум бир кишилик камерада сақлангани сабабли бу ерга бошқа маҳбуслар қўйилмайди. Колония ходимлари видеокузатув камералари ёзувларини текширганликлари ва хонада бегоналарни кўришмаганини маълум қилишган. Аммо кейинчалик Ҳамроевга эҳтимолий провокация ҳақида айтиб беришган: назоратчилар Қуръонга етказилган зарарга «террорчи» қандай муносабат билдиришини шунчаки кўрмоқчи бўлишган.
Ушбу ҳодисадан сўнг ҳуқуқ фаолининг камерасида синчковлик билан тинтув ўтказилган. Бундан ташқари, Мифтаховнинг аниқлик киритишича, шу вақт давомида Ҳамроев ювиниш хонасига қамаб қўйилган. Умуман олганда, «Полярная сова»да ички қоидаларга зид равишда тинтувлар маҳбуснинг иштирокисиз ташкил этилади, дея қўшимча қилди у.
Шунингдек, у диабет туфайли Ҳамроевга енгилликлар берилгани — унинг ёнида доимо озиқ-овқат ва ёзув қуроллари бўлиши кераклигини билдирди. Аммо тинтув чоғида уларнинг иккаласи ҳам олиб қўйилган. Бундан ташқари, муассаса ходимлари дори-дармонларни ҳам тортиб олишган, ҳолбуки ҳуқуқ ҳимоячисининг саломатлиги кун сайин ёмонлашмоқда. Доимий назорат қилиниши лозим бўлган юқори қон босимига қарамай, маҳкумга зарур аппаратлар — глюкометр ва тонометрни беришдан бош тортишган.
Мифтахов РФ Ямал-Ненец автоном округи (ЯНАО) апелляция судида ўзининг шикояти кўриб чиқилишидан олдин ушбу далилларни келтириб ўтган. Маҳбус суд мажлисида видеоалоқа орқали иштирок этган. Бироқ у Ҳамроевнинг камерасидаги тинтувлар ҳақида гапириши биланоқ онлайн-трансляция тўхтатиб қўйилган.
Жорий йилнинг май ойида «Полярная сова»да жазо ўтаётган ҳуқуқ ҳимоячисининг соғлиғи жарима изоляторида узоқ вақт сақланиши ва назоратчиларнинг шафқатсиз муомаласи фонида кескин ёмонлашгани маълум бўлган эди. Масалан, Ҳамроев соатлаб озиқ-овқат, сув ва дори-дармонларсиз тик турадиган тор катакда сақланган, бир неча ойлаб қайта-қайта ШИЗОга ташланган, ҳаётий зарур препаратлардан, диабет ва гипертонияни назорат қилиш мосламаларидан маҳрум этилган ҳамда бошқа шу каби қийноқларга солинган.
ℹ️ Баҳром Ҳамроев 1963 йил 12 октябрда Ўзбекистоннинг Бухоро вилояти Ғиждувон туманида туғилган. 1980-йиллар охири ва 1990-йиллар бошида Ўзбекистон «Бирлик» халқ ҳаракати фаоли бўлган. Сиёсий таъқиблар туфайли фаол 1992 йилда ватанини тарк этишга мажбур бўлган.
Ўзбекистонлик Россияга кўчиб ўтиб, у ерда муҳожирлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ихтисослашган. Ўз фаолияти сабабли у Россия ҳукумати томонидан босимларга дучор бўлган. 2023 йилнинг май ойида Ҳамроев терроризмни оқлаш ва террорчилик фаолиятини ташкил этиш айблови билан 13 йил-у 9 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.



