Олмаотанинг Олмали туман суди жамоат арбоби ва блогер Санжар Боқаевни хавфсизлиги ўртача муассасада жазони ўташ шарти билан 10 йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда Ulysmedia.kz хабар беради.
Бундан ташқари, суд Боқаевга ОАВда чиқиш қилиш, мунозараларда қатнашиш ва изоҳ беришни тақиқлади. Фаолнинг жияни Мадияр Қалменов олти йил-у олти ойга озодликдан маҳрум этилди. Видеограф Улан Нусипқожа эса икки йил-у олти ойга озодликни чеклаш жазосини олди.
26 ноябрдаги музокаралар давомида давлат айблови Боқаев учун 12 йил, Қалменов учун етти йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини сўраган эди. Нусипқожага эса прокуратура 2,5 йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланишини илтимос қилганди.
«Одам ўлдирганлик учун бундан камроқ беришади», — дея сўралган муддат ҳақида айтганди Боқаев.
Жамоат арбоби Жиноят кодексининг бешта моддаси: фирибгарлик, пул ювиш, ўғирлик, била туриб ёлғон ахборот тарқатиш ҳамда дарахтларни ноқонуний кесиш бўйича айбланди.
Айблов эпизодларидан бири «КазТрансГаз» АЖ касаба уюшмаси ташкилоти маблағларининг эҳтимолий талон-торож қилиниши бўлди. 2018 йилда компания «Ғарбий Хитой — Ғарбий Европа» халқаро автопойгасини ташкил этган эди. Уни ўтказиш учун касаба уюшмаси орқали 86,8 млн тенге ($190 минг) ажратилган. Ўша пайтда компания бош директори маслаҳатчиси лавозимини эгаллаб турган Санжар Боқаев лойиҳани назорат қилган.
Асосий пудратчи сифатида тергов Боқаевнинг жияни Мадияр Қалменов билан боғлаётган BM Trust компанияси жалб қилинган. Тергов ва прокуратура талқинига кўра, автопойгани ташкил этишда сметалар ошириб кўрсатилган, етказилган зарар миқдори эса 42,2 млн тенгедан ($92 минг) ошган.
Айбловнинг яна бир эпизоди Улкен Алмати (Катта Олмаота) дарёси соҳилбўйини қайта қуриш вақтида гранит плиталарнинг ўғирланиши билан боғлиқ. Прокуратура талқинига кўра, Боқаев 12 та гранит плитани ўғирлаб, уларни қабртош тайёрлаш устахонасига олиб бориши учун Аҳлиддин Ҳамрақуловга пул тўлаган.
Айблов таъкидича, Боқаев видеограф Улан Нусипқожа билан биргаликда жараённи видеога олиб, воқеани гўёки ўғирликни тасодифан пайқаб қолгандек кўрсатиб, изоҳлаб борган. Кейинчалик видео Боқаевнинг Instagram саҳифасида эълон қилинган бўлиб, содир бўлган воқеа учун жавобгарлик пудратчи ташкилотлар ҳамда ҳокимлик мансабдор шахслари зиммасига юкланган.
Прокурорнинг сўзларига кўра, кейинроқ Боқаев ва Нусипқожа Ҳамрақуловни яна жалб қилишган — бу сафар Баум боғидаги дарахтларни ноқонуний кесишни уюштириш учун.
Видеограф ҳали октябрь ойидаёқ айбини тан олиб, собиқ иш берувчисига қарши кўрсатма берган эди. Боқаев ўзига қўйилган барча айбловларни рад этди.
Санжар Боқаев — жамоат арбоби, блогер, рўйхатдан ўтмаган «Namys» рақамли партияси етакчиси. У биринчилардан бўлиб утилизация йиғимига қарши очиқ чиқиш қила бошлаганидан сўнг кенг танилган.
Боқаев турли йилларда Олмаота ҳокимлигининг Ёшлар сиёсати бўйича бошқармаси ҳамда Ички сиёсат бошқармасини бошқарган. «КазТрансГаз» компанияси бошқаруви раиси маслаҳатчиси ва Сенат раисининг жамоатчилик асосидаги маслаҳатчиси бўлган, кейинчалик мебел ишлаб чиқариш билан шуғулланган.
Боқаев АҚШдаги Колумбия университети, Ломоносов номидаги МДУ ва Россия президенти ҳузуридаги Россия давлат хизмати академиясини тамомлаган. У сиёсатшунос, сиёсат фанлари доктори (PhD).
Шунингдек, Боқаев «Nur Otan» партияси Олмаота шаҳар филиали раиси ўринбосари лавозимида ишлаган. 2020 йил ёзида «этика кодекси ва партия уставига риоя қилмагани, шунингдек бадалларни ўз вақтида тўламагани факти» сабаб кўрсатилиб, у ердан чиқариб юборилган.



