Ғамгин кўзли булбул

Тошкентда Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров ҳайкали очилди

16 май куни Тошкент шаҳри марказида «Ўзбек эстрадасининг булбули» – Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров ҳайкали тантанали равишда очилди. Маросимда мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва «Ялла» ансабли раҳбари Фарруҳ Зокиров Ботир Зокиров ҳайкали пойида. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

«Бугун ўзига хос санъат ва маданият байрами. Ушбу қувончли воқеа билан сиз, азизларни, раҳматли Ботир Зокировнинг яқинлари ва мухлисларини, бутун халқимизни самимий муборакбод этаман», — дея давлат раҳбари сўзларини келтиради унинг матбуот хизмати.

Ёдгорлик хонанда таҳсил олган Ўзбекистон давлат консерваторияси жойлашган Ботир Зокиров кўчасида ўрнатилди. 2021 йили консерватория қошида Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада санъати институти ташкил этилди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати
«Энди бу ерда ҳайкал ўрнатилиши мажмуага янада кўрк бағишлади», — дейилади матбуот хизмати хабарида.

ℹ️ Ботир Зокиров 1936 йил 26 апрелда санъаткорлар оиласида туғилган: отаси Карим Зокиров опера хонандаси-баритон, онаси Шоиста Саидова халқ қўшиқлари ижрочиси бўлган.

Ботир Зокиров Тошкент консерваториясида вокал бўлимида таҳсил олаётганида шифокорлар унга ўпка сили ташхисини қўйишади. У Консерваторияни қолдиради ва А. Н. Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик институтининг режиссёрлик бўлимига ўқишга киради. 1957 йили «Ёшлар» ёшлар ансамбли таркибида у Москвада бўлиб ўтган Бутунжаҳон ёшлар ва талабалар фестивалида қатнашади. У ерда Ботир Зокиров илк бор кейинчалик ғамгин кўзли хонанданинг ташриф қоғозига айланган «Араб тангоси» қўшиғини ижро этади.

Зокиров машҳурлик чўққисини забт этади, у Ўзбекистон миллий эстрада санъатининг асосчиси ҳисобланади. У опера арияларини ҳам, халқ қўшиқларини ҳам ижро этган. Озарбайжон, эрон, турк, ҳинд, италян, испан, француз ва бошқа тилларда куйлаган. 29 ёшида Ўзбекистон халқ артисти унвонига сазовор бўлган.

Ботир Зокиров. Видеодан кадр
«Ботир Зокиров умр бўйи янгиликка интилиб яшарди. Шарқ фольклори ва замонавий эстрада санъатини уйғунлаштириб, “Мюзик холл” ижодий жамоасини ташкил этган, хонанда ва композитор сифатида кўплаб истеъдодли ёшларга устозлик қилган. Республикамизда хизмат кўрсатган «Ялла» ансамблининг ташкил топишида Ботир Зокировнинг хизматлари беқиёсдир», — дейилади матбуот хизмати хабарида.

1963 йили Зокировнинг битта ўпкаси олиб ташланади. Шифокорлар унга камида икки йил қўшиқ айтишни тўхтатишни тавсия қилишади. Хонанда уларга қулоқ солади ва илк шеърларини таҳрир қила бошлайди, болалар учун эртаклар туркумини ўйлаб топади, Евгений Шварцнинг «Соя» ва Антуан де Сент-Экзюперининг «Кичик шаҳзода» асарларини ўзбек тилига таржима қилади.

...Ботир Зокиров атиги 49 йил яшади. 1984 йил охирида унга охирги босқичда жигар сиррози ташхиси қўйилган. Хонанда 1985 йил 23 январда Тошкентдаги касалхонада вафот этган. Буюк санъаткор пойтахтнинг Чиғатой қабристонида дафн қилинган.

Тошкентдаги Ботир Зокиров ҳайкали. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати видеосидан кадр

2000 йили Зокиров вафотидан сўнг «Буюк хизматлари учун» ордени, 2021 йили «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланган. 2021 йили хонанданинг 85 йиллиги муносабати билан Ўзбекистонда унинг номидаги миллий мукофот таъсис этилди, у ҳақида ҳужжатли фильмлар, спектакллар яратилди. Президент ҳукуматга Тошкент шаҳрида санъаткорнинг мемориал музейини барпо этиш, эстрада санъати бўйича Ботир Зокиров номидаги халқаро кўрик-танлов ва талабалар учун давлат стипендияси жорий этиш, «ўзбек булбули» ҳақида бадиий фильм яратиш бўйича вазифаларини топширди.