Волонтёр нималарни тарқатиб юрибди

Ўзбекистонда давлат индивидуал хайрия ёрдам фаолиятини назорат остига олмоқда
ТОШКЕНТДА ВОЛОНТЁРЛИК ЁРДАМИНИНГ ТАҚСИМЛАНИШИ . НИКИТА МАКАРЕНКОНИНГ FACEBOOK САҲИФАСИДАГИ ФОТОСУРАТ

Ўзбекистонда 1 апрелдан бошлаб карантин даври давомида муҳтожларга волонтёрлик ёрдами кўрсатиш давлат томонидан назорат остига олинди. Муҳтожларга ёрдам беришни аввалгидек давом эттириш мумкин, аммо бу ишни қилаётган одамлар ҳимоя воситаларидан фойдаланиб, марказлаштириб тузилган рўйхат асосида фаолият юритишлари керак. Эҳтимол бу чора карантинда ўтирганларни инфекция юқтириб олишдан сақлаб қолиши ҳамда сўнгги пайтда етарли даражада кўплиги маълум бўлиб қолган фирибгарларнинг пойқадамини қирқиши мумкин бўлади.

Карантин тартибининг киритилиши кўпчилик оилаларни тирикчилик жиҳатидан оғир аҳволга солиб қўйди. Кунда топадиганини даромад қилаётганлар – официантлар, сартарошлар, киракашлар, хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари, сотувчилар ва кўплаб бошқа тоифадаги ҳунар ва касб эгаларида тирикчиликка деярли ҳеч нарса қолмади. Ота-оналарининг иккови ҳам ишсиз қолган оилаларга ҳамда коронавирусдан аҳолининг энг ҳимояланмаган қатлами – ёлғиз қариялар ва имконияти чекланган ногиронларга айниқса қийин бўлмоқда. Уларнинг озиқ-овқат захиралари ниҳоясига етиб, намат остида яшириб қўйган пуллари тугаса нима қиладилар?

Ижтимоий тармоқларда мушкул аҳволга тушиб қолган муҳтожлардан ёрдам илтижолари кўпайиб кетди. Кимдадир егани озуқаси қолмаган, бошқасида зарур дорилари тугаган, уларни сотиб олиш учун эса пул йўқ, оналар болаларига сунъий сутли озуқа, памперслар сўрашмоқда. Кўп ҳолларда илтимослар муҳтожларнинг ўзидан эмас, балки уларнинг бошқа шаҳарлардаги карантинда уйда ўтирган танишларидан, қариндошларидан ва қўшнилардан келиб тушади, кўпчиликда интернет ва алоқанинг бошқа воситалари йўқ. Боз устига, баъзи қариялар учун бировдан хайр қилишни сўраш жуда ҳам қийин, бунга улар одатланмаган ҳам. Булар учун аҳвол ҳаммасидан оғир.

Ушбу шароитда мамлакатимиз шаҳарларида кенг волонтёрлик ҳаракати бошланди, одамлар муҳтожларга фаол равишда ёрдам кўрсата бошладилар. Кимдир буни бир марта мақсадли равишда амалга оширган бўлса, бошқалари учун яқинларга ёрдам бериш кундалик ҳаёт тарзига айланиб қолди. Волонтёрлар ижтимоий тармоқларда ва мессенжерларда гуруҳларга, ҳамжамиятларга бирлашдилар. Ўзаро мажбуриятларни тақсимладилар: баъзилари ижтимоиий тармоқларда ёрдам сўраганларнинг мониторингини ўтказиб, манзиллар ва ҳарид қилиниши зарур бўлган молларнинг рўйхатини тузган бўлсалар, бошқалари хайрия пулларини тўпладилар, учинчилари керакли озиқ-овқат ва дори воситаларини сотиб олдилар, яна бошқалари эса уларни пакет ва коробкаларга жойлаштириб, манзиллар бўйича етказиб бердилар.

Волонтёрлик ҳаракати эзгу мақсад йўлида минглаб одамларни гуруҳларга бирлаштирди. Биргина Тошкентнинг ўзида бунақанги гуруҳлардан йигирматаси журналист Никита Макаренко тузган рўйхатга киритилган ва улардан бошқа гуруҳлар ҳам бор. “Сделай добро во время карантина” (“Карантин пайтида яхшилик қил!”), “Покиза Инсонлар”, “COVIDaрность”, “Волонтеры по доставке” (“Етказиб бериш бўйича волонтёрлар”), “Водители-волонтеры” (“Ҳайдовчи волонтёрлар”), “Пища Жизни” (“Ҳаёт Озуқаси”) ва бошқалар шулар жумласидандир.

Чеклов чораларининг киритилиши ортидан бу йўналишда иш олиб бориш қийинлаша бошлади. Тошкент, Нукус ҳамда республика вилоятларининг марказларида хусусий автомобилларнинг ҳаракати тақиқланиши билан 30 март кундан бошлаб оёқ-қўллар ипсиз боғланиб қолгандек бўлди. Тошкентда ушбу муаммони эътиборга олдилар ва аввалига вазиятни тўғриламоқчи бўлиб, волонтёрлар гуруҳлари билан иш олиб борувчи координация марказини ташкил қилдилар.

Режага кўра, координация марказлари манзилли ёрдам кўрсатишни ният қилганларнинг мурожаатларини тўплаб, уларни ҳокимиятга топшириши, кейин эса бу ишга ҳокимнинг ўринбосарлари қўшилиши ва волонтёрларнинг ният қилган хайрия ишларини амалга оширишга ёрдам беришлари кўзда тутилган эди.

Бироқ хайрияни етказиб беришдан бошқа муаммолар ҳам мавжуд эди. Таҳлика гуруҳига кирган ва шунинг учун кўчага чиқишлари мумкин бўлмаган одамларга волонтёрлар нафақат озиқ-овқат ва дори-дармонларни етказиб бериши, балки ўзлари билан коронавирус инфекциясини ҳам олиб киришлари хавфи ҳам мавжуд эди. Бундан ташқари, ихтиёрий ва кўнгилли ёрдам мавзуси фирибгарларни оёққа турғизиб юборди: баъзилар пул жўнатмаларини олиш учун мунгли кечинмалар ҳақидаги ҳикояларни иншо қила бошлади, яна бошқалари эса алдов йўли билан қўшимча озиқ-овқат захирасига эга бўлишга уриниб кўрди. Яна бошқа тоифадагилар эса инжиқлик билан тезда ёрдам пакетларини етказиб берилишини талаб қилиб, бу иш билан шуғулланаётганларнинг асабини ўйнатди.

Волонтёрларда фирибгарликларнинг барча ҳолатларини назорат қилишга, ҳаммани ҳамма билани мувофиқлаштиришга ва келаётган ахборотни текширишга имкониятлари йўқ эди. Уларнинг қўлидан келадигани – фуқароларга мурожаат қилиб, “буёғи виждонингизга ҳавола, шундоқ ҳам биз қўлимиздан келган бор ишни қиляпмиз, бундай оғир вазиятдан ўзингизнинг ғаразли мақсадларингизда фойдаланиб, бойлик орттиришга интилманг!” дея чақиришдан бошқа чоралари йўқ эди.

Индивидуал ёрдамга тақиқ

Республика махсус комиссияси 1 апрелдан бошлаб аҳолининг кам ҳимояланган қатламига ва хусусан, кекса ёшдаги қарияларга ёрдам кўрсатиш бўйича индивидуал хайрия акцияларни тақиқлаб қўйди. Кўпинча санитария қоидаларига риоя қилинмаган ва карантин талабларига жавоб бермайдиган ҳолатда ёрдам пакетларини етказиш инфекциянинг кенг равишда тарқалишига олиб келиши мумкин бўлгани учун муҳтожларга – кам таъминланган оилаларга, қарияларга ва ногиронларга ёрдам кўрсатиш ишини давлат ўз назорати остига олишга қарор қилди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги қошида махсус жамғарма ташкил этилди. Тошкентда, Нукусда ҳамда вилоят марказларида Ҳомийлик ёрдамини мувофиқлаштириш марказлари тузилади. Муҳтожлар тўғрисидаги маълумотлар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг вилоят бошқармаларидан келиб тушади. Беминнат ёрдам ушбу марказлар орқали карантин талабларига (махсус либос ва индивидуал ҳимоя востилари билан таъминлнган ҳолда) қатъий риоя қилиган ҳолда амалга оширилади. Пулларни “Меҳр-шавқат ва саломатлик” жамғармасига ўтказиш тавсия қилинади.

Муҳтожларга бевосита ёрдам кўрсатишни истаган барча волонтёрлар ёки нодавлат-нотижорат ташкилотларининг ходимлари яқиндан ҳамкорлик қилишга таклиф этилади.

Тошкентда Ижтимоий ёрдам маркази Ўзэкспомарказда жойлашган. Журналист Никита Макаренко Тошкентда бундан кейин ёрдам бериш қандай амалга оширилишининг алгоритмини таърифлаб берди. Ҳеч ким волонтёрларни жараёндан четлатмоқчи эмас, аксинча давлат уларнинг ёрдамига жуда ҳам умид қилмоқда.

Волонтерлик чақирув маркази (колл-центр). Ёрдамга муҳтож тошкентликлар ва волонтёрлар 1197 рақамига қўнғироқ қилиб боғланишлари мумкин. Никита Макаренконинг Facebook саҳифасидан олинган фотосурат

“Марказда барча маблағлар ҳамда давлат ўз ҳисобидан ёки ҳомийлик ёрдами ҳисобига сотиб олган озиқ-овқат маҳсулотлари ва кундалик эҳтиёж моллари тўпланади. Шундан кейин улар туманлар бўйича тақсимланади. Маҳалла тузган рўйхатларда ноаниқликлар ва ҳатто баъзи жойларда нотўғри бўлиши мумкинлигини ҳамма билади. Шунинг учун ҳам бу ерда маълумотларга аниқлик киритиш ва тўлдириш учун волонтёрлик ёрдами керак бўлади, — дея ёзади Никита Макаренко. – Шундан сўнг товарлар дезинфекция қилинади ҳамда барча хавфсизлик чораларига қатъий риоя қилган ҳолда давлат транспортида муҳтожларга олиб бориб тарқатилади. Жараённинг ушбу босқичида ҳам волонтёрларнинг ёрдами жуда ҳам керак бўлади”.

Муҳтожларга ёрдам бериш бўйича волонтёрлик гуруҳларига бирлашган кўнгиллилар Ўзбекистоннинг деярли барча вилоятларида топилди. “Фарғона” шунақанги бирлашмаларнинг баъзи раҳбарлари билан суҳбатлашиб, улар олдин қандай ишлаб келганлари ҳамда ҳозир давлат хайрия соҳасига назорат органи сифатида кириб келган пайтда нима ишларни қилишни режалаштираётганлари ҳақида сўради.

“Энг аввало шифокорлар ва ҳамшираларнинг оилаларига ёрдам беришга қарор қилдик”

Самарқандликларга ёрдам “Jamoatchilik tashabbusi markazi. Центр общественных инициатив” Telegram-гуруҳи орқали мувофиқлаштириб борилди. Гуруҳни 27 март куни “Ижтимоий дўкон” лойиҳасининг ташаббускорларидан бири Хайрулло Мирсаидов очди. Муҳтожларга текинга кийим-кечак берилиши кўзда тутилган дўконда волонтёрларнинг штаби жойлашган бўлиб, шу ернинг ўзида озиқ-овқат ва керакли буюмлар қабул қилиниб, пакетлар ва коробкаларга жойлаштирилиб, эгаларига жўнатишга тайёрланар эди.

“Мен самарқандликларга “одамларнинг бошига қийинчилик тушган ушбу кунларда муҳтож оилаларги ёрдам бериш керак. Келинглар, бу ишни биргаликда бажарайлик”, — деб мурожаат қилдим. 40 киши келди, бу оз”, — деди Мирсаидов “Фарғона” билан суҳбатда.

Гуруҳ иштирокчилари маҳалла фуқаролар йиғинида, ҳокимиятларда бугунги кунда кўмакка ҳаммадан кўп муҳтож бўлган оилалар ҳақида маълумот тўпладилар. Биринчи навбатда шаҳар касалхоналари ходимларининг олдига бориб, уларга бугунги мураккаб шароитларда ишлаётганлари учун миннатдорчилик билдириб, ширинликлар ва шарбатлар солинган саватчаларни топширдик.

“Биз пандемиянинг биринчи зарбаси ва бутун оғирлиги шифокорларимизнинг зиммасига тушаётганини биламиз. Ўзларининг ҳаётини хавф остига қўйиб, улар бугунги кунда карантинга жойлаштирилган одамлар ва коронавирус билан касалланган беморлар билан битта ҳаводан нафас олишмоқда. Ҳолбуки, тиббиёт ходимларининг ҳам оилалари, фарзандлари, қариндошлари ва дўстлари бор, улар ҳам ўз ҳаётларини ўлим хавфига рўбаро қилишни истамайдилар. Бироқ масъулият ҳисси ҳаммасидан устун туради. Шунинг учун ҳам “Jamoatchilik tashabbusi markazi. Центр общественных инициатив” гуруҳининг биринчи лойиҳаси пандемияга қарши кураш олиб бораётганларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган”, дея изоҳ берди Мамасолиев.

Гуруҳ аъзолари ҳар куни турли манбалардан муҳтожларнинг манзилларини олиб келдилар. Волонтёрлар ҳаммага ҳам етавермагани боис, биринчи навбатда ночор қолган ёлғиз қарияларга, тирикчилик қилишга ҳеч вақоси қолмаган кўп болали оилаларга қарашга тўғри келди. Расмийлар Тошкент, Нукус ва республикамизнинг вилоят марказларида шахсий транспортда ҳаракатланишни тақиқлаб қўйганида эса волонтёрлар бирмунча маъюсланиб қолдилар. Бироқ Самарқанд вилояти ҳокимлиги уларни қўллаб, гуруҳга шаҳар кўчаларида автомобилда ҳаракатланишга рухсат берувчи стикер тақдим этди.

Расмийлар индивидуал хайрия акцияларини тақиқлаб, муҳтожларга кўмак бериш жараёнини назорат остига олганларида ҳам волонтёрларнинг руҳи тушиб кетди. “Ҳаммаси жуда ёмон, — деди улардан бири номи ошкор этилмаслик шарти билан. – Ҳозир биз қўлимизда бор нарсаларни тарқатиб бўлиб, гуруҳимизни ёпиб қўядиганга ўхшаймиз. Биз расмийларнинг кўмак беришига ишонмаймиз. Бизнинг иккита катта ёрдам гуруҳимиз бор эди, аъзоларимиздан бирортаси ҳам бундан кейин кўмак бериш ишини давом этишларига ишонмаяптилар. Волонтёрнинг нимаси волонтёр? Чунки у истаганда ўрнидан туриб, ўзи истаганича ёрдам беришга боради. Энди ёрдам бериш учун кимдандир рухсат олиш керак бўлса ва бу рухсат берувчи ҳокимият бўладиган бўлса, унда биз индамай уйимизда ўтирганимиз яхшироқ”.

«Бугун энди кимга ёрдам берамиз, ойижон?»

Бухоролик волонтёрларни “Бухара группа помощи. Карантин” Telegram-гуруҳидан топишингиз мумкин. У 23 март куни пайдо бўлиб, ўзларининг шахсий маблағларини қариялар ва имконияти чекланган шахсларни қўллаш учун сарфлашга тайёр бўлган одамларни бирлаштирди. Гуруҳ иштирокчилари муҳтож оилаларнинг манзилини топиб, ихтиёрий хайрия пулларига зарур товарларни сотиб олишар эди. Тақиқ қўйилгунига қадар ёрдам етказиб бериш ишлари ҳар куни пайдар-пай амалга оширилар эди.

“Бухоро Telegram-каналларидан бирида бир неча киши муҳтожларга кўмак бериш ишида бирлашишни таклиф қилди ва шунинг ортидан гуруҳимиз пайдо бўлди”, — дея ҳикоя қилади Бухородаги волонтёрлар ҳамжамиятининг номи сир қолишиини истаган муассисларидан бири бўлган аёл “Фарғона” билан суҳбатда.

Муҳтожлар учун озиқ-овқат саватчаси тўплами. Никита Макаренконинг Facebook саҳифасидан олинган фотосурат

У гуруҳнинг фаолларидан бири бўлган Елена Магомедованинг фаолиятини алоҳида кўрсатиб ўтди: “У ўзининг шахсий ибрати билан шаҳарликларни волонтёрлик ҳаракатига қўшилишга илҳомлантиради”.

— Одамлар бизнинг ташаббусимизни кўриб, бир чеккада туриб, карантин туфайли қийин аҳволга тушиб қолган одамларга нисбатан лойқайд бўлиб қолмадилар. Одамларга яхшилик қилиш ҳам ўзига хос юқумли касаллик, — дея қайд этади “Фарғона” суҳбатдоши. Бизга катталар билан биргаликда кичиклар ҳам қўшила бошладилар ва биз бир неча кун ичида ўнлаб оилаларга ёрдам беришга улгурдик. Кимдир пул билан ёрдам берган бўлса, кимдир озиқ-овқат сотиб олиб берди, бошқа кимдир эса бизнинг фаолиятимизга бошқа одамларни жалб қилишга ёрдам берди. Болаларим ҳам ёрдам бериш ишидан четда қолмаяпти, ҳар куни эрталаб туриб, “бугун кимга ёрдам бергани борамиз, ойижон?” деб сўрашади.

Бухородаги бошқа волонтёрлар гуруҳларнинг номи – “Уйда қолинг, биз ёрдам берамиз” (“Мы поможем, пока вы дома”) бўлиб, “Потребитель Бухара плюс” ҳамжамияти администраторларининг ташаббуси билан тузилган. Мамлакатда карантин эълон қилинганидан бери гуруҳ юздан зиёд оилаларга ёрдам беришга улгурди.

“Бизга жуда ҳам кўп одамлар ёрдам сўраб мурожаат қилдилар. Биз қийин молиявий аҳволга тушиб қолган одамларга ёрдам бердик. Булар асосан ёлғиз оталар бўлиб, карантин туфайли ишсиз қолиб, уйда ўтиришга мажбур бўлган одамлар эди. Асосан озиқ-овқат билан ёрдам берамиз ва ким бизга ёрдам сўраб мурожаат қилган бўлса, ўшаларга олиб бориб берамиз”, — дейди гуруҳ администратори Оксана. Сўровчилар орасида ёрдамга чинакамига муҳтож бўлмаган одамларни аниқлаш учун волонтёрлар қўллари етган пайтда аризачи истиқомат қиладиган маҳалла фуқаролар йиғини идорасига қўнғироқ қилиб, маълумотларга ойдинлик киритар эдилар.

Махсус пластик карта ҳисобига тушган хайрия пулларига ёрдам саватчалари терилиб, муҳтожларнинг манзилларига етказиб бериларди. “Гуруҳимизда ёрдамчилар жуда кўп, шунинг учун улар орасида бажариладиган ишлар ва вазифаларни ўзаро тақсимлаб олганмиз”, — дея давом этади “Фарғона” суҳбатдоши. Волонтёрлар келиб тушган сўровларни ҳисобга олган ҳолда озиқ-овқат пакетларини тўлдириб, жўнатмаларини ҳайдовчилар орқали етказишар эди.

Оксанага кўра, Бухорода муҳтожларга ёрдам беришга тайёр одамлар жуда кўп бўлишига қарамай, уларнинг сони кун сайин ошиб бормоқда.

“Бир аёл бор, у бировнинг хайрияси қўшилмаган, фақат ўзининг пулларига озиқ-овқат сотиб олиб, керакли манзиллар бўйича тарқатиб чиқди. Яна мисол учун, жуда фаол қиз бор, исми Рушана. У ҳомийларни қидириб топади, озиқ-овқат пакетларини олиб бориб беради, ҳайдовчиларни ва бошқа ёрдамчиларни излаб топади. Ҳайдовчиларимиз – Ботир, Собир, Алихон – улар ҳам ёрдамга келишга тайёрлар. Битта иштирокчимиз бор, у ўзи гуруҳимизни топиб, индамай муҳтож одамларнинг манзиллари рўйхатини олиб уларга ёрдам кўрсатиб келади, — дея санаб кетади волонтёр суҳбатдошимиз. – Ростини айтсам, мен ҳамшаҳарларимиздан бунақанги фидоийликни кутмаган эдим. Қаҳрамонларимиз плащ кийишмаган, улар тиббий ниқоб тақиб юрадилар. Улар ўзларининг номлари ошкор бўлишини истамайдилар, бироқ мен гуруҳимизнинг бошқа аъзолари – Елена, Суннат, Анна, Ирина, Гуля, Азиза, Алижон ва Сергейларга алоҳида ташаккур айтишни истардим”.

“Фарғона” индивидуал хайрия тақиқ оситига олинганидан кейин кўмаклашув гуруҳларнинг бундан кейинги тақдири нима бўлиши ҳақида қизиқиб сўради.

Айни пайтда худди шу масалани ҳал қилиш устида ишлаяпмиз. Биз кўмак бериш ишини бундан кейин ҳам давом эттириш ниятидамиз, бироқ энди фаолиятимизни мувофиқлаштириш марказининг назорати остида, санитария-эпидемиология меъёрларига тўлиқ риоя қилган ҳолда амалга оширамиз. Расмийлар бизга ёрдам берадилар деб умид қиламиз.

Тадбиркорлар ёрдами

Korzinka.uz супермаркетлар тармоғи тайёрлаган ёрдам пакетлари . Никита Макаренконинг Facebook саҳифасидан олинган фотосурат

Муҳтожларга хайрия кўрсатиш лойиҳаларига тадбиркорлар ҳам қўшилдилар. Korzinka.uz супермаркетлар тармоғи муҳтожларнинг манзиллари бўйича ўзининг дўконлари жойлашган маҳаллаларга озиқ-овқат ва дезинфекция воситалари билан тўлдирилган минг дона ёрдам пакетларини жўнатиб юборди. Қаршидаги “Ҳаёт қувончи” ресторанининг эгаси “Нуристон” маҳалласида жойлашган кўпқаватли уйларда истиқомат қиладиган 300 та оилага озиқ-овқат тўплами ва медицина ниқобларини тарқатиб чиқди. Siberian wellness компанияси “Пища Жизни” (“Ҳаёт Озуқаси”) волонтёрлик гуруҳи билан биргаликда 180 та озиқ-овқат пакетларини кам таъминланган ва кўп болали оилаларга тарқатди ҳамда бошпанасиз қолган одамларнинг манзилига озиқ-овқат етказиб келиб, текинга иссиқ овқат таёрлаб тарқатди. Тошкентдаги Les Ailes ва Chopar Pizza ресторанлари тармоғининг эгаси Аҳмад Мелибоев коронавирус инфекциясини аниқлаш ва беморларни даволаш билан шуғулланаётган медицина ходимларига бепул овқат етказиб беришини эълон қилди. Тошкентнинг Яшнаобод туманида жойлашган “Армянский Дворик” ресторани ёлғиз пенсионерларга ҳамда карантин даврида ишсиз қолган ёлғиз оналарга бепул тушлик овқатларни етказиб беришни ташкил қилди.

“Таомномага мисол учун, котлетлар, қовурдоқ, қийма қўшиб қовурилган макарон (макароны по-флотски), салатлар, нон ва ичимликлар киритилган, — дея санаб ўтди ресторан директорларидан бири “Фарғона” билан суҳбатда. – Агар бирор киши бир неча марта ҳам сўраса ҳам, биз йўқ демаймиз”.

Муҳтожлар ҳақидаги маълумотни муассаса Facebook ижтимоий тармоғидан қидириб топади, уларнинг яшаш манзиллари ёндашган ҳудудда жойлашган маҳалла фуқаролари йиғини идорасидан олинади.

“Биттагина муаммоимиз бор, у ҳам бўлса, озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олиш ва эгаларига етказиб бериш учун автомобилда шаҳар кўчаларида ҳаракатланишга рухсат берувчи стикерни олиш қийинлиги. Ҳозир биз озиқ-овқат пакетларини пиёда етказиб беряпмиз, баъзи оилалардан эса болалар ва набираларнинг ўзлари келиб олиб кетишяпти”, дейди суҳбатдошимиз. Аммо бу суҳбатимиз индивидуал хайрияга тақиқ қўйилишидан олдин бўлиб ўтганди.

Афтидан давлат бизнес томонидан амалга ошириладиган хайрия ёрдамини ҳам ўз назорати остига оладиганга ўхшаяпти.

Лолита Юлдашева

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ