Сурхондарё вилоятининг Термиз туманидаги «Зумола» ёдгорлиги ёнида археологлар қазишма ишлари чоғида Кушон давлати даврига мансуб дон омборига дуч келдилар. Бу ҳақда Маданият вазирлигининг матбуот хизмати хабар беради.
Объектни биринчи бўлиб шу ерлик фермер топади ва Термиз археология музейи маъмуриятини бундан хабардор қилади.
Мутахассислар қазиш ишларини олиб бориб, 36 квадрат метр майдонда 22 дона дон сақлайдиган идишни топадилар. Ҳозирда археологлар ушбу ҳудудда қазишма ишларини давом эттирмоқдалар.
Ўтган йили ёзда Тошкентда «Кушон ҳазинаси» кўргазмаси ўтказилди. Унда Кушон империяси даврига хос ноёб буюмлар намойиш этилди. Жумладан, кенг оммага 1972 йили Сурхондарёнинг Далварзинтепа ҳудудида академик Э.Ртвеладзе бошчилигидаги бир гуруҳ археологлар топган олтин буюмлар намойиш этилди.
Кушон давлати Марказий Осиё, Афғонистон, Покистон ва Шимолий Ҳиндистон ҳудудларини бирлаштирган қадим улкан давлат ҳисобланиб, у эрамиздан аввал 105-250 йиллари гуркираб яшнаган. Империя Рим, Эрон ва Хитой билан дипломатик алоқалар ўрнатган. Кушон давлати ҳудудида 60 миллион одам яшаган ва улар ўша даврда яшаган дунё аҳолисининг 20 фоизини ташкил этган.