Жапаров Қирғизистонда тарихий биноларни бузиш ва хусусийлаштиришни тақиқлади

Садир Жапаров. Қирғизистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Қирғизистон президенти Садир Жапаров махсус рўйхатга киритилган меъморий тарихий-маданий мерос объектларини бузиш, хусусийлаштириш ва хусусий мулкка ўтказишни тўғридан-тўғри тақиқловчи фармонни имзолади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Фармонда биринчи навбатда сақлаб қолиниши ва давлат тарихий-маданий экспертизасидан ўтказилиши лозим бўлган тарихий бинолар рўйхати тасдиқланган. Ушбу рўйхатга киритилган объектларни сотиш, айирбошлаш, гаровга бериш, устав капиталига киритиш, шунингдек, кейинчалик сотиб олиш шарти билан ижарага бериш тақиқланади. Бундан ташқари, биноларни республика аҳамиятига эга тарих ва маданият ёдгорликларининг Давлат рўйхатидан чиқариш, уларнинг муҳофаза тоифасини ўзгартириш, демонтаж қилиш ёки бошқа жойга кўчиришга йўл қўйилмайди.

Ҳужжатда авария ҳолатидаги биноларнинг мақомига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган. Бундан буён техник ҳолатнинг қониқарсизлиги ёки сейсмик барқарорлик талабларига мувофиқ эмаслиги объектни тарихий-маданий қийматини йўқотган деб топиш ва кейинчалик бузиш учун асос бўла олмайди. Биноларни бузиш ўрнига авария ҳолатининг олдини олиш ишларини амалга ошириш, консервация қилиш ва реставрациядан ўтказиш белгиланган.

Сейсмик мустаҳкамлашни ҳам ўз ичига олган ҳар қандай таъмирлаш ва реставрация ишларига фақат келишилган илмий-лойиҳа ҳужжатлари мавжуд бўлганда ва давлат тарихий-маданий экспертизасидан ўтилганидан кейингина рухсат берилади. Бунда биноларнинг тарихий қиёфаси — фасадлари, материаллари ва меъморий элементлари сақлаб қолиниши шарт.

Фармон билан муҳофаза қилинадиган ҳудудлар ва уларнинг муҳофаза зоналари доирасида ер участкаларини ажратиш ҳамда янги қурилиш учун рухсатномалар бериш тақиқланади. Фақат тарихий ёдгорликларни сақлаб қолишга қаратилган ишлар бундан мустасно.

Вазирлар Маҳкамасига рўйхатга киритилган объектларни хатловдан ўтказиш, уларнинг мулкдорлари ёки балансида сақловчи ташкилотларни, ҳуқуқий мақоми ва техник ҳолатини аниқлаш, шунингдек, муҳофаза мажбуриятлари мавжудлигини текшириш топширилган. Республика аҳамиятига эга ёдгорликлар давлат мулкини хусусийлаштириш дастурларидан чиқарилиши керак.

Кўзда тутилган чора-тадбирларни молиялаштириш республика бюджети ва қонун билан рухсат этилган бошқа манбалар, жумладан, тарихий-маданий объектларни сақлаш ва реставрация қилиш бўйича жамоат фонди маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.